Меню
Қашқадарё
"НОЛЬ" ҚИЙМАТ - МИЛЛИАРДЛАРГА ЗАМИН
Мана бу манзара ҳам кўпчиликка таниш. Анча йиллар илгари, бозор иқтисодиётига ўтганимиз ҳамоноқ, давлатга қарашли бўлган аксар йирик қувватлар фаолиятдан тўхтаб, буткул ҳувиллаб қолганди. Яқин-яқингача ҳам бир қанчаси ишламай ётувди. Тайёр бино, у ер-бу ерини сал таъмирласа, корхонага айланади-қолади. Сотаман, деса, ҳамманинг олишга қурби етмайди бу мулкларни. Шуни ҳисобга олиб, бугун юртимизда бўш турган, қурилиши тугалланмаган ишлаб чиқариш майдонларини тадбиркорларга сотишнинг самарали тизими яратилган. Мазкур амалиёт дунё тажрибасида ҳам деярли учрамаслиги билан аҳамиятли. Бу турдаги давлат мулклари қиймати "ноль"га тенглаштирилди. Талабгор бўлса, олиб ишлатсин. Талаби эса инвестиция киритиш, самарали бизнес ташкил этиш, одамлар бандлигини таъминлаш.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бу амалиётнинг кенг қўллангани ишбилармонларга ҳам жуда маъқул келди. Салоҳиятли инвесторлар ҳаракатга тушди. Бўш турган объектлар бўйича таклифлар салмоғи сезиларли ортди. Фикримиз тасдиғи сифатида қуйидаги рақамни келтирсак. Биргина ўтган йили вилоятимизда ана шундай 69 та давлат мулки "ноль" харид қийматида тадбиркорларга берилган. Уларга муайян муддатда олинган мулкка сармоя йўналтириш, янги иш ўрни яратиш мажбурияти юкланган.
Жумладан, ушбу объектларга тегишли даврда жами 42,3 миллиард сўм миқдорида қурилиш-таъмирлаш ва асбоб-ускуналар кўринишида инвестиция киритиш кўзда тутилган. Ҳар бир лойиҳа бўйича аниқ таклиф шакллантирилган. Фурсат ўтиб, бўш турган объект негизида тадбиркорликнинг у ёки бу йўналиши ишга туширилиши, натижада 717 нафар кишининг фойдали иш билан машғул бўлишига шароит яратилиши керак.
- Умуман олганда, бугунги кунда вилоят бўйича инвестициявий мажбурият билан "ноль" қийматда сотилган 107 та объект мавжуд, - дейди Давлат мулкларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Тўлқин Олтибоев. - Ишбилармонлар илгари сурган лойиҳаларга асослансак, бўш турган мулкларга умумий ҳисобда 5 миллион 367 минг АҚШ доллари ҳамда 113 миллиард сўм миқдорида маблағ жалб этилиши керак. Ташаббуслар рўёбга чиқиши эвазига эса 1840 та янги иш ўрни ташкил этилиши мўлжал қилинган. Албатта, тадбиркор ўз зиммасидаги мажбуриятни қандай адо этаётгани доимий назоратда. Тегишли ташкилот ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда бу бўйича мунтазам мониторинг олиб борилмоқда. Ўрганишларимиз натижасида "ноль" қийматда тақдим этилган объектларга ҳозиргача инвесторлар томонидан 3 миллион 836 минг АҚШ доллари ҳамда 62,1 миллиард сўм миқдорида маблағ киритилгани маълум бўлди. Сармоя асосан бино-иншоотда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаришга, замонавий ускуналарни харид қилиб ўрнатишга сарфланган. Айрим лойиҳаларнинг муваффақиятли ниҳояланиши натижасида айни пайтда 340 киши доимий ишли бўлган.
Қайд этиш жоиз, Косондаги шу вақтгача туман ободонлаштириш бошқармаси балансида бўлган тегишли бино ҳам анчадан буён фойдаланилмай турганди. Бир йил аввал мазкур давлат мулки танлов савдосига қўйилган. "Shohruh Fayz Shifo" масъулияти чекланган жамияти мулкдори шу танловда қатнашиб, энг яхши бизнес таклифини берган ва ғолиб бўлганди. Тадбиркор билан имзоланган олди-сотди шаротномасига кўра, қаровсиз бўлган ишлаб чиқариш майдони 1 йил муддат ичида буткул ўзгача кўриниш олиб, одамлар қадами узилмайдиган тиббий хизмат кўрсатиш марказига айланиши даркор эди. Инвестор ҳам хўжакўрсинга иш қилишни эмас, балки қатъий мақсадни ўз олдига қўйгани бугунги кунга келиб ойдинлашди. Бўлмаса, режадаги 370 миллион сўм ўрнига 400 миллион сўм маблағ сарф этиб ўтирмасди. Қувват ишга тушган, фаолият кўрсатилмоқда. Ҳозирда ушбу хусусий тиббиёт муассасасида 16 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаяпти.
Бошқа бир тадбиркорлик субъекти - Муборак туманида фаолият юритувчи "Odil Rayimqulov Komilovich" масъулияти чекланган жамияти мулкдори ҳам ўз мажбуриятини ортиғи билан уддалай олди, дейиш мумкин. 2 йилга 1,1 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 20 та янги иш ўрни яратиш талаби қай даражада адо этилганига баҳо берсак.
