Меню

Қашқадарё

22.10.2019 2034

НОЗИК ДИД, КАТТА МЕҲНАТ, МЕҲРУ МАҲОРАТ МАҲСУЛИ

Нишон туманининг Каптарли қишлоғида яшовчи Раъно Эшқувватова гилам тўқиш сир-асрорларини ёшлигида момоси ва онасидан ўрганган. Кейинчалик ўз хонадони учун ёки қўшниларнинг буюртмалари билан гиламлар тўқий бошлайди. У тўқиган тўшамалар ўзининг бежиримлиги ва сифати билан ажралиб турарди. Меҳнати маҳсулининг яқинлари эътирофига сазовор бўлиши, қолаверса, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар уни ўз фаолиятини янада кенгайтиришга ундади.

- Ўтган йили ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтиб, расман тадбиркорлик фаолиятини бошладим, - дейди у. - Ўзим билан биргаликда, яна икки кишини иш билан таъминлаганман. Албатта, қўлда гилам тўқиш ниҳоятда сермашаққат иш. У тўқувчидан қунт, дид ва маҳорат талаб қилади. Аммо бирор гиламни санъат асари даражасида тайёрласангиз, барча чарчоқлар бир зумда унутилиб кетади.

Ҳунарманд аёлнинг таъкидлашича, миллий гиламларимизнинг кўплаб турлари мавжуд. Улар бўялиш теxникaси, тўқилиш усули, шу билан бир қаторда, нaқш безaклaри, сифaт дaрaжaсигa қaрaб бир-биридaн фaрқлaнaди. Мисол учун, "Жулхурс" гиламини тўқиш жуда катта эътибор ва машаққат талаб этадиган жараён. Бунинг учун ҳар бир ип аввал таг ипга ўтказилиб, сўнг қирқиб чиқилади. Аммо "жулхурс" гилами ўзининг юмшоқлиги,   иссиқлиги ҳамда чидамлилиги билан алоҳида қадрланади, харидорлари ҳам кўп. Шунингдек, "Пақир гилам", "Ойгилам", "Ғажари", "Чумчуқкўз", "Терма", "Қоқма", "Қолин" каби гиламларнинг ҳам ўзига хос тўқиш техникаси, безак бериш усуллари мавжуд. Ҳақиқий гиламдўз уларнинг ҳар бири ҳақида керакли билимга эга бўлиши, шу билан бир қаторда, миллий гиламчилик анъаналарига таянган ҳолда янада янги нусхаларни ярата билиши лозим. Раъно Эшқувватова ана шу   жиҳатларга эътибор қаратгани ҳолда жун, пахта, ипак ҳамда сунъий толалардан турли гиламлар, бўғжому, жойнамоз, напрамач, хўржин, тўрва, жабдуқ, ўтов жиҳоз каби буюмлар ҳамда аксессуарлар тўқимоқда.

- Яқинда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида ҳам ўзим тўқиган маҳсулотлар билан  иштирок этдим, - дейди у. - Соф шарқона услубдаги миллий гилам ва бошқа буюмларимиз маҳаллий иштирокчиларда ҳам, хорижликларда ҳам жуда катта таассурот қолдирди. Анчагина маҳсулотни шу ернинг ўзида сотдик, бундан ташқари, келгусида маҳсулот етказиб бериш бўйича қатор шартномалар тузишга эришдик. Айни пайтда шогирдларим билан биргаликда қозоғистонлик ҳамкорларимиз буюртмасига асосан 5 та "Ғажари" усулидаги гиламни тўқияпмиз. Шунингдек, мамлакатимиздаги бир нечта корхона ва ташкилотлардан буюртмалар олганмиз.

Эътиборли жиҳати, ҳунарманд аёл тўқиган гиламларнинг ўзига хослиги хорижлик тадбиркорларда ҳамкорликда ишлаш истагини уйғотди.

- Хусусан, Эрон ҳамда афғонистонлик тадбиркорлар аниқ таклиф билан мурожаат этишди, - дейди Раъно Эшқувватова. - Улар керакли ускуналарни олиб келиб, шу ердан махсус гиламчилик цехи қурмоқчи. Хом ашё билан таъминлайди, маҳсулотнинг реализацияси билан ҳам ўзлари шуғулланади. Мендан талаб этиладигани эса фақат гилам тўқиш ва етказиб бериш. Бунинг учун яхшигина меҳнат ҳақи таклиф этишмоқда. Аммо ҳали аниқ қарорга келганимиз йўқ. Шогирдларим билан биргаликда ҳамкорликнинг барча жиҳатларини тўлиқ таҳлил қилиб, ишнинг қандай самара бериши ҳақида етарли тасаввурга эга бўлганимиздан сўнггина бу борада аниқ гап айтишим мумкин. Ҳозирча эса бошлаган ишимни янада ривожлантириш ҳаракатидаман.

  Таъкидлаш жоизки, бугун ёшларимизда ҳам ҳунар эгаллашга, тадбиркорлик ишини бошлашга бўлган иштиёқ ортиб бормоқда. Жумладан, гиламдўзлик ҳунарини эгаллашга қизиқаётган қизларимиз кўп. Раъно Эшқувватова ана шундай қизларни ёнига тўплаб, уларга устоз-шогирд анъаналари асосида ҳунар ўргатиб бормоқда. 

- Бу борада туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйганимиз айни муддао бўлди, - дейди у. - Келишувга кўра, мен бир вақтнинг ўзида 10 нафар шогирдни икки ой давомида ўқитаман. Улар шу вақт давомида ҳунар ўрганиш билан бирга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия билан ҳам таъминланади. Бу қўллаб-қувватлов шогирдларимнинг ҳунар ўрганишга қизиқишини янада оширмоқда.

Айни пайтга қадар 10 нафар қиз Раъно Эшқувватовадан гиламдўзлик ҳунарини ўрганиб, ўз фаолиятини мустақил давом эттирмоқда. Яна 10 нафари эса ҳунар ўрганиш билан машғул. Яқин орада улар ҳам аввало ўзига, кейин элга, юртга нафи тегадиган иш билан машғул бўлиши эҳтимоли катта.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!