Меню
Қашқадарё
ОҒИРРОҚ БЎЛИНГ, РАИС БУВА!
Муаммо, мулоҳаза, муносабат
Хабарингиз бор, Президент фармонига асосан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида аъзолари сони 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилага бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Бу ўринда моддий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириш ва моддий ёрдам пулларининг адолатли тақсимланишини таъминлаш ҳар жиҳатдан маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари зиммасига тушиши аниқ эди ва шундай ҳам бўлди. Боиси, маҳалладаги ҳолатни, оилаларнинг айни вақтдаги моддий аҳволини улар ҳаммадан яхшироқ билишади.
Аммо кўпгина ҳудудларда маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари томонидан шакллантирилган ана шу рўйхатлар турли мунозаралар, норозиликларга сабаб бўлгани ҳам сир эмас. Таҳририятга ҳам бу борада кўплаб мурожаатлар бўлди. Уларнинг бири Қамаши тумани Ғиштли маҳалла фуқаролар йиғини Халқобод қишлоғида яшовчи 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган Нодира Сафаровадан келди.
- Аввал 2-гуруҳ ногирони эдим, - дейди аёл. - Уч йил бурун автоҳалокат сабаб жуда оғир кунларни бошдан кечирдим. Ҳозир икки қўлтиқтаёқда базўр ҳаракатланаман. 1-гуруҳ ногирониман. Турмуш қурганим йўқ, отамдан қолган ҳовлида ёлғиз ўзим яшаб келаяпман. Укам узоқ йиллардан буён Тошкент шаҳрида яшайди. Ўзаро келишмовчилик сабаб оиласи билан ажрашган - расмий эмас, суд қарори йўқ, аммо қарийб бир йилдан буён бирга яшамайди. Шундай бўлса-да, уч боласи учун ойма-ой алимент пулини тўлаб келаяпти. Ўзидан орттириб менга бир сўм ҳам ёрдам қила олмайди. Тўғри, ўзим 800 минг сўмдан кўпроқ ногиронлик нафақаси оламан, лекин автоҳалокатдан сўнг жуда кўп даволандим, ҳозир ҳам ҳар ойда бир марта Самарқанд шаҳрига бориб, тиббий кўрикдан ўтишим керак. Шунинг ўзига бир миллион сўм кетади. Моддий етишмовчиликдан жуда қийналиб кетдим. Лекин шу вақтгача бирор маротаба маҳаллага бош эгиб борганим йўқ эди. Яқинда бошқа иш билан бордим. "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларга бепул озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилаётган экан. Маҳалла раисига ҳазиллашиб "Нурали, менинг ҳам улушимни беринглар, олиб кетгани келдим" дедим. У эса "Сизга нима етишмайди, ногиронлик нафақаси оласиз, 30 сотих томорқангиз бор" дея жеркиб ташлади. Кўпчиликнинг олдида изза бўлиб, ортга қайтдим. Шундан сўнг икки маротаба оиламизга таниш бўлган иккита тадбиркор йигит хайрия ёрдами сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари келтириб беришди. Маҳалладан эса ҳеч қандай ёрдам олганим йўқ. Президентимиз фармони билан ногиронлиги бўлган, кам таъминланган оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилаётганини эшитиб, пул ниҳоятда зарурлиги учун маҳалла идорасига бордим. Бу сафар ҳам мени кўриб раиснинг жазаваси тутиб кетди. "Сен ногиронлик нафақаси оласан, томорқанг бор, укангнинг қарамоғидасан", деган гапларидан тўйиб кетдим. Ахир 1-гуруҳ ногирониман. Ота-онамдан қолган томорқа бўлгани билан уни ишлата олмасам, даромад кўрмасам, укам эса Тошкентда яшаса, ногиронлик нафақам ойига бир маротаба тиббий кўрик учун бориб-келишимга етмаса, қандай қилиб эҳтиёжманд бўлмай? Нега шунча одам олаётган пулни маҳалла менга бермаяпти?
