Меню
Қашқадарё
ОҲАНГЛАР ОҒУШИДАГИ ОРЗУЛАР
Фортепьянода мусиқа ижро этишни кўпчилик ўта мураккаб, ўрганиш учун йиллар талаб этиладиган иш деб билади. Бу – тўғри. Аслида ҳеч бир иш, ҳеч бир ҳунар осонгина эгалланмайди, то уни қиёмига етказгунча одам неча марталаб чиғириқдан ўтади, қийналади, заҳмат чекади. Лекин бу заҳматларнинг охири ҳамиша ширин, тотли. Буни яккабоғлик ака-сингил мусиқачилар – Аҳрор ва Моҳидилдан сўраш керак.
- Фортепьянони чалишни энди-энди ўрганаётган вақтларимда, фақат бир хил оҳангларни чалаверсам керак, қачон катта мусиқачилар сингари асар ижро этарканман, деб ўйлардим, - дейди Аҳрор. – Ноталарни ажратиш, оҳанг ҳосил қилиш учун жуда кўп машқ қилиш кераклигини ўшанда тушунмаганман. Рост-да, четдан қараб турган одамга худди мусиқа ўз-ўзидан пайдо бўлаётгандек туюлади. Аслида бунинг ортида катта машаққат ётишини кейин билдим.
Яккабоғ туманидаги 18-Болалар мусиқа ва санъат мактабига илк марта олиб боришганида Аҳрор турли-туман мусиқий созларга қизиқиб қараган, каттакон пианино ёнида ўтириб, бироз бўғиқ оҳанг таратиб, жуда таъсирли куй чалаётган ўқитувчининг бармоқларидан кўз уза олмай қолганди. Бу эса унинг фортепьяно синфига ўқишга қабул қилинишига туртки бўлди.
- Аҳрор мусиқа мактабига қатнай бошлаши билан синглисида ҳам шу соҳага интилиш пайдо бўлди, - деб ҳикоя қилади уларнинг отаси Маҳмуд Низомов. – Доим нима иш бўлмасин, бирга бажаришгани учунми, қизим ҳам акам билан пианинога қатнайман, деб туриб олди. Сўнг иккови мактабдаги дарслардан кейин мусиқа машғулотларига қатнай бошлади. Уйда ҳам дарсларини тайёрлаб бўлишади-да, яна пианино олдига ўтиришади. Навбатма-навбат машқ қилишади. Аввал Аҳрор, кейин Моҳидил. Уйимизда икки соатлаб пианино оҳанги янграйди. Ўша вақтларни эсласам, кун тартибимиз қатъий белгиланган, фақат машқ, фақат болалар ва пианино. Бу тарздаги кун тартиби то болаларнинг қўли келишиб, пианино билан “тил топишиб” кетгунларига қадар ўзгармади. Ниҳоят, ака-сингил ота-онасининг ниятларини рўёбга чиқариб, аввалига мусиқа мактабида, кейинроқ эса туманда ўтказиладиган турли тадбирлар, байрам дастурларида фортепьяно чаладиган бўлишди. Уларнинг ижроси ўқитувчиларининг кўнглини тўлдирадиган, эшитган одамнинг мақтовига сазовор бўладиган бўлди. Энди кейинги босқич – истеъдодни катта-катта саҳналарда синаб кўриш, танловларда нуфузли мутахассислар кўригидан ўтказиш босқичи бошланди. Ака-сингил илк марта “Камалак юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивалида юқори ўринни эгаллашди. Кейин эса яна қатор республика танловларида, мусиқа фестивалларида иштирок этиб, муваффақият қозонишди. Ўзларига бўлган ишонч ортиб, мусиқа улар ҳаётининг ажралмас қисми, асосий мазмунига айлана борди.
- Биринчи марта халқаро танловга таклифнома келганида жуда ҳаяжонландик, - эслайди Моҳидил. – Бутунлай нотаниш юртда, бунинг устига Ватан номидан иштирок этиш ниҳоятда катта масъулият юклар экан одамга. Саҳнага чиққанимизда эса аввалига бармоқларни титратиб турган ҳаяжон залга жимлик чўкиши билан ўз-ўзидан ғойиб бўлди. Энди мен, ёнимда ўтирган акам ва фортепьяно қолгандай эдик ва ҳаммаси яхшилик билан тугади.
