Меню

Қашқадарё

23.07.2016 2194

Нишон тумани: ЯРАТУВЧАНЛИК ИШҚИ ВА ШУКРОНАЛИК ҲИССИ БИЛАН...

Бир рақамга эътибор қаратинг: мустақилликкача бўлган даврда, яъни 1989 йил Нишонда  қабул пунктларига бор-йўғи 1610 тонна (!) дон етказиб берилган. Бу - факт. Рақамларда ҳеч қандай адашмовчилик йўқ. Адашиш амалда бўлган: аҳолининг донга, унга, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи умуман ҳисобга олинмаган ва фақат пахта етиштиришга урғу берилган. Натижада аграр район ҳисобланган Нишон аграр ҳам эмас, пахта районига айланиб қолганди. Ғўзага ўғит бериш мақсадида ўнлаб аэродром қурилган ва улардан учадиган “кукурузник”лар пахтани, унга қўшиб аҳолини ҳам тинмай “ўғитлаб”, бутефослаб турарди.

Бугун эса ҳаммаси ўзгача. Тўғри, Нишонда ҳозир ҳам аграр соҳа етакчи саналади. Бироқ аввалгидек фақат пахтачиликка ихтисослашган чўл ҳудуди эмас, ғаллачилик, картошкачилик, балиқчилик, асаларичилик, сабзавот, мева, полиз ва узум маҳсулотлари етиштириш бўйича ўзига хос мактаб яратилган ҳудуд. Саноат ишлаб чиқариши ривожланаётган, бири-биридан мафтункор иморатлар билан бойиб бораётган обод гўша. Буларнинг барчаси меҳнатга муносабат ўзгарганидан, юртимизда изланган, интилган одам учун етарли шарт-шароит яратилганидан, халқимизнинг асли қонида бўлган яратувчанлик ҳисси истиқлол шарофати билан қайта бўй кўрсатаётганидан.

БУГУН ҲАММАСИ ЎЗГАЧА

Мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати учун катта имкониятлар яратилгани туфайли бир пайтлари умумники ва ҳеч кимники ҳисобланган ер ҳақиқий эгасини топди, меҳр кўрди, мўл ҳосил берадиган бўлди. Энг асосийси, шу ерга умид уруғини қадаган миришкор бир пайтлари рўшнолик нималигини билмаган бўлса, бугун у ўз меҳнатидан қадр, эътибор топди. Фермер қишлоқ тараққиётида етакчи кучга айланиб бормоқда. Энди ўша юқорида таъкидланган 1610 тонна донни нари борса 10  фермер даласининг ярмида етиштиради.

“Оқ поя” фермер хўжалиги раҳбари Алибек Тошмуродовнинг суяги далада қотган. Раҳматли отасидан фермер хўжалигини юритишни, экин билан тиллашишни пухта ўрганган. Шу боис Алибек ёш бўлишига қарамай фермер хўжалиги аъзолари йиллар давомида топган обрўга обрў қўшишга эришаяпти. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш эвазига, давлатга пахта, ғалла сотиш шартномавий режалари ортиғи билан уддаланаяпти.

- Бу йил 30 гектар ерда ғалла парваришлагандик, - дейди А.Тошмуродов. - Гектаридан 70 центнердан ортиқ ҳосил кўтаришга муваффақ бўлдик. Унинг 130 тоннасини давлатга сотган бўлсак, ортиғи ўзимизда қолди. Бу деҳқонларимизнинг омборини ғаллага, рўзғорини қут-баракага тўлдиришга хизмат қилаяпти. Биз фермерларнинг, хўжалигимиз ишчиларининг масъулиятини ошираяпти, эртага бугунгидан-да кўпроқ ва самаралироқ меҳнат қилишга ундаяпти. 61 гектар ерга чигит қадаганмиз. Ғўзанинг ривожи яхши. Насиб қилса, унинг ҳар гектаридан 45 центнердан ошириб ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Бунинг учун етарлича техникамиз, ишчимиз бор. Йиғим-терим ишлари маҳалламиз одамларидан ортмайди.

Фермернинг айтишича, у кутилаётган даромадни ишчиларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, маҳалласида хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини йўлга қўйиш, чорвачилик тармоғини ташкил этиш, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи фаолиятини йўлга қўйиш учун сарфлаш ниятида экан.

