Меню
Қашқадарё
Нишон туманида хорижий инвестициялар ҳисобидан йирик энергетика объектлари қад ростламоқда
III Тошкент Халқаро инвестиция форуми доирасида Нишон туманида қуввати 500 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси (ҚФЭС)нинг иккинчи босқичи ишга туширилди.
Бу ҳақда хабар тарқатган “O‘zbekiston 24” телеканали Нишон туманида 1 минг гектардан ортиқ майдонда барпо этилаётган ҚФЭСнинг дастлабки босқичи (200 мегаваттлик қувват) ўтган йилнинг декабрь ойида якунига етказилганини эслатиб, навбатдаги босқич соатига 100 мегаватт электр энергия ишлаб чиқаришга мўлжалланганини билдирмоқда. Умуман олганда, бугунги кунда қурилишида 980 нафар маҳаллий ва 400 нафар хитойлик мутахассис, шунингдек, 100 дан ортиқ техника воситалари ишлаётган мазкур объектни жорий йилнинг охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Илгари хабар берганимиздек, ўтган йилнинг апрель ойида “China Gezhouba Group Overseas Investment Co., Ltd.” компанияси ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида инвестиция битими имзоланган. Унга кўра, хорижий сармоядор инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида Нишон туманида қуввати 500 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини лойиҳалаштиради, молиялаштиради, қуради ва эксплуатация қилади. Бунинг учун, дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича, жами 350 миллион АҚШ доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилади. Ўшанда имзоланган яна бир ҳужжат – электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида битимга мувофиқ хорижий инвестор лойиҳа доирасида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ўзбекистонлик ҳамкорига сотишни кафолатлайди. Ўз навбатида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ янги қуёш фотоэлектр станциясини ягона электр тармоқларига улаш учун ҳаво электр узатиш линиясини барпо этиб, етказиладиган электр энергияни 25 йил давомида кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олган.
III Тошкент Халқаро инвестиция форуми ўтказилган кунларда Нишон туманида энергетика соҳасида амалга оширилаётган яна бир йирик инвестиция лойиҳаси – қуввати 400 МВт бўлган газ-поршенли электр станцияси қурилиши ҳам қизғин паллага киргани маълум қилинди. Таъкидланишича, Туркиянинг “AKSA Enerji” компанияси мазкур объектни барпо этишга 250 миллион доллар сармоя йўналтириш мажбуриятини олган.
Ўз мухбиримиз