Меню
Қашқадарё
НОН ЦЕХИДАН МИНИ КЛАСТЕРГАЧА
Кичик бизнес
Касби туманининг Майманоқ маҳалласида ёш тадбиркор Бобир Ўлмасов томонидан нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида 7 нафар кишининг иш билан бандлиги таъминланди. Корхонада бир кунда 3 мингга яқин қолипли ва яна шунча уй нони, 1000 донагача патир ишлаб чиқариш имкони мавжуд.
- Талабга қараб қувватни янада оширишимиз мумкин, - дейди ишбилармон. - Айни вақтда аҳоли томонидан тушаётган буюртмаларни бажаришдан ташқари, чакана савдо ташкилотларига ҳам маҳсулот етказиб бераяпмиз. Ҳар куни 1000 та атрофидаги қолипли ҳамда 1500 та уй нонини ҳудуддаги озиқ-овқат дўконлари орқали сотишга эришаяпмиз. Буюртмалар сони тобора кўпаймоқда. Шу боис яна қўшимча ишчилар олиб, қувватни ошириш ҳақида ўйлаяпмиз.
Тадбиркорнинг галдаги мақсадларидан бири мини кластер ташкил этишдир. Бу лойиҳа буғдойни етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш ва бозорга юз фоиз тайёр маҳсулот ҳолида олиб чиқишгача бўлган барча босқичларни ўз ичига олади. Ташаббус амалга ошса, яна 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши аниқ.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.