Меню
Қашқадарё
Низо бамисоли айсберг, асосий қисми кўзга кўринмайди
Ҳар қандай низо океандаги музтоғ – айсбергга ўхшайди. Бизга фақат унинг учи – атиги 1/10 қисми кўриниб туради, холос, қолган 9/10 қисми доимо сув остида, кўздан панада бўлади. Шундай экан, низонинг кўринмайдиган қисми нимадан иборатлигини билмай туриб, уни охиригача тушунишнинг ҳам, бартараф этишнинг ҳам имкони йўқ.
Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан ўтказилган навбатдаги семинар-тренинг “Ҳамжамиятлардаги низоларни камайтириш” мавзусига бағишланиб, унда низонинг келиб чиқиш сабаблари ва низоли вазиятларда ўзини тутиш усуллари батафсил кўриб чиқилди.
Тренинг Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Унда мазкур лойиҳа бўйича касб-ҳунар ва тадбиркорлик асосларини ўрганиш курсларида таҳсил олаётган 20 нафардан ортиқ хотин-қиз иштирок этди.
- Менга, айниқса, “Стуллар” машқи ёқди, - дейди иштирокчилардан бири - Китоб туманидаги Янгиобод қишлоғидан келиб, офис-менежерлар тайёрлаш курсларида ўқийдиган Гулчирой Холбобоева. – Биз уч гуруҳга бўлиниб ва бир-биримизга мақсадимизни айтмай, олдимизга қўйилган вазифаларни бажара бошладик. Аммо ўзаро мулоқот қилмаганимиз учун бирортамиз ҳам мақсадимизга эриша олмадик, боз устига, тартиб ҳам йўқолди. Биргина ана шу амалий машғулот орқали ҳам низоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва улар нималарга олиб келиши мумкинлигини яхши англаб олдик.
Тренингда ақлий ҳужум, мунозара ва бошқа интерфаол усуллар ёрдамида иштирокчиларга келгусида ҳаётда ҳам, бизнесда ҳам зарур бўладиган кўплаб билим ва кўникмалар берилди.
Тадбирни “Юксалиш” марказига мониторинг қилиш учун ташриф буюрган DVV International минтақавий офиси ва Ўзбекистондаги Филиали вакиллари кузатишди.
Ўз мухбиримиз