Меню
Қашқадарё
“Нуҳ кемаси” пойтахтга боради
Олий таълим муассасалари талабалар театр студиялари фестивалининг вилоят босқичида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг “Ниҳол” театр студияси 1-ўринни эгаллагани ҳақида хабар бергандик.
Фестивалнинг минтақавий босқичида вилоятимиз вакиллари билан бирга, Самарқанд давлат университетининг “Илҳом” театр студияси Ж.Исобеков қаламига мансуб “Нурли келажак”, Термиз давлат университетининг “Олтин авлод” жамоаси Абдулла Авлонийнинг “Адвокатлик осонму?” спектакллари билан қатнашди.
Қарши шаҳридаги маданият ва аҳоли дам олиш масканида намойиш этилган саҳна асарларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги маънавий ва маърифат маркази, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боришди. Бунда бадиий чиқишларнинг ўзига хослиги, мазмуни, ижро маҳоратига асосий эътибор қаратилди.
Эътиборлиси, Нафас Шодмонов қаламига мансуб ва режиссёр Акбар Бердиев томонидан саҳналаштирилган “Нуҳ кемаси” спектакли 1-ўринга лойиқ кўрилиб, фестивалнинг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган финал босқичига йўл оладиган бўлди.
Айтиш ўринли, мазкур асарда эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги азалий кураш ҳақида сўз боради. Ҳар қандай синовнинг ечими эса сабр ва ўзаро ишончдир.