Меню

Қашқадарё

09.10.2020 1924

НИШОНДА КОЛЛЕЖ БАЛАНСИДАГИ БИНО МУҲТОЖЛАРГА УЙ СИФАТИДА БЕРИЛГАН. БУ ЕРГА КЎЧИБ ЎТГАНЛАР ЭСА ШАРОИТ ЙЎҚЛИГИДАН НОРОЗИ

Муаммо устига муаммо

Ҳар қандай адолатли давлат, инсонпарвар жамият биринчи навбатда эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган кишиларга кўмак кўрсатишга, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади.

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар туб замирида ҳам ана шу ҳақиқат мужассам. Буни Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар ижроси доирасида барча ҳудудларда эҳтиёжманд, кўп болали, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган фуқароларнинг уй-жой билан таъминланаётгани, уларга тизимли равишда моддий ёрдам кўрсатилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Вилоятимизда ҳам сўнгги йилларда кўплаб ана шундай оилалар уй-жой билан таъминланди. Албатта, йиллар давомида ижарада ёки яшаш учун шарт-шароити бўлмаган жойларда қийналиб кун кечирган бундай инсонларнинг замонавий, шинам хонадонларга эга бўлганидаги қувончини ифода этиш қийин.

Бироқ айрим масъуллар томонидан бу борада ишлар хўжакўрсинга, бугун ўтсин, эртага бир гап бўлар, қабилида амалга оширилаётгани ҳам бор гап.

Мисол учун, ўтган йили Нишон туманида ҳам ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг ётоқхонаси бўлган бино таъмирланиб, ногиронлиги бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларга топширилган эди. Кейин ҳокимлик оғзаки келишув асосида ўша бинони таъмирлаган тадбиркорга келишилган пулни бермасдан, икки ўртада можаро келиб чиққани, воқеа тафсилотлари республика нашрларида ҳам ёритилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.

Аммо биз қаламга олган мавзу ҳамон пулини ололмай, жонсарак юрган тадбиркор ёки унинг иддаоларини рад этишдан чарчамаётган "катта"лар эмас, балки не-не орзу- ҳаваслар ила шу уйга кўчиб кирган, бугун эса бу ердаги абгор шарт-шароитларни кўриб, "Аввалги турмуш  тарзимизнинг нимаси ўзгарди?" деган саволга жавоб топа олмаётган хонадон соҳибларининг дарду ташвишлари хусусида.

  Рост-да. Бу инсонлар кўп йиллар давомида қийналиб яшашган. Давлат томонидан ўзларининг уй-жой билан таъминланишини эшитиб, қувончдан бошлари осмон қадар юксалган. Кейин туман ҳокимлиги, алоқадор  корхона ва ташкилотлар масъуллари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ноғораю карнай-сурнайлар овози қалбларга завқ-шавқ бағишлаган катта тадбирда уларга янги хонадон калитлари байрамона топширилган. Хоналарда телевизор, мебель борлигини кўриб, миннатдорлик ҳиссидан кўзларига ёш келган. Кейин эса...

- Тўртта фарзандим бор, - дейди шу уйдаги хонадонлардан бирига кўчиб келган Феруза Мирзаева. - Кўчиб келган кунимиз айниқса, хонадаги чиройли стол-стулларни кўриб, кўзларимга ишона олмагандим. Фарзандларимнинг қувончини айтмайсизми? Ҳокимлик масъуллари уйимизга кириб, табриклашди. Болаларим билан катта стол атрофида ўтириб, чой ичдик. Бу жараённи видеога олишди. Тадбирдан бир неча кун ўтиб, қандайдир ташкилот ходимлари келиб стол-стулларни, яна бир қанча буюмларни олиб кетишди. Булар ўша  пайтда раҳбарлар кўриши учун қўйилган эканмиш. Майли, бировники экан, олиб кетишсин, розиман, лекин бундай кўзбўямачиликнинг кимга кераги бор? Очиғи, болаларимнинг мана шундай ишларга гувоҳ бўлганидан ачиндим.

Уй топширилган вақтда хонадонларда зарур маиший буюмлар бўлгани, бир неча кундан сўнг эса олиб чиқиб кетилганини шу ерда яшаётган, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган  Маҳлиё Сувонова ҳам тасдиқлайди.

 

- Бизнинг уйда катта телевизор қўйилган эди, - дейди у. - Кўчиб келганимиздан бир неча кун ўтиб "райсабез"дан одам келди. Телевизорни вақтинчалик қўйгандик, бу ташкилотники, олиб кетишимиз керак, деди. Аввалига ишонмадим, Президентимиз бизларга берган, бермайман, дедим. Ноилож қайтиб кетишди, лекин яна қайта-қайта келаверди. Охири безор бўлганимдан бериб юбордим.

Аммо аҳолининг ташвиши уйдаги маиший буюмларнинг олиб кетилгани эмас, балки бу ерда яшаш учун зарур бўлган оддий шарт-шароитларнинг ҳам йўқлигидан.

