Меню
Қашқадарё
“НУРОНИЙЛАР МАСКАНИ” ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Фармон асосида ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатликларини тиклаши, вақтини мазмунли ўтказиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли сўлим истироҳат боғи ҳудудида қад ростлаган икки қаватли “Нуронийлар маскани” биносининг нуронийлар ихтиёрига топширилиши ҳам ана шу амалий саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Ушбу маскан фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, “Нуроний” жамғармаси вилоят ва туман (шаҳар)лар бўлимлари вакиллари, фахрийлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
- Бу ер эндиликда нуронийларимиз вақт топганда бемалол келиб, ўзаро суҳбатлашадиган, фикрлашадиган, мароқли дам оладиган жойга айланади, - дейди “Нуроний” жамғармаси Қарши шаҳар бўлими раиси Муҳиддин Нуров. - Уларнинг умр йўли, бой ҳаётий тажрибаси ёшлар билан бўладиган мулоқотларда ҳам ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Шу нуқтаи назардан ушбу маскан ёшларимиз ҳаётида муҳим ўрин тутишига, улар бемалол келиб, ўзларини қийнаётган муаммолар, саволларга кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга нуронийларимиздан жавоб, маслаҳат олиб кетадиган жойга айланишига ишонаман.
“Нуронийлар маскани”да кутубхона, тиббиёт хонаси, кексаларга мос спорт инвентарлари билан жиҳозланган машғулот зали кабилар ўрин олгани ёши улуғ инсонларнинг вақтини янада мазмунли ўтказишга ёрдам беради.
Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев нутқ сўзлади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.