Меню

Қашқадарё

08.02.2024 8281

Нонуштанинг энг мақбул вақти маълум бўлди

Испаниядаги Барселона глобал соғлиқни сақлаш институти олимлари эрталаб соат саккизгача нонушта қилиш қандли диабетга чалиниш хавфини 59 фоизга камайтиришини айтишди. Улар ўтказган тадқиқот тафсилотлари International Journal of Epidemiology журналида эълон қилинган.

Тажрибаларда асосий қисми (79 фоиз) аёллардан иборат 103 минг 312 нафар кўнгилли иштирок этган. Улар ўзларининг кун тартиби, овқатланиш ва ҳаракатланиш одатлари ҳақида гапириб берганлар, шунингдек, тадқиқот бошланишига қадар охирги уч кун нима еб, нима ичганлари тўғрисида маълумот тақдим этишган. Кейин қатнашчиларни кузатиш босқичи бошланиб, у етти йилга яқин вақт давом этган.

Тадқиқот жараёни давомида иккинчи тоифа қандли диабетнинг 963 та янги ҳолати қайд этилган. Нонуштани ҳар доим эрталаб соат тўққиздан кейин қиладиган кишилар орасида бу касалликка чалиниш ҳолатлари сезиларли ошган. Эҳтимол, гап шундаки, уйқудан тургандан кейинги овқатланиш зарурати инсоннинг тун ва кундуз ўзгариши билан боғлиқ бўлган турли хил биологик жараёнлар фаоллик даври тебранишлари (циркадный ритм) туфайли келиб чиқади. Бу биологик маромнинг бузилиши, жумладан, нонушта қилмаслик организмда глюкоза, инсулин ва липидлар назорати ёмонлашувига сабаб бўлиши мумкин.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!