Меню
Қашқадарё
НИШОНДА ЯНГИ ДАЛА-ЎҚУВ МАЙДОНИ ОЧИЛДИ
Ҳарбий хизмат – муқаддас бурч
Нишон туманида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли “Нуристон” дала-ўқув майдони очилди.
Туманнинг Туркманистон Республикаси билан чегара ҳудудидаги 35 минг гектарни эгаллайдиган ўқув майдонининг 16 минг гектардан ортиқ қисмида турли шароит ва ҳолатлардаги уруш стратегиялари бўйича ҳарбий машқ ўтказиш мумкин. Шунингдек, мажмуада бир вақтнинг ўзида 600 нафар ҳарбий хизматчининг узоқ вақт давомида яшаб, машқ ўтказиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Замонавий кўринишдаги дала-машқ майдони очилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш, миллий армиямизнинг қурол-яроғ базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларга етарли шарт-шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида гапирди. Ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторларнинг ташкил этилиши мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқ якдиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Мажмуада 600 ўринли ётоқхона ва ошхонадан ташқари, замонавий кутубхона, тиббиёт пункти, энг замонавий ўқув-услубий воситалар билан жиҳозланган очиқ ва ёпиқ турдаги ўқув корпуслари мавжуд, - дейди катта лейтенант Мавлонбек Ўрмонов. – Шунингдек, бир неча спорт заллари, дам олиш хоналари бор. Албатта, бундай имкониятлар бизга янада кўпроқ ўз устимизда ишлаш, мураккаб машқларни ҳам пухта ўзлаштириш учун катта қулайлик яратади.
Тадбир вилоятимиз санъат усталари томонидан намойиш этилган галаконцерт, ҳарбий хизматчиларнинг турли жанговар элементларни ўзида мужассам этган кўргазмали чиқишлари билан давом этди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар