Меню
Қашқадарё
Нишонда “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида 713 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит ўзлаштирилган
Маълумки, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида фоиз ставкаси йиллик 7 фоиз миқдоридаги имтиёзли кредит тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар, кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликлари, оилавий тадбиркорларга энг кам иш ҳақининг 150 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда берилади.
Кўриниб турибдики, ушб турдаги кредитга эга бўлган шахслар ва корхоналар фаолиятини анча жадал ривожлантириши мумкин. аммо нафсига қул айрим кимсалар сабаб бу борадаги ишлар кутилган натижани бермаяпти.
Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Нишон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ана шундай ҳолатга дуч келинди.
Аниқланишича, “B.B.” “N.Х.”, “T.Х.” ва “N.T.” МЧЖлар томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида тумандаги Пахтазор ва Самарқанд маҳаллаларида яшовчи 64 нафар фуқаронинг жами 80,1 сотих ер майдонидаги иссиқхоналари тўлиқ қуриб берилмасдан 713,8 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.
Шунингдек “B.B.” МЧЖ фаолияти давомида 575,4 миллион сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлиги ҳамда жуда кўп миқдорда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлиги ойдинлашган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш), 184-моддаси (солиқларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.