Меню

Қашқадарё

10.11.2020 2083

“Нуҳ кемаси” билан ғолиблик сари

Қарши давлат университетида “Ёшлар – келажак бунёдкори!” шиори остида олий таълим муассасалари талабалар театр студиялари фестивалининг вилоят саралаш босқичи ўтказилди.

Унда университетнинг “Зиё” ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг “Ниҳол” талабалар театр студиялари “Нодирабегим” ва “Нуҳ кемаси” спектакллари билан ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Айтиш жоизки, ҳар икки жамоа ҳам ўзига хос тайёргарликка эга, спектаклларда эса томошабинни ўзига тортадиган жозиба бор. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Аҳмад Яссавий мукофоти совриндори Баҳриддин Раҳмонов, вилоят мусиқали драма театри актёри Парда Номдоров ва ҳакамлар ҳайъатининг бошқа аъзолари томонидан  ёш ижодкорларнинг ютуқ ва камчиликлари айтиб ўтилди.

 

“Нуҳ кемаси”да Ёфас (Нуҳнинг учинчи ўғли) образини гавдалантирган Музаффар Файзиев ҳамда “Нодирабегим”да бош қаҳрамон ролида чиққан Заҳро Холтўраева ижроси алоҳида эътироф этилди.

 

 

 Якуний хулосаларга кўра, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг “Ниҳол” талабалар театр студияси жамоаси режиссёр Акбар Бердиев томонидан саҳналаштирилган, Нафас Шодмонов қаламига мансуб “Нуҳ кемаси” асари билан 1-ўринга лойиқ кўрилиб, фестивалнинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!