Меню

Қашқадарё

02.03.2023 6401

Ноқонуний миграция: ушалмаган Европа орзуси

БМТнинг болалар фонди (ЮНИСЕФ) матбуот котиби Андреа Иакомини Италиянинг Ansa агентлигига берган интервьюсида 2014 йилдан ҳозирга қадар Ўрта ер денгизи орқали Европа иттифоқи мамлакатларига ноқонуний ўтиб олишга уринган қарийб 26 минг киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Унинг аниқлик киритишича, бундай ўлим миқдори контрабандачилар фойдаланадиган сувда сузувчи воситалар жуда ишончсизлиги билан боғлиқ.

"2014 йилдан буён Ўрта ер денгизидаги миграция йўналишида 25 минг 800 одам ўлган, улардан 120 нафардан ортиғи биргина 2023 йилда рўйхатга олинди. Ҳалок бўлганлар орасида кўплаб болалар ҳам бор.

Бироқ бу маълумотлар ҳақиқий ҳолатдагига нисбатан паст кўрсаткични акс эттириши тахмин қилинади, чунки биз фақат тасдиқланган ўлим ҳолатлари ёки топилган жасадлар ҳақида гапиряпмиз", деган Андреа Иакомини.

Италия ЕИни келгусида бундай фожиаларнинг олдини олиш чорасини топишга чақирмоқда. Хусусан, "Чегара билмас шифокорлар" жамияти шундай чақириқ билан чиққан.

Европа 2014-2015 йилларда жиддий миграция инқирози билан тўқнашди, қитъага Африка ва Яқин Шарқ давлатларидан мигрантлар оқими ёпирилди. Мисол учун, Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, кўҳна қитъага 2014 йилда 900 минг киши, 2015 йилда эса 1 миллион 48 минг киши келган.

Навбатдаги мигрантлар чиққан қайиқнинг денгиздаги ҳалокати 26 февраль куни рўй берди. Унда 250 киши бўлиши мумкин, ҳозирча 80 нафар одам қутқарилгани, 45 нафари эса ҳалок бўлгани маълум. 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!