Меню

Қашқадарё

10.06.2017 2059

ННТ: ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРДАГИ ИШТИРОК ОРТМОҚДА

- Ҳуқуқий демократик давлат қурилиши жараёнида ННТларнинг иштироки муҳим ўрин тутади, - дейди Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ресурс маркази раҳбари Зулфия Ҳайдарова. - ННТлар бугун фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда шу каби бошқа лойиҳаларда фаол иштирок этаяпти. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамиятдаги мавқеини янада ошириш, уларни ривожлантириш учун қулай шароит яратилган. Хусусан, 2007 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда  ННТлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган шу каби қатор ҳуқуқий ҳужжатлар бунга кенг йўл очмоқда. Шунга монанд, ННТнинг ҳам жамиятда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтиришдаги роли ортиб бормоқда.

Бугун вилоятимизда 600 дан ортиқ ННТ фаолият юритаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари кенг қўллаб-қувватланаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Масалан, жамоат фонди томонидан эълон қилинган биринчи ва иккинчи грант танловларида ўзининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари билан иштирок этган вилоятдаги қатор ННТларга жорий йилда 124 миллион сўм миқдорида давлат грантлари ажратиладиган бўлди. Бу маблағларнинг барчаси жамиятнинг заиф қатламларида учрайдиган оғриқли нуқталарни бартараф этишга, оилавий муаммоларни ҳал этишга йўналтирилади. Мана шундай лойиҳалардан бири Қарши шаҳрида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилоти - “Умид” ташаббусларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш маркази томонидан амалга оширилади.

- “Оила - жамият қадрияти” деб номланган лойиҳамиз грантлар танловида молиялаштиришга муносиб топилди, - дейди марказ директори Дилдора Амирқулова. - У носоғлом оилаларда соғлом муҳит яратиш масалаларига йўналтирилган. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, маҳаллалар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биринчи навбатда маҳалла фаолларини оилалардаги низолар, ажримларнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш борасидаги маҳоратларини ошириш ўқувларини ташкил этмоқчимиз. Лойиҳа доирасида аввалига жойларда дарз кетаётган ёш оилалар аҳволи, эр-хотиннинг ажрашишига сабаб бўлаётган асосий омиллар ўрганилади.Шу асосда дастуримизни такомиллаштириб борамиз ва улардан ўқув жараёнида фойдаланамиз. Шунингдек, оила мустаҳкамлигини таъминлашга оид қўлланмалар ҳамда ажримлар, алимент тўловлари ва бошқа шу каби долзарб масалаларга бағишланган савол-жавобдан иборат кичик-кичик телекўрсатувлар тайёрлаймиз. Бундан кўзланган асосий мақсад маҳалла фаоллари, кайвониларининг  фаоллигини янада ошириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини таъминлашдир.

Таъкидлаш ўринли, Жамоат фонди томонидан ғолиб деб топилган шу каби ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар туб замирида нафақат фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кенгайтириш ва такомиллаштириш, балки кенг аҳоли қатламининг турмуш даражасини юксалтириш каби эзгу мақсадлар ётади. Ижтимоий шериклик асосида давлат дастурлари ижросини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий масалаларни ҳал қилишда ННТларнинг иштироки тобора кенгайиб бораётгани эса кучли фуқаролик жамияти сари босилаётган қадамларни тезлаштиришга хизмат қилади.

 

Мусо МУРОДОВ.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!