2014 йилда Испанияда ўтказилган “Ўрта Ер денгизи афсоналари” халқаро ёш мусиқачилар кўрик-фестивалида ака-сингил бастакор Ботир Жилкибоевнинг “Истиқлолинг муборак!” асарини ижро этишди. Тантанавор, байрамона бу куйни ўшанда барча – казо-казо мусиқачилардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати ҳам, томошабинлар ҳам мароқ билан тинглашди. Ва ака-сингил Низомовлар танловда биринчи ўринга муносиб топилди. Бу – узоқ кутилган илк катта муваффақият эди.
- Мусиқа ва санъат мактабида фортепьяно синфида ўқиш билан бирга, рақс тўгарагига ҳам қатнар эдик, - эслайди Аҳрор. – Миллий рақсларимизни ўрганганмиз. Ўша фестивалда “Андижон полькаси”га рақсга тушдик. Бу ижро ҳам илиқ қарши олинди. Рақс бўйича бизга иккинчи ўринни беришди.
Шундан сўнг, Аҳрор ва Моҳидилнинг номи ҳам республика, ҳам халқаро миқёсдаги танловларда тез-тез янграй бошлади. 2015 йилда Италияда, Россияда ўтказилган халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритишди. Ҳам фортепьянодаги классик ижро учун, ҳам миллий рақслар учун эътирофлар эшитишди, олқишга сазовор бўлишди. Устозлари, қолаверса, ота-онанинг ниятлари ушалди, орзулар ижобат бўлди.
- 2016 йил, айниқса, мен учун жуда омадли келди, - дейди Моҳидил. – Озгина хизматим юксак баҳоланиб, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлдим. Бундан ниҳоятда бахтлиман. Мусиқа соҳасидаги билимларимни янада мукаммаллаштириб, келажакда катта мусиқачи бўлсам, элимнинг санъатини жаҳонга ёйсам, ўзимдан кейингиларга ўргатсам, дейман.
Аҳрорнинг ниятлари ҳам бундан кам эмас. Ҳозирги кунда Яккабоғ озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган Аҳрор Низомов ўқишни тамомлагач, мусиқа йўналишида яна таҳсил олишни мўлжаллаяпти.
- Насиб этса, ҳали мусиқа соҳасида кўп ишларни амалга ошираман, - дейди у кўзлари чақнаб. – Бундай дейишимга тўла асос бор. Чунки давлатимизда биз ёшлар учун шунча шароит яратилган, кўп имкониятлар берилган. Нега энди изланиб, ўқиб-ўрганмаслик, бирор арзирли иш қилмаслик керак экан? Шу Ватаннинг равнақига ҳисса қўшиш – ҳар биримизнинг бурчимиз.
Дарвоқе, шу йилнинг май ойида ака-сингил ўз имкониятларини яна иккита халқаро танловда синаб кўришди. Аввалига Беларусь республикасининг Витебск шаҳрида ўтказилган “Афсонавий саҳнада” деб номланган болалар ва ўсмирлар ижодиёти III Халқаро танловида иштирок этишди. Фортепьяно йўналиши бўйича якка ижрода Моҳидил 1-ўрин, Аҳрор эса 2-ўринни эгаллади. Дуэт ижрода эса улар 3-ўринга сазовор бўлишди. Фақат бугина эмас, мазкур танловда Моҳидил “Энг яхши либос учун” номинациясида ҳам ғолиб деб топилди. Унинг миллий бичимдаги саҳна либоси барчанинг эътиборини ўзига тортди.
Бир-икки кундан сўнг Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “Истеъдодлар сайёраси” халқаро фестивалида ҳам муваффақият улар томонида бўлди. Моҳидил якка ижрода 1-ўринга, Аҳрор 3-ўринга эришди. Дуэт ижро эса уларни бу гал 2-ўринга олиб чиқди.
Хуллас, бу тиниб-тинчимас, фаол ёшлар мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйига навбатдаги ғалабани туҳфа этишди. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Шу кунларда истеъдодли ёшлар яна бир халқаро танловга тараддуд кўришаяпти. Жорий йилнинг июль ойида Хитой пойтахти Пекинда ўтказилиши кутилаётган ёш пианиночиларнинг “Шарқ жавоҳири” танловида ҳам юқори ўринни эгаллаш ниятида.
Ҳа, бугун уларнинг оҳангларга эш бўлиб кўз очган орзулари ҳаётга кўчиб, ютуқларда, муваффақиятларда инъикосини топаяпти. Шу билан бирга, бу истеъдодли ёшларнинг жамиятимизда ўз мустаҳкам ўринларини топишларида кўмакчи бўлаяпти.
Х.АБДУЛЛАЕВА