Меню
Қашқадарё
ОҚ ОЛТИНДАГИ "ДОМ"ЛАР МУАММОЛАР ГИРДОБИДА ҚОЛГАН. АММО АҲОЛИНИНГ ДАРДИГА ҲЕЧ КИМ ҚУЛОҚ СОЛМАЯПТИ
Муаммо, мулоҳаза, муносабат
Кўп квартирали уй ўз номи билан кўп квартирали-да. Унда ҳовлидаги каби ортиқча жой йўқ, киши ўзи учун қўшимча қулайликлар яратиб ололмайди. Шу боис ҳам бундай уйларда табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, иссиқлик тизими, канализация тармоқлари марказлашган ҳолда йўлга қўйилган бўлсагина, уларда яшаш учун муносиб шарт-шароит бор, деб айтиш мумкин. Акс ҳолда бу ерда яшовчиларга жуда қийин бўлади.
Нишон тумани Оқ олтин маҳалласи ҳудудидаги кўп квартирали уйларда яшовчилар бу азобни жуда яхши билади.
Аҳолининг таъкидлашича, бу ердаги 8 та икки қаватли, жами 96 та хонадонга мўлжалланган уй ўтган асрнинг 70-80 йилларида қурилган. Қарши чўли ўзлаштирилиши муносабати билан вилоятнинг турли ҳудудларидан колхозда ишлаш учун келган кишилар шу уйларда яшай бошлашган. Аввалига бу уйлар атрофи озода, хонадонларда яшаш учун керакли шароитлар мавжуд бўлган. Бугунги кунда эса четдан қараган киши ниҳоятда таъмирталаб бўлиб қолган бу биноларда биров яшашига ҳам ишонмайди.
- Биз иссиқлик тизими, марказлашган сув ва газ тармоқлари ҳақида орзу ҳам қилмай қўйганмиз, - дейди шу ерда яшовчи кишилар. - Оддий канализация ҳам йўқ. Натижада ҳамма ўз билганича иш кўриб, тўғри келган жойдан ҳожатхона, тандирхона, сув ҳовузлари қуриб олишган. Агар бир жойда ёнғин чиққудек бўлса, ўт ўчириш машинаси умуман кириб келолмайди. Қор-ёмғир сувлари чиқиб кетадиган йўллар ҳам ёпилиб қолган. Баъзи уйларнинг ертўласида сув кўллаши оқибатида деворлар ёрилиб, яшаш учун жуда хавфли ҳолатга келиб қолган. Лекин дардимизни биров тингламайди.
Дарҳақиқат, бу уйларни кўздан кечирар экансиз, уларни сақлаш, таъмирлаш, биноларга хизмат кўрсатиш, атрофни ободонлаштириш билан боғлиқ ҳеч қандай тартиб-таомилларга амал қилинмаётганининг гувоҳи бўласиз. Кимнинг хаёлига нима келса, шуни қилмоқда.
Масалан, биров қўшниларнинг норозилигига қарамай, кўп квартирали уй "подвал"ида товуқ, мол боқаётган бўлса, яна кимдир ертўлани сомонхонага айлантирган. Бошқа бири эса икки қаватли "дом" ёнгинасидан баланд қилиб хусусий бино қурмоқда. Натижада автомобиль ўтиб-қайтиши мумкин бўлган йўлак ёпилиб қолган.
- Ўзи шундоқ ҳам қиш бўйи томдан чакка ўтиб, зах хоналарда жон сақлаб чиқамиз, - дейди шу уйда яшовчи Раъно Узоқова. - Энди ёғингарчилик кунлари бу бино томидан тушган сув ҳам тўппа-тўғри келиб, ертўлага оқади. Чунки том шундай ёпилмоқдаки, сув чиқиб кетадиган бошқа ер йўқ. Айтдик, гапимизни тинглашмади. Маҳаллага чиқдик, фойдаси бўлмади. Ҳамма ўз билганича иш кўрмоқда. Кеча бир қўшнимиз "дом"нинг олдида ҳожатхона қуришни бошлабди. Яна икки томонидан иккита қўшнининг тандири турибди. Кўчабошини чақириб, қўшнилар жанжаллашиб ишни тўхтаттирдик.
Аёлнинг таъкидлашича, буларнинг ҳаммасига сабаб - бу ердаги аҳволни масъуллар бутунлай унутиб қўйишгани. Туман ҳокимлиги, масъул ташкилотлар томонидан озгина эътибор қаратилса, "дом"ларнинг ҳеч бўлмаганда том қисми, ташқи фасади янгилаб берилиб, атрофдаги ноқонуний қурилишлар бузиб олинса, бу жойларга ҳам бироз бўлса-да файз кирарди. Шунда аҳоли ҳам ўз билганича иш кўрмасди. Ҳозир уйлар бутунлай қаровсиз қолган. Одамларнинг мавжуд шарт-шароитдан нолиб, масъул ташкилотларга қилаётган мурожаатларидан эса фойда йўқ. Ҳатто хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ҳам ишламайди.
- Тўғри, бир неча йил олдин ушбу уйларга хизмат кўрсатиш учун хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатини ташкил этгандик, - дейди шу ерда яшовчи фуқаролардан яна бири Ўктам Тоғаев. - Ширкат раҳбари ҳам ўзим эдим. Аммо ишлаш жуда қийин бўлди. Сабаби, бу ерда сув, иссиқлик манбаи, канализация тармоқлари йўқ. Газ келмайди. Чиқинди ҳам ташиб кетилмайди. Шундай бўлгач, аҳолининг ширкатга иши кам тушади, тўловларни ҳам қилишмайди. Уйни таъмирлаш учун деб пул йиққанимиз билан, бу ширкатнинг харажатларини қопламайди. Шу боис фаолиятни тўхтатганмиз. "Дом"ларимизнинг аҳволи ҳақиқатан ачинарли. Битта кўп квартирали уйимиз техник авария ҳолатига тушиб қолган. Шунга қарамай, у ерда одамлар яшаяпти.
Бугун Президент томонидан жойлардаги раҳбарлар олдига қўйилаётган энг муҳим вазифалардан бири одамларга муносиб турмуш шароити яратиш, оилалар фаровонлигини таъминлашдан иборат. Аммо Оқ олтиндаги ҳолат Нишон тумани ҳокимлиги мутасаддиларининг эътиборидан анча четда қолган кўринади. Бундан кейин ҳам яқин йиллар ичида бу уйлар таъмирланиши, атрофи ободонлаштирилиб, коммунал хизматлар кўнгилдагидек йўлга қўйилишига шубҳамиз бор. Боиси, мақолани тайёрлаш жараёнида балки ушбу уйларни таъмирлаш ҳам туман ҳокимлигининг галдаги режасида тургандир, тез орада Оқ олтинда ҳам катта ўзгаришлар қилиниб, шарт-шароитлари яхшиланиб қолар, деган фикр билан туман ҳокимлигининг қурилиш бўлими мутахассиси Исмат Мейлиев билан телефон орқали боғландик. Аммо билганимиз шу бўлдики, бу ерда таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши ҳали бирорта дастурга киритилмаган.
Ж.БОЙМУРОДОВ