Меню
Қашқадарё
НОТАРИУС ФАОЛИЯТИДАН ШИКОЯТ
НОТАРИУС ҚАНДАЙ НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРАДИ?
Маълумки, нотариус қонунда белгиланган 23 турдаги нотариал ҳаракатларни, масалан, васиятнома, ҳадя, гаров, ижара, уй-жой олди-сотди шартномалари, мерос гувоҳномаси, бир сўз билан айтганда, фуқаролар ва ташкилотлар ўртасидаги низосиз муносабатларнинг қонуний асосини расмийлаштириб беради. Агар тарафлар ўртасида шартнома ё битим юзасидан келишмовчиликлар мавжудлиги ёки қонун ҳужжатларига зид ҳолатлар аниқланса, бундай ҳолларда нотариал ҳаракат амалга оширилмайди.
Бошқача айтганда, нотариус фуқаролар ва ташкилотларнинг оғзаки келишувини қонунда белгиланган тартибда ёзма равишда тасдиқлаб берувчи, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш орқали фуқароларга давлат хизмати кўрсатувчи идора вакили ҳисобланади.
Хўш, нотариус нотариал идорага келган сотувчи ва олувчи ёки ҳадя берувчи ва ҳадя олувчи ўртасида ихтиёрий тузилган битимни тегишли ҳужжатлар асосида фуқаролар иштирокида қонунийлаштириб берувчи ваколатли шахс экан, унда нима учун фалончи нотариус ишимни ҳал қилмасдан, атайин ойлаб, йиллаб сарсон қилди, фалончи нотариал идора ходими хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, ким биландир жиноий тил бириктириб, уй-жойимни қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, ҳадя қилиб ўтказиб берган, мен нотариал идорага бормаганман, имзо ҳам қўймаганман, деган мазмундаги аризалар сони кўпайиб бормоқда? Бу борадаги шикоятларнинг асл сабаби кимда ёки нимада, кимдир бошқа бировни чув туширса ёки орадан маълум вақт ўтиб, икки ўртада келишмовчилик юзага келса, айб нотариал идорага борган фуқаролардами ёки икки томоннинг талаб-истаги билан битимни расмийлаштириб берган нотариусда?
БУ БОРАДА МУРОЖААТЛАР ТАҲЛИЛИ НИМА ДЕЙДИ?
Нотариусларнинг хатти-ҳаракатлари устидан фуқаролар томонидан йўлланаётган шикоятлар таҳлили ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу борадаги мурожаатларнинг асосий қисмини уй-жой ҳадя шартномалари ва мерос ишлари билан боғлиқ масалалар ташкил этаётганини қайд этиш лозим.
Маълумки, ҳадя шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларнинг анъанавий турларидан бири ҳисобланиб, ушбу шартнома олди-сотди шартномасидан ҳам, айирбошлаш шартномасидан ҳам ўзининг бир қатор хусусиятлари билан фарқ қилади.
Авваламбор, ҳадя шартномаси – текин шартномадир, яъни бошқа тарафга мулкни топшираётган тараф бунга жавобан бошқа тарафдан ҳеч қандай эквивалент (на ҳуқуқ, на мулк) олмайди, яъни ўз мулкини бошқа бировга текинга мулк қилиб беради.
Қонун тили билан айтганда, ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.
Энди масаланинг бошқа бир жиҳатига қарайлик. Юқорида айтганимиздек, нотариусларнинг хатти-ҳаракатлари устидан келиб тушаётган шикоятларнинг аксарият қисми айни шу турдаги битимлар билан боғлиқ бўлиб, фуқаролар билан бевосита мулоқот давомида ҳадя берувчи ва ҳадя олувчи ўртасида йиллар ўтиб оилавий келишмовчиликлар келиб чиққанлиги туфайли шикоят қилинаётгани маълум бўлаётган бўлса, бошқа томондан фуқаролар шартномани чуқур ўқимасдан, унинг мазмуни ва шартлари билан танишмасдан, ҳуқуқий оқибатини ўйламасдан туриб имзо қўяётганлиги сабаб бўлмоқда.
Ваҳоланки, фуқаролик қонунчилигида фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин эканлиги, шартнома шартлари тарафларнинг хоҳишига кўра белгиланиши, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.
