Меню
Қашқадарё
НУРОНИЙ МАСЛАҲАТЧИЛАР ТАНЛОВИ
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган танловда 15 нафар маслаҳатчи иштирок этди.
Бугунги кунда вилоятимиздаги ўзини ўзи бошқариш органларида 730 нафар кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи фаолият юритмоқда. Уларнинг ёшлар тарбияси, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини, миллатлараро дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кўмакка муҳтож оилалар, кексалар ва ногиронларга ёрдам кўрсатишдаги ўрни муҳим. Мазкур танлов уларнинг бу борадаги ютуқларини муносиб рағбатлантириш ва ўзаро тажриба алмашишига хизмат қилади.
Якуний натижаларга кўра, Косон туманидаги Бойтерак маҳалла фуқаролар йиғини кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Дилмурод Қаҳҳоров 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринни Яккабоғ туманидаги Алакўйлак маҳалласи маслаҳатчиси Юсуф Мейлиев, учинчи ўринни эса Китоб туманидаги Тупчоқ маҳалласилик Нур Гулов қўлга киритди.
- Маҳалламизда ҳудуд ободлиги, тинч-тотувлигига ҳисса қўшаётган нуронийларимиз кўп, - дейди Дилмурод Қаҳҳоров. - Улар билан биргаликда маҳаллада нотинч оилалар билан ишлаш, ичкилик ва тамаки маҳсулотларининг зарари, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларимиз ўз самарасини бераяпти. Маҳалламиз - тадбиркорлар маҳалласи. Шу сабабли бизда ишсиз одамнинг ўзи йўқ. Маҳалла гузарида шогирдларимнинг ёрдами билан 3 мингдан зиёд китоб фондига эга бўлган кутубхона ташкил этганман. Зиё маскани ҳар куни ўқувчилар билан гавжум. Ўтган йилда маҳалламизда бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик, оилавий ажрим, нотинч оилалар қайд этилмади.
Ғолиб ва совриндорларга танлов ташкилотчиларининг совғалари топширилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Муаллиф олган сурат.