Мурожаатни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида маҳалла идорасига йўл олдик. Ғиштли МФЙ раиси Нурали Саломов билан учрашиб, вазиятга изоҳ сўрадик. Раис бизни обдан тинглагач, шундай деди:
- Ўша аёлнинг ўзини газетага танқид қилиб чиқариш, қилмишларини очиб ташлаш мумкинми?
- Сиз қандай қилмишлар ҳақида гапираяпсиз?
- Мана, ногиронлик нафақаси олади, ҳар ой мурувват уйидан ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари беришади. Яна бир марталик моддий ёрдамга ҳам кўз тикиб ўтирибди. Рўйхатга киритмагандик, ҳамма жойга ёзиб юрибди. Одамда инсоф ҳам бўлиши керак-да. Ундан бошқалар ҳам бор. Пандемия даврида ишини йўқотиб, бир тийинга зор бўлиб ўтирган оилалар бор. Ўшаларни киритганман рўйхатга. Ўша моддий ёрдамни ҳам 3 та боласи билан қийналиб ўтирган келинига ёзганмиз. Бир оиладан бир кишига ёздик.
- Укаси Тошкент шаҳрида яшар экан. Қонуний тартибда қарамоғига ҳам олмаган, ёрдам ҳам бермас экан. Қолаверса, сиз оиладан бир кишига - келинига моддий ёрдам ёздик, деяпсиз. Лекин келини бирга яшамас, ажрашган экан-ку?
- Ҳа, шу опанинг ўзи сиғиштирмаган келинни. Кун бермаган, шу сабаб отасиникига кетиб қолган. Буни маҳаллада ҳамма билади. Бошқа ака-укалари билан ҳам чиқишмагани сабаб, келиб хабар олишмайди.
Қарасак, раис асл муаммо қолиб, бошқа масалага ўтиб кетадигандек. Шу боис бу борадаги баҳсларни тўхтатиб, маҳалла фаоллари, оқсоқоллари иштирокида бизга мурожаат этган аёл яшаётган хонадонга йўл олдик. Яна тортишув, мунозара, "ёзасан, ёзмайман"лар бошланиб кетди. Шу ерда маҳалла раиси билан ушбу аёлнинг қўшни эканлигини ҳам билдик. Гап-сўзлар, тортишувлардан улар ўртасида аввалдан қандайдир келишмовчилик ҳам бўлгандек туюлди бизга. Аммо барибир кўпчиликнинг маслаҳати билан раис Нодира Сафаровани навбатдаги моддий ёрдам олувчилар рўйхатига киритадиган бўлди.
Мана, мунозарага сабаб бўлаётган ҳолат ҳақида ўқидингиз. Энди ўзингиз ўйланг, бу вазиятда фуқаронинг моддий ёрдамга эҳтиёжи йўқ деб айтаётган маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари ҳақми ёки моддий томондан қийинчиликка дуч келганини таъкидлаётган мурожаатчи? Бизнингча, бирор-бир аниқ хулоса айтиш қийин. Чунки моддий ёрдам бериш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашнинг аниқ бир тартиби йўқлиги натижасида, маҳалла масъуллари кимни лозим кўрса, кимни эҳтиёжманд деб билса, шуни "темир дафтар"га киритиб қўяётгани мана шундай тортишувларга, мунозараларга сабаб бўлмоқда. Токи тизимдаги шу каби бўшлиқлар тўлдирилмас экан, юқоридаги каби норозиликлар давом этаверади.
Маҳалла раисига эса айтар гапимиз битта: оғирроқ бўлинг, раис бува! Зеро, бундай вақтларда маҳалла раисининг салоҳияти кўпнинг кўнглига йўл топиб, муаммони босиқлик, мулоҳазакорлик билан ҳал эта билишида, вазиятни, ҳолатни одамларга тўғри тушунтира олишида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар сизни маҳаллага бош, оқсоқол этиб сайлашган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.