Меню

Қашқадарё

28.04.2016 2134

НОЁБ ЖОНЗОД ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА

Сайғоқ (оққуйруқ ҳам дейилади) кўринишдан бироз жайронга ўхшайдиган антилопадир. Лекин бўйи жайронга қараганда баландроқ, йириклари 75 сантиметргача етади. Оёқлари калта, боши катта ва доим пастга қаратиб юради. Сайғоқнинг бурни худди фил хартумини эслатади, лекин хартумдан калтароқ. Эркак сайғоқнинг тана оғирлиги 50 килограммгача етади. Шуниси аҳамиятлики, бу жонивор Ер юзининг ҳамма қисмида ҳам тарқалмаган. Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Россия Федерацияси ҳамда Мўғулистондагина сайғоқлар табиий ҳолда учрайди.

Одатда, кўчиб юриб ҳаёт кечирадиган сайғоқларни Ўзбекистонда октябрь-ноябрь ойларида кўриш мумкин.  Устюрт платоси (ясси тоғ) ва Қизилқум чўлининг шимол қисмида ўтлаб юрган сайғоқ тўдалари учрайди. Баҳорда Қозоғистон чўлларига кўчиб ўтадиган тўдалар кеч кузда, совуқ тушиши билан яна Устюртга қайтиб келади. Мазкур плато ҳудуди Ер куррасида бу ноёб антилопаларни табиий шароитда кўриш мумкин бўлган саноқлигина  жойнинг биттаси бўлиб қолмоқда.

Декабрь ойи сайғоқлар учун жуфтлашиш даври ҳисобланади. Май ойига келиб эса мода сайғоқ 2 тадан, камдан-кам ҳолларда битта сайғоқчани дунёга келтиради. Боласи туғиладиган пайтда она сайғоқ чўлдаги ўт ўсмаган, тақир ерли жойларга кетади. Бу – ўзига хос ҳимоя усули: сайғоқнинг бўз ранги тақир ер туси билан бир хиллиги сабабли йиртқич ҳайвонларни чалғитиш осонроқ бўлади.

Бу ноёб антилопа асосан бошоқли ўсимликлар билан озиқланади. Одатда тўда бўлиб яшайди. Соатига 70 километр тезликда югуриши, дарёлардан яхши сузиб ўта олиши туфайли сайғоқнинг душмани кам. Фақат кучсиз, касалманд сайғоққина бўриларнинг ўлжасига айланиши мумкин.

Юқорида айтилгани каби сайғоқ давлат муҳофазасига олинган нодир жониворлардан бири саналади. Ўзбекистоннинг “Қизил китоб”ида у йўқолиб кетиш арафасидаги тур сифатида қайд этилган. Бунинг эса ўзига яраша сабаблари бор. Гап шундаки, табиатда вақти-вақти билан у ёки бу турнинг тур сифатида жонзодлар рўйхатидан чиқиб кетиши табиий ҳол саналади. Айтайлик, узоқ ўтмишда - асрлар давомида сайёрамизнинг табиати, иқлимида содир бўлган ўзгаришлар айрим жонивор, қуш ёки ўсимлик турининг яшаши учун ноқулай муҳитни юзага келтириб, улар учун ҳалокатли шароит яратган ва натижада ўзгарувчан муҳитга чидамли бўлмаган турлар ҳаёт саҳнасидаги ўз ўрнини бўшатиб қўйишига тўғри келган. Аммо бизнинг асримизга келиб, ноёбга айланиб бораётган турлар рўйхатидан жой олаётган жонивору қушлар, ўсимликлар тақдири ҳақида бундай деб бўлмайди. Жумладан, сайғоқ ҳақида ҳам. Кейинги маълумотларга қараганда, охирги 15-20 йил ичида сайғоқлар сони 95 фоизгача қисқарган.

Мутахассислар сайғоқлар кескин камайиб бораётганининг сабабларини бир нечта омилларда кўрадилар. Улардан бири – кейинги икки асрда қишлоқ хўжалиги майдонларининг кенгайиб, техноген ўзлаштириш натижасида одам оёғи етмаган табиий яйловларнинг қисқариб бораётгани, деб ҳисобланади. Яйловидан маҳрум бўлган жонивор ўзининг яшаши учун ноқулай чекка ерларга кўчишга мажбур бўлади ва бу ноқулайлик унинг ҳалокатини келтириб чиқаради.

Иккинчи омил – сайғоқлар орасида юқумли касалликларнинг тарқалиши. Масалан, яқин йилларда пастереллёз касаллигидан кўплаб сайғоқ тўдалари қирилиб кетган. 2010 йилда Қозоғистон ҳудудида 12 мингдан ортиқ, 2012 йилда мингга яқин, 2013 йилнинг сентябрида эса 1500 дан ортиқ сайғоқ нобуд бўлгани қайд этилган.

Кейинги омил – сайғоқларнинг кўчиб ўтиш йўлларида антропоген тўсиқларнинг пайдо бўлиши. Яъни кўплаб коммуникация тармоқлари тортилиши, чўл ҳудудларида янги йўллар очилиши каби сабаблар антилопаларни ўзлари ўрганган йўналиш бўйлаб кўчишларига тўсқинлик қилади. Оқибатда улар бу ўзгаришларга кўника олмайди.

Тоғ ёнбағрига инсон омилининг таъсири, яъни нефть-газ конларининг топилиб, ишга туширилиши ҳам бу жониворларнинг камайиб бораётганига таъсир ўтказмай қолмаяпти. Ва энг сўнгги омил – браконьерлик, яъни ноқонуний овчилик туфайли сайғоқлар қирилиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Хитой ва Шарқий Осиё табобатида сайғоқ шохи қимматбаҳо дори воситаси сифатида машҳур. Буни билган браконьерлар эса жониворларни аёвсиз овлаб, шохини яширин экспортга чиқаради. Бугина эмас, интернет сайтларида Қозоғистоннинг сайғоқ кенг тарқалган ҳудудларида аҳоли ҳам бу ишга беихтиёр ҳисса қўшаётгани ҳақидаги ташвишли хабарлар эълон қилинди. Гўштини сотиш ёки ўз истеъмоли учун ишлатиш мақсадида маҳаллий аҳоли вакиллари вақти-вақти билан сайғоқларга оммавий ҳужум уюштириб туради. Бу эса табиат жонкуярлари ва турли тегишли ташкилотларни ташвишга солаяпти.

Албатта, бу ноёб жонзодни муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, қатор хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили май ойининг биринчи ҳафтасида Халқаро сайғоқлар куни кенг нишонланади. Шу куни табиатшунос олимлар, зоолог ва экологлар табиатни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан биргаликда сайғоқлар тарқалган ҳудуд аҳолиси – зиёлилар, табиат ихлосмандлари, айниқса, ёшлар билан турли учрашувлар ўтказади. Сайғоқ – табиатнинг нодир мўъжизаси экани, уни асраш сайёра табиатининг келажагини асраш демаклигини тушунтиришга ҳаракат қиладилар. Жумладан, Устюрт ясситоғлиги учун сайғоқ шу ҳудуддаги биологик мувозанатнинг муҳим кўрсаткичи саналади. Унинг кескин камайиб кетиши тоғ ўсимликларининг тузилиши ва таркибига сезиларли таъсир ўтказиши, шу билан бирга, йирик ёввойи қушлар ва йиртқич майда сутэмизувчилар популяцияси қисқаришига олиб келиши мумкин. Бу эса шу ҳудуд экотизимининг издан чиқишига сабаб бўлади.

Бу масалани ижобий ҳал этиш мақсадида республикамиз ҳукумати томонидан бир қанча ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, 1991 йилда сайғоқларни табиий шароитда кўпайтириш билан шуғулланадиган “Сайғоқ” қўриқхонаси ташкил қилинган. Ўтган йилнинг 26-29 октябрь кунлари  Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Сайғоқларни сақлаш, тиклаш ва улардан барқарор фойдаланиш  бўйича ўзаро ҳамкорлик Меморандуми қатнашчиларининг учинчи кенгашида эса сайғоқлар яшайдиган ҳудудларда қатъий муҳофаза чораларини кўриш, бу ноёб жониворнинг келажаги учун ғамхўрлик қилиш борасида келишиб олинди. Кенгашда Миграция турларига оид ёввойи ҳайвонларни сақлаш тўғрисидаги Бонн конвенцияси доирасида қабул қилинган меморандумни имзолаган мамлакатлар - Россия Федерацияси, Қозоғистон, Мўғулистон,  Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда  Хитой ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари ушбу умумий мақсадни амалга ошириш йўллари хусусида келишиб, 2016-2020 йиллар учун ишчи дастурни тасдиқлашди.

Унга кўра, сайғоқларнинг ноқонуний овланишига тўсқинлик қилиш, улар яшайдиган жойларда аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш ҳамда таъсирчан ва ҳар томонлама манфаатли усулларни таклиф этиш каби вазифалар амалга оширилади. Ва булар келажакда сайғоқларнинг тур сифатида яшаб қолиши, табиатдаги ўрнини мустаҳкамлашга замин ҳозирласа, ажаб эмас.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!