Меню
Қашқадарё
НОДОНЛИККА НИМА САБАБ БЎЛАДИ?
Муқаддас динимизда илм эгаллаш, маърифатли бўлиш жуда савобли иш экани қайта-қайта таъкидланади. Бешикдан то қабргача илм излаш лозимлиги қайд қилинишининг ўзи катта тарбиявий аҳамиятга эгадир. Ҳадисларда “Садақанинг афзали мўмин киши илм ўрганиб, сўнг бошқа мўминларга ҳам ўргатишидир”, дейилади.
Инсон кибрга берилиб кетмаса, ўзини ҳаммадан ортиқ қўймаса, Аллоҳнинг халифаси сифатида билим эгаси бўлиб, ёруғ дунёнинг барча сир-синоатларига идроки етади.
Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ зотлар ҳаёт тарзи, илм йўлидаги фидойилиги, эътиқодининг поклиги билан барчага ибрат бўлганини яхши биламиз. Демак, диний ва дунёвий маърифатни жам қилган, ана шу ҳар икки илмни эгаллаган кишининг икки дунёси ободдир.
Ислом динини фақат ақида деб қарамаслик керак, балки у, аввало, маърифат, илмдир. Ислом тарихи шундан далолат берадики, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)гача бўлган давр арабларда “жоҳилия” деб аталган. Ислом дини ана шу “жоҳилия” (нодонлик) даври ўрнига кенг маънода маърифат, маданият, илм-фан ва маънавиятни яратди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда билим эгаллаш — жамиятга ва ўзига фойда келтирувчи шахс бўлиб етишишда муҳим омил, деб қайд қилинган. Толиби илм бўлиш фарздир. Билимсизлик кишиларни нодонликка олиб келади. Билимсиз жамиятда эса жаҳолат, разолат ҳукмронлик қилади. Ҳадисларда: “Билимнинг офати унутишдир. Уни ноаҳил кишига гапириш эса уни зое қилишдир”, “Илму ҳунарни Чин (Хитой)да бўлса ҳам бориб ўрганинглар”, деб даъват этилади. Шунга кўра, “Олим бўл, ё бўлмаса билимга ва илм аҳлига муҳаббатли бўл”, дейилган.
Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: “Илм - ибодатдан афзал”, “Ибодат фазилатидан кўра илм фазилати менга севимлироқдир”.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади.
Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деганларини эшитдим.
Маърифат жаҳолатнинг, хурофотнинг кушандаси эканлиги яқин тарихдан маълум. Билимли, доно, илмига амал қилган инсонлар жоҳиллик, бефарқлик, ялқовлик каби иллатлардан халос бўлади, тинмай меҳнат қилади, кишилар ўртасида ҳурмат-эътибор қозонади.
Зеро, билим нурдир. Йўлимизни у билан ёритамиз. Билим – озуқадир. Ақл ва қалб у билан озиқланади. Билим - тоза, мусаффо ҳавоки, у билан нафас олиб, руҳий тушкунликларимизни, дард-аламларимизни унутамиз.
Азамат УСМОНОВ,
Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ахборот-ресурс маркази мудири