Яна бир муҳим масала шуки, мулкини текинга ўзга кишига ҳадя қилиб берган фуқаро нотариусга келиб ҳадя шартномасини бекор қилишни талаб қилади. Ўз-ўзидан нотариус бунга рад жавобини бериб, бунинг сабабини тушунтиришига қарамасдан қўлимизга қоғоз-қалам олиб, “нотариус ўзаро тил бириктириб ғайриқонуний ҳадя шартномасини тузиб берган, нотариусга нисбатан жавобгарлик масаласини кўриб чиқинг” деган қаттиқ гаплар билан такрор-такрор шикоят ёзамизу, “ҳадя шартномасини ўз ихтиёримга кўра имзолаган эдим-ку, унинг мазмуни ва шартлари билан тўлиқ танишганман-ку, ахир мулкимни бировга текинга беришдан олдин буни нимага чуқур ўйлаб кўрмадим?” деган саволларни ўзимизга бермаймиз. Бунинг ўрнига нотариусга ёпишамиз. Ҳарҳолда кўплаб жараён ва ҳолатлар шуни кўрсатаяпти.
ҲАДЯ ШАРТНОМАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
Қонунчиликка мувофиқ, шартномалар қандай шаклда тузилган бўлса, шундай тартибда бекор қилиниши мумкин. Ҳадя шартномаси ҳам икки томонлама битимлар туркумига кирганлиги сабабли бундай шартноманинг нотариус томонидан бекор қилиниши учун ҳадя берган шахс ва ҳадяни қабул қилиб олган шахс турмуш ўртоғи билан бирга ҳадяни расмийлаштириб берган нотариусга мурожаат қилиши лозим. Агар иккала томон ҳам келмайдиган бўлса, нотариус тарафлардан бирининг ҳадя шартномасини бекор қилиш ҳақидаги талабини бажара олмайди. Сабаби, нотариус фақат тарафларнинг ўзаро келишуви билан битимни расмийлаштириши ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга. Ҳадя шартномасини бекор қилишнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ҳадя олувчи ҳар қандай ҳолатда ҳадяни олишдан бош тортиши ва уни бекор қилиши мумкин, аммо ҳадя қилувчи ҳамма вақт ҳам бундай ҳуқуққа эга бўлмайди.
Фуқаролик кодексининг 506-моддасида агар шартнома тузилгандан сўнг ҳадя қилувчининг моддий аҳволи жиддий ёмонлашган бўлса, у келажакда ҳадя олувчига ашёни ёки мулк ҳуқуқини бериш ё бўлмаса, уни мулкий мажбуриятдан озод этиш ваъда қилинган шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли эканлиги, шунингдек, ушбу кодекснинг 507-моддасига кўра ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилиши белгиланган.
Демак, ҳадя берувчи ҳадя шартномасини бекор қилиш учун ўз даъвосини, нима учун бекор қилишини етарли далиллар билан судда исботлаб бериши керак. Акс ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинмайди.
СУДЛАР ҲАДЯ ШАРТНОМАСИНИ РАСМИЙЛАШТИРГАН НОТАРИУСЛАР ҲАРАКАТИГА ҚАНДАЙ БАҲО БЕРГАН?
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2016 йилда кўриб чиқилган нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ низолар юзасидан қабул қилинган қарорлар таҳлилига кўра, ҳадя шартномаларининг ҳақиқий эмас деб топилишига асосий сабаблар сифатида ҳадя олувчи томонидан ҳадя берувчининг моддий аҳволидан хабар олмай қўйилганлиги, фуқаролар томонидан тузилган ҳадя шартномалари шунчаки кўзбўямачилик учунгина амалга оширилгани, бировнинг тазйиқи остида ҳадя шартномаси тузишга мажбур бўлингани, ҳадя шартномаси расмийлаштирилгандан сўнг оила аъзолари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққани аниқланган ва ҳадя шартномалари ҳақиқий эмас, деб топилган.
Бундай зиддиятли ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун тарафлар шартнома талабларини тўғри англаган ҳолда ҳаракат қилишса, кўплаб баҳсли ҳолатларнинг олди вақтида олинади. Шунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилувчи институт саналган нотариал идоралар ишида ҳам бирмунча енгилликлар туғилади.
Ҳусан ТУРСУНОВ,
вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди