Меню
Қашқадарё
Нишонда рақамли технологиялар ўқув маркази очилди
Ёшлар ўртасида компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспортни оммалаштириш, соҳада замонавий мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида юртимизда босқичма-босқич равишда рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил қилинмоқда.
Навбатдаги марказ Нишон туманида, “O‘zbektelekom” АК Қашқадарё филиалининг Нишон телекоммуникация боғламаси қошида ташкил этилди.
Очилиш маросимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, тизимдаги корхона ва ташкилотлар, туман хлақ таълими бўлими вакиллари, фаоллар ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Бу ерда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар компьютер саводхонлиги, дастурлаш, веб-дизайн ва робототехника асослари бўйича бепул ўқитилади ва курсларни муваффақиятли тамомлаганларга сертификатлар берилади.
Айтиш ўринли, мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Қарши шаҳрида ҳам рақамли технологиялар ўқув маркази очилган, “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти Қашқадарё филиали Қарши шаҳар почта алоқаси боғламаси қошидаги мазкур марказ мамлакатимизда кенг аҳоли қатламини масофавий махсус онлайн-портал орқали IT-йўналишлари бўйича тайёрлашга йўналтирилган йирик “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида амалга оширилганди.
Шу билан бирга, “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани” компанияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги қошидаги Инновация, технология ва стратегия маркази билан ҳамкорликда Қарши шаҳридаги 26-мактабда робототехника синфи фаолият бошлаб, машғулот ўтиладиган хоналар 243 миллион сўмлик компьютерлар, 3D-принтер, робототехника тўпламлари, проектор мосламаси ва бошқа инновацион ускуналар билан жиҳозланди.
Албатта, бу борадаги ташаббуслар ёшларни замонавий ва келажак касбларига йўналтиришда муҳим ўрин тутади.