Меню

Қашқадарё

08.09.2020 1403

НОМАЪЛУМ ҚЎНҒИРОҚНИНГ КАСОФАТИ

Қилмиш-қидирмиш

Нишонлик Фахриёр Чинниев (исм-фамилияси ўзгартирилган) 45 ёшни қарши олган. Қарийб 20 йилдан буён турмуш ўртоғи билан бирга яшаб келмоқда. Уч нафар фарзандининг каттаси бўйи етиб қолган.

Одатда киши ҳаётнинг бу босқичида оқ-қорани тўғри англаб, ҳар бир ишни  босиқлик билан ҳал этади. Аммо Фахриёр Чинниевда бунинг акси бўлиб, турмуш ўртоғи билан тез-тез жанжаллашадиган, арзимаган баҳоналар билан уни дўппослайдиган одат чиқарди.

Ўша куни тонгда ҳам хотинига кимдир телефон қилиб қолди.  Фахриёр дарҳол унинг кимлиги билан қизиқиб, хотинини сўроққа тутди. У эса нариги томондан ҳеч ким гапирмагани, чамаси кимдир адашиб тушган бўлиши мумкинлигини айтди. Аммо бу жавобдан қаноат ҳосил қилмаган Фахриёр аёлни ҳақоратлашга ўтди. Ўртада тортишув бошланди.

Ғазаби қўзиган Фахриёр қўлига хонадаги стол устида турган пичоқни олиб, хотинига ташланди. Аввал аёлнинг бўйни, сўнг қорин соҳасига тиғ сермаб, тилиб юборди. Яхшиямки, ўз вақтида кўрсатилган ёрдам туфайли аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Фахриёр Чинниев эса энди бу қилмиши учун қонун олдида жавоб беришга мажбур.

Илҳом ШЕРАЛИЕВ,

Нишон тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!