Меню
Қашқадарё
Нишонда ҚФЭС қуришга 350 миллион доллар чет эл сармояси йўналтирилади
Нишон туманида қуввати 500 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасига чет эллик сармоядор – Хитойнинг “China Gezhouba Group Overseas Investment Co., Ltd.” компанияси томонидан дастлабки баҳолаш бўйича жами 350 миллион АҚШ доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилади.
Жорий йил 14 июнь куни мамлакатимиз Президенти “Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди. Унда акс этган маълумотларга қараганда, ушбу лойиҳа доирасида шу йил 29 апрель куни хорижий инвестор ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида инвестиция битими имзоланган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ “China Gezhouba Group Overseas Investment Co., Ltd.” компанияси инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида Нишон туманида қуввати 500 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини лойиҳалаштиради, молиялаштиради, қуради ва эксплуатация қилади. Шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда, юқори қайд этилган миқдорда хорижий сармоя жалб этади.
Айни пайтда қарорда “China Gezhouba Group Overseas Investment Co., Ltd.” компанияси ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўртасида электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида битим имзоланганлиги ҳам маълумот учун қабул қилинган. Ушбу битимга мувофиқ хорижий инвестор лойиҳа компаниясини ташкил этиб, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан унинг фойдасига воз кечади ва лойиҳа доирасида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ўзбекистонлик ҳамкорига сотишни кафолатлайди. Ўз навбатида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ янги қуёш фотоэлектр станциясини ягона электр тармоқларига улаш учун ҳаво электр узатиш линиясини барпо этиш ва инвестор томонидан етказиладиган электр энергияни 25 йил давомида кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олган.
Президент қарорида инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ бир қатор муҳим чора-тадбирлар жамланган. Масалан, қарор талабига кўра, лойиҳа учун Нишон тумани ҳудудида ажратиладиган 1048,29 гектар ер участкаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилиб, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасидан ҳокимлик захирасига қайтарилиши зарур. Шундан кейин бу ер участкаси Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади ва тегишли тартибда лойиҳа компанияси ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга ижарага берилади.
Эътиборли томони, шу йил 14 июнь куни давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида қуввати 500 МВт ва Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида қуввати 400 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари, шунингдек, Юқоричирчиқ туманида қуввати 334 МВтга тенг электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш лойиҳаларини ҳам амалга оширишга доир қарорларга имзо чеккан.