Меню
Қашқадарё
НОДОНЛАРГА НОДОН ҲУКМДОР ЯРАШАДИ
Сараланган сатрлар
Кўп марраларни шиорбозликка қуриш ёмон. Моҳиятни билмай, мақсад сари интилиш эса охири йўқ манзил, ҳатто жар томон ҳаракатланишга ўхшайди.
"Учинчи Ренессанс" учун интилиш яхши албатта, аммо бугун уни билган ҳам, билмаган ҳам ишлатиб ётгани чатоқ. Соатлаб чўзиладиган, иштирокчилари ухлаб ўтирадиган мажлис ўтказиб, ўша Ренессансга етишишни кўзлайдиган калтабинлар ҳам кам эмас.
Янги уйғонишга қадам қўймоқ истасак, ундан аввалги Кўтарилишнинг сабаблари, омилларини пухта ўрганмоғимиз даркор.
Яшаб турган заминимиз IX-XII ҳамда XIV-XV асрларда икки уйғониш босқичини бошдан кечирган. Шу давр-муҳит яратган олимлар дунё ривожини янги ўзанга буриб юборганини ҳеч ким инкор этолмайди.
Беруний ва Ибн Сино биз айтаётган босқичнинг биринчисига мансуб. Иккисиям қомусий билимлар соҳиби, 300-400 талаб китоб ёзган (!), бири саройда, бири қувғинда яшаган. Ва ўзаро илмий ҳамкорликдан тўхтамаган. Қизиқ ва ғаройиб тарих.
Одил Ёқубовнинг "Кўҳна дунё" романи ана шу тарихга бағишланади. Улар яшаган давр шундай эдики, араб тили орқали дунё тафаккурининг энг нодир намуналари Ўрта Осиёга кириб келган, дунё тўла-тўкис - очилмаган қўриқ, кашф этилмаган, ҳар изланиш янги илмга бошлайди, илм денгизининг чек-чегараси йўқ - тахт, ҳокимият илинжидаги кимсалар эса бир зум бўлсин, курашни, қатлни, рутба эгаллаш кўйидаги жаҳдини тўхтатмайди. Кимга жабр - илм аҳлига, тинчлик-осойишталик истайдиган қора халққа!
"Кўҳна дунё" минг йил наридаги воқеалар ҳақида тасаввур беради, гоҳ мароқли, гоҳ мунозарали тарзда...
* * *
"Агар мен бу одамларга зулм қилган бўлсам, гумроҳлиги ва нодонлиги учун шундай қилдим. Агар булар нодон бўлмаса, Худонинг ақлсиз бир махлуқига инониб, каминани тахтга кўтаришмас эди! Беақл махлуққа инониб мени пошшо қилишган экан, раҳм-шафқат не даркор буларга? Доно пошшо доноларга лойиқдур! Нодонларга нодон пошшо ярашур!"
* * *
Базм устида мадҳия ўқимоқ осон, аммо вафодор надим бўлмоқ мушкул бу дунёда!
* * *
Ҳа, султон Маҳмуд шундай мард, шундай танти эди! У ҳеч қачон пистирмада туриб жанг қилмаган, энг шафқатсиз қирғинларда ҳам ўзини лашкар панасига олмаган! У машриқдан мағрибга чўзилган бу ҳудудсиз салтанатини ўз салоҳияти, куч-қудрати ва шер юраги билан орттирган... Ҳайҳот! Бу чексиз давлат, бу шон-шуҳрат, бу ҳисобсиз хазина, "амир ал-мўминин" деган бу улуғ мартабалардан не фойдаки, агар қариган чоғида бу аянчли аҳволга тушиб қолса?
* * *
Берунийнинг ўзи ҳам эсини танибдики, ҳақиқат излайди. Ҳақиқат йўлида кирмаган кўчаси, юрмаган йўли қолмади. Бирда уни кўкдан кутса, бирда илм ва ақлу идрокдан қидирди, яна бирда Қобус ибн Вушмагир, Маъмур ибн Маъмун ва султон Маҳмуд каби ҳокимларни йўлга солиб, ҳақиқатни қарор топтираман, деб ўйлади, бироқ, э воҳ, устоз айтган адлу ҳақиқат ҳамон ундан қочмоқда, шамол каби, ёввойи оҳу каби тутқич бермай қочмоқда. У бўлса умри бино бўптики, "ҳақиқат" деб аталмиш бу "оҳу"ни қувиб юрибди.
* * *
Ажабо: не-не шаҳарларни зер-забар қилиб, не-не қалъаларга ўт қўйиб, раҳм-шафқат нелигини билмаган бу фотиҳи музаффар битта оҳунинг зорли нидосига кўнгли вайрон бўлиб, юм-юм йиғлайди!
* * *
Беруний тоққа чиқишга аҳд қилиб, унинг этагига борганида кўнглида ҳали ҳеч нарса йўқ эди. Нечундир фақат бир нарса, олис уфқда қаққайиб турган ёлғиз дарахт унинг эътиборини жалб этган эди, холос. У тоққа аста-секин ўрмалаб, икки юз қадамча кўтарилгач, нафасини ростлаш учун тўхтади, тўхтади-ю... беихтиёр бояги дарахтни қидирди. Ажабо: боя уфқда турган дарахт тоғ тагига келиб қолган, уфқ эса йироқ-йироқларга чекинган эди! Рост, бу ҳодиса ҳам Беруний учун янгилик эмас эди. Лекин баландлаб борган сари янги кўз илғамас уфқлар очилишини кузатаркан, худди бугунгидай, миясида алланарса "ярқ" этди-ю, уни йиллар давомида қийнаб юрган чигал бир муаммо бирдан равшанлашди: бу замин - гир айланаси осмони фалак билан чегараланган бу замин, ҳамма ўйлаганидек, теп-текис эмас, йўқ, текис эмас!
* * *
Бу оламнинг яратилиши, табиат ҳодисаларининг бир-бирига чамбарчас боғланиб кетиши метин бир қонуниятга асосланганини, қонуният эса ўз навбатида, буюк бир зарурат пойдеворига қурилганини англаб олди. Фақат бу қонуниятнинг тагига етмоқ, бу улуғ заруратни англамоқ қолди, холос. Англамоқ учун эса ақл-идрокка суянмоқ зарур. Шунинг учун ҳам у, авваламбор, кўкка, иккиламчи, ақл-идрокка сиғинади, ақл-идрок олдида бош эгади.
* * *
Ҳа, бу тафаккур, бу ақл-идрок бани одамга фақат бир мақсадда, ўзи яшаган бу оламни билмоқ, табиат сирларини англамоқ ва, ниҳоят, оқу қорани таниб, ўз ҳаётини инсоф ва адолат асосига қурмоқ учун ато қилинган! Бани одам эса э воҳ, ҳануз чиркин истак ва тубан ҳиссиётлар тузоғидан чиқолмайди!
* * *
О, болалик! Беғубор, беташвиш болалик! Кечаси учган юлдуз янглиғ "ялт" этиб, бир чақнадингу ўтдинг-кетдинг!
* * *
Ҳайҳот, шон-шуҳрат ишқида ёнган бу жоҳил ҳокимларнинг тубан истаклари олдида унинг эзгу орзулари бамисоли тошга теккан ойнадай чил-чил синди. Ва лекин... бу дунёда ҳамма нарса нисбий! Биргина Ҳиндистонга ўн етти марта юриш қилиб, неча-неча шаҳарларни вайрон қилган, қалъалар ва ибодатхоналарга яширинган минг-минг заифалар, норасидалар, майиб-мажруҳлар устидан тириклайин ўт қўйиб юборган султон Маҳмуддай жаҳонгир олдида Ибн Сино хизмат қилган гумроҳ ҳокимларнинг этагида намоз ўқиса бўлади!
* * *
Нечун Беруний кейинчалик, табиат сирлари тўғрисидаги ёзишмаларида, алхусус, Арастунинг "Илоҳият"и ҳақида, жисмларнинг иссиқлик ва совуқликда кенгайиши ва торайиши тўғрисида хат ёзишганларида Ибн Синога нисбатан қўполлик қилди, алломалар шаънига ярашмайдиган густоҳликка йўл қўйди? Ёзишмалар ҳам майли, Ибн Сино Журжон ҳокими Қобус ибн Вушмагирнинг қизи Зарринабонунинг илтимоси билан шаҳарлар орасидаги масофаларни ўлчаш тўғрисида рисола ёзганида Беруний унинг бу рисоласини камситди, ҳатто, уни ерга урувчи мактублар йўллади? Нечун? Бунинг сабаби ҳам ўша дард, инсон шаънига, хусусан, алломалар шаънига номуносиб рақобат туйғуси эмасми?
* * *
Ҳақиқатан, ғалати яралган экан инсон ақл-идроки! У гўё хасис баққолдай илм деб аталмиш дурдоналарни битта-битта териб, миянинг энг хилват бурчакларига йиғиб қўяверар экан. Аммо нимадир туртки бўлиб, кечаси ёнган машъалдай "ярқ" этиб ёнмагунча бу хилватдаги дурдоналар ҳам жило бериб ярқираб кетмас экан!
* * *
Унга беш қўлдай аниқ кўриниб турган ҳақиқат бошқаларга қоронғу, унга аён бўлган сир-синоатлар бошқалар учун жумбоқ! Уни эзаётган нарса ҳам шу! Унинг кашфиётларига ақли етадиган, фаразларининг мағзини чақа оладиган на бир йўлдоши бор, на бир сирдоши! Ҳаётда ақли ақлингга тенг бир ҳамдаминг, қилган кашфиётларинг, ўйлаган ўйларингга тушунадиган, дардларингга ҳамдард бўладиган бир кимсанг бўлмаса ҳам қийин экан!
* * *
"Мен сиз алломаларга ҳайронмен! Одил шоҳларни қўмсаб ва ёмон ҳокимларни лаънатлаб ёстиқдай-ёстиқдай китоблар битасиз. Ўзларинг эса... султон Маҳмуд янглиғ мустабид шоҳлар хизматида қуллуқ қилиб юрасиз".
* * *
Бани одам оч қашқирдан ёмон - ким ожиз, ким ногирон - авваламбор шуларни ейди!
* * *
Тирик одам, гоҳо-гоҳо, аламли ўйлар хуруж қилиб келганда, тўсатдан портлаб кетганини ўзи ҳам сезмай қолади.
* * *
Буюк бир донишманд бани башарнинг нопок истаклари ва тубан эҳтиросларини бир уйга қамаб қўйилган уч махлуқ - одам, тўнғиз ва арслонга ўхшатган экан. Бани одам деганда у ақл-идрокни назарда тутибди, тўнғиз деганда инсоннинг чиркин хоҳишларини, арслон деганда эса қаҳр-у ғазабини назарда тутибди. Бу уч махлуқнинг қайси бири зўр чиқса, қамалган уйда ўша устунлик қилар эмиш.
НАСРИДДИН тайёрлади.