- Касаллик сабаб шу ҳолга тушдим, - дейди 2-гуруҳ ногирони Қоржов Турсунқулов. - 10 йил ичида иккита оғир операцияни бошдан ўтказдим. Дори-дармондан орттириб, уй-жой қура олмадим. Тўрт фарзандим бор. Турмуш ўртоғим ҳам ишламайди. Давлатимиз бераётган 500 минг сўмдан кўпроқ ногиронлик нафақасига қараб қолганмиз. Бизга шу ердан икки хонали хонадон ажратишганида жуда хурсанд бўлгандим. Аммо ёлчийдиган жой эмас экан. Бир йил ичида бутунлай таъмирталаб бўлиб қолди. Бу ҳам майли, бинода зарур коммунал тармоқлардан фақатгина электр энергияси бор, холос. У ҳам таъмирлаш жараёнида жуда сифатсиз сим қўйилгани учунми тез-тез "авария" ҳолатига тушиб, ўчиб  қолади. Сув йўқ, газ йўқ, иситиш тармоғи йўқ. Ҳозирдан хоналаримиз совиб кетди, қишда қандай жон сақлаш ҳақида ўйлаяпмиз. Шунча хонадонга бино орқасидан битта ҳожатхона қурилган. Ичимлик суви масаласи ҳам доим жанжалли. Чунки ҳовлида битта ҳовуз бор. Ҳаммамиз пул қўшиб, бир машина сув сотиб олишимиз ва кейин ундан тенг фойдаланишимиз керак. Бунга ҳамма ҳам рози бўлавермайди.

Хонадон соҳибларининг айтишича, ҳокимлик мутасаддилари ҳамма ишни фақат ҳисобот учунгина қилишган.

Ҳақиқатан ҳам, уйнинг биринчи подъездидаги икки-учта хонадон бинойидек таъмирланиб, ҳатто ювиниш хоналарида ванна ва раковиналар, бошқа сантехника воситалари ўрнатилган. Афтидан бу хонадонлар юқоридан келадиган катталарга кўрсатиш учун мўлжалланган бўлса керак. Қолган хонадонларга эса бундай жиҳозлар умуман қўйилмаган. Бино орқасида иситиш "котёл"и бор, аммо бу мосламага ҳатто олов ёқиш учун туйнук, сув солиш учун идиш ўрнатилмагани, тармоқнинг ўзи йўқлиги аслида ҳам уни ишлатиш мақсади бўлмаганидан дарак бериб турибди.

 Хўш, бинодаги камчиликлар бартараф этиладими? Қишда аҳолининг уйни иситиши учун қандай чоралар кўрилмоқда?

Шу каби саволлар билан туман ҳокимлиги мутахассиси Исмат Мейлиевга мурожаат қилдик. Мутасадди  бинодаги камчиликлар, у ерда яшаётган оилаларни қийнаётган коммунал муаммоларни тан олган ҳолда, айни пайтда уларни бартараф этиш бўйича ҳеч қандай чора-тадбирлар режаси мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлади.

 Янги уй-жой билан таъминланганлардан яна бири, 2-гуруҳ ногирони Гулнор Раҳматованинг айтишича эса, бинони ўзлари таъмирлаб, зарур шарт-шароитларни яратайлик, деганда ҳам, бу уй уларнинг мулки эмас. Исталган вақтда бу ердан чиқариб юборилиши мумкин. Чунки, бино ҳали-ҳамон коллеж балансида. Қандай қилиб коллеж ётоқхонаси уларга доимий яшаш учун уй бўлиб қолади? Коллеж даъво қилгудек бўлса, иморатни қайтариб олишга ҳаққи бор.

- Аввал шу ҳолга тушганим учун ҳам айтаяпман, - дейди у. - Онам иккаламиз йиллар давомида уйсиз сарсон-саргардон яшадик. Кўплаб мурожаатларимиздан сўнг 2010 йилда ҳокимлик мутасаддилари бир  нечта оилалар қатори бизга ҳам Оқ олтин маҳалласи ҳудудидаги МТП гаражидан иккита хона ажратиб беришди. Жуда хароба хоналар эди. Лекин уйли бўлганимиздан чексиз хурсанд бўлиб, 10 йил давомида бор топган-тутганимизни у ерга сарфладик. Хоналарни ремонт қилдик, яхши эшик ва ромлар ўрнатдик. Уй орқасига мевали дарахтлар экиб, боғ яратдик. Кредит олиб, товуқ боқдик. Ҳозир ҳам 200 га яқин товуғим бор. Энди оғзимиз ошга етиб, одамдек яшаётган вақтимизда ҳокимлик биз яшаётган бинони ноль қийматда бир тадбиркорга бериб юборибди. У эса тезда бу ерни бўшатиб қўйишимизни талаб қилаяпти. Тўғри, ҳокимлик бизга ногиронлар учун мўлжалланган уйдан хонадон ажратди. Лекин эртага бу ердан ҳам қувиб чиқарилмаслигимизга кафолат борми? Шу боис ҳали янги хонадонга кўчиб ўтмадик. Эски жойимизда эса тадбиркор билан ҳар куни уруш-жанжал. Нима қилишга бошимиз қотган.

 

 

Ҳа, суҳбатдошимизнинг эътирозида жон бор. Муаммони яшириб, уни вақтинча "ялтироқ қоғоз"га ўраб кўрсатганингиз билан у йўқ бўлиб қолмайди. Бироз муддат кўзга ташланмай турса-да, аслида баттар кучайиб муаммо устига яна муаммолар кўпайиб кетаверади. Афсуски, айрим раҳбарлар буни ҳали-ҳамон тушунмаяпти ёки тушунишса-да, шу усулни ўзига маъқул кўришаяпти. Буни Нишон тумани ҳокимлиги масъулларининг ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган фуқароларни юқоридаги тартибда "уй билан таъминлаш"и мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!