- Биз "ноль" харид қийматида олган давлат мулки туманимизнинг Геолог маҳалласи ҳудудида жойлашган "Сечанкул" базасининг бўш турган бино-иншоотларидир, - дейди корхона раҳбари Комил Райимқулов. - Аввал бошданоқ ушбу объект негизида ишлаб чиқаришни ташкил этишни мақсад қилгандик. Барча саъй-ҳаракатларни шунга қаратдик. Фаолият йўналиши сифатида полипропилен ва полиэтилен қувурлар ишлаб чиқариш танланган. Маҳсулот тури ҳам 20 хилдан ошади. Бунинг учун 1,5 миллиард сўмлик инвестиция олиб кирдик. 20 нафар одамни эса иш билан таъминладик. Жорий йилнинг февралида лойиҳамиз тўлиқ ишга тушди. Маҳсулотимизни ички бозорга бераяпмиз.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити мустаҳкамланиб боргани сари давлат тасарруфидаги фаолиятсиз объектларга талаб ва эҳтиёж ҳам ўсиб бораяпти. Шундай бир пайтда, фақатгина жой муаммоси туфайли истиқболли ташаббусларнинг амалга ошмай қолиши мумкин эмас. Ўз навбатида бу омиллар шу чоққача ишлаб турган тизимни янада такомилга етказиш, барча учун бир хил имконият ва шаффофликни таъминлашни тақозо этди.
Президентимизнинг 2018 йил 11 октябрдаги "Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони шу масалага қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Шунингдек, мазкур ҳужжат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотишни жадаллаштиришга кенг имкон берди.
Фармонга асосан бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини баҳоламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасига чиқариш орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда сотиш тартиби жорий этилди. Шунингдек, камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулки объектларини сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати вилоятлар ҳокимларига берилди. Бу янгилик хусусийлаштириш жараёнини янги босқичга кўтаришга хизмат қилди, дейиш мумкин.
Бошқарма маълумотига кўра, давлатимиз раҳбари фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоят бўйича 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган даврида хусусийлаштириш дастурларига киритилган 35 та бўш турган давлат кўчмас мулк объекти қайта баҳонламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасига чиқарилган. Шундан 28 таси 435 миллион сўм сотиб олиш тўловларини амалга ошириш, 10,18 миллиард сўм ва 67,2 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 223 янги иш ўрни яратиш мажбуриятлари билан сотилган.
Шу билан бирга, ушбу ҳужжат талабларига асосан, вилоятдаги 3 та бўш турган давлат мулки объекти камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш буйича таклифи бўлган тадбиркорларга тақдим этилди. Улар билан жами 8,5 миллиард сўм ва 2,4 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя йўналтириш ҳамда 125 нафар кишининг бандлиги таъминлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилган.
Мисол учун, Яккабоғ тумани Ибн Сино маҳалласи ҳудудида жойлашган, бўш турган (собиқ туман юқумли касалликлар шифохонаси) биноси ишбилармонга қиймати 1 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш мажбурияти билан берилган.
- Бу биз учун жуда қулай бўлди, танловда қатнашмай, тўғридан-тўғри музокара олиб бориб, объектни фойдаланиш учун олишга эришдик, - дейди шу тумандаги "Паттаев медикал центр" МЖЧ раҳбари Суҳроб Паттаев. - Яширмайман, кўпдан бери ишлатилмасдан турган мазкур объектда ўз тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйишни ўйлаб юргандим. Мақсадим - чекка бир ҳудудда замонавий талабларга мос келувчи тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш. Бугун юртимизда хусусий тиббиётга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам менга қўл келди. Асосийси, соҳа таниш, мутахассислигим бўйича онколог-шифокорман. 3-4 йил пойтахтда ишлаб тажриба орттирдим. Эндиликда туманимиз аҳолисига малакали тиббий хизмат тақдим этишни режа қилганман.
Тадбиркорнинг айтишича, мазкур йирик лойиҳани 3 йилда бир неча босқичда рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Дастлаб лаборатория-ташхислаш хизмати йўлга қўйилади. Кейинчалик бир қанча тор ихтисосликлар бўйича стационар тартибда даволашни ташкил этиш мўлжал қилинган. Яна бир аҳамиятли жиҳати, бу лойиҳа фақат хизмат кўрсатиш билан чекланиб қолмайди. Ишбилармон фармацевтика саноатида ҳам ўзини синаб кўрмоқчи. Дори воситалари ва препаратлар ишлаб чиқариш, хусусан, доривор ўсимликларни қадоқлаш цехини ишга тушириш шулар жумласидан. Лойиҳа тўлиқ амалга ошиши 25 кишининг фойдали меҳнат билан машғул бўлишига имкон бериши лозим.
Гапнинг индаллосини айтганда, давлат мулкини хусусийлаштириш жабҳасида олиб борилаётган бу каби ислоҳот ва ўзгаришлар ўз самарасини бермай қолмайди. Амалиёт бўйича ижобий натижани бир қадар кўриб-билдик ҳам. Фақат эндиликда инвесторлар ўзларига берилаётган имкониятлар, мавжуд ресурслардан унумли ва мақсадли фойдалана олса бўлгани. Зеро, уларнинг ташаббуслари аввало ўзлари фойдасига, кейин иқтисодиётимиз ривожига ҳам хизмат қилади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