- Интернет орқали бошқа мамлакатлардаги фермер хўжаликларининг фаолияти билан танишиб тураман, - дейди у. - Ҳаммасида фермернинг пули бўлса нимадир иш қила олади, акс ҳолда йўқ. Бизда-чи? Ҳали уруғни ерга қадамай туриб, унинг ҳосили учун пул олиш имконияти яратилган. Ёнилғи, ўғитни далангизгача олиб келиб беришади. Ҳосилдорликни оширишга эришсангиз, яна бир қатор имтиёзлар. Шундай шароитда ишламай бўладими?!

Бундай имкониятлардан самарали фойдаланаётган “Оқ поя” каби фермер хўжаликларининг, истиқлол туфайли меҳнати қадр топган деҳқонларнинг, чорвадорларнинг мулкка эгалик ҳисси ҳосиласи ўлароқ туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми йил сайин ортиб бормоқда.

Келинг, 15 йил аввалги ва ҳозирги рақамларни солиштириб кўрайлик. 2000 йилда туманда 5 миллиард 874 миллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган бўлса, 2015 йилда бу рақам 200 миллиард 500 миллион сўмни ташкил этди.

Картошка етиштириш 2000 йилдаги 417 тоннадан 2200 тоннага, сабзавот 3505 тоннадан 17812 тоннага, мева 805 тоннадан 3154 тоннага, узум 790 тоннадан 1780 тоннага ошди. Туман деҳқонлари ва фермерлари жорий йилда 5 миллион долларликдан ортиқ мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишмоқчи.

Бунда давлатимиз томонидан ерларнинг унумдорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида туманда 10 миллиард сўмликдан ортиқ ирригация-мелиорация ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам каттагина ўсишга эришилди. Гўшт етиштириш 2000 йилдаги 5188 тоннадан қарийб 13000 тоннага, сут 10136 тоннадан 35428 тоннага, тухум 946 минг донадан 15 миллион 208 минг донага, қоракўл тери етиштириш эса 8246 донадан 18293 донага кўпайди.

ЖАЙХУН КЎЛИ”НИНГ ЛУҚМАИ ҲАЛОЛИ

Мустақиллик то унга эришгунимизга қадар юртимизда умуман мавжуд бўлмаган, бугунги кунда эса жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган мулкдорлар синфи жадал ривожланиши учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Тадбиркорлик қонида бор халқимиз бу имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. Жумладан, нишонликлар ҳам. Айни пайтда туманда 583 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, улар ҳудудда ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Жумладан, “Жайхун кўли” хусусий савдо-ишлаб чиқариш корхонаси жамоаси балиқчилик билан шуғулланади. Балиқни аввал кўлда етиштиради, кейин эса корхонага тегишли умумий овқатланиш шохобчаси орқали сотади. Бу эса маҳсулотнинг ҳам сифатини кафолатлайди, ҳам арзон бўлишини таъминлайди.

- Корхонамизда 22 киши меҳнат қилади, - дейди бош балиқчи Ҳусан Саидов. – 24 гектар сув ҳавзамиз бор. 2015 йилда гектаридан 15 центнердан ошиқроқ балиқ овладик. Ҳамма соҳада бўлгани каби балиқчиликнинг ҳам ўзига хос инжиқликлари, қийинчиликлари бор. Лекин меҳнати қадрланган одам бу қийинчиликлардан ҳаловат топаркан. Ҳар йили ҳавзани яхшилаб тозалаб, ишлов бериб, кейин балиқ парваришини бошлаймиз. Парвариш чоғида ҳар бир дақиқаниям инобатга оламиз. Шунда балиқнинг сифати кўнгилдагидек, гўштининг таъми мазали бўлади. Шукур, меҳнатимиз кетидан кам бўлмаяпмиз. Одамлар балиқларимизнинг мазалилигидан мамнун.

Корхона жамоаси айни пайтда фаолияти кўламини кенгайтириш мақсадида яна бир сув ҳавзаси қурилишини бошлаб юборган. 11,5 гектарлик бу ҳавзани қуриш учун 900 миллион сўмлик банк кредити ажратилган бўлиб, 40 кун ичида ҳавза қурилиши якунига етади. Мазкур ҳавзада балиқ боқиш бошланса, яна бир нечта ишчи ўрни яратилади. Бу яна бир неча одам ишли, бир нечта оила даромадли бўлади, деганидир.

Айни пайтда туманда 8 та хўжалик юритувчи субъект балиқчилик соҳасида фаолият юритмоқда. Улар томонидан ҳар йили 200 тоннадан ортиқ балиқ аҳолига етказиб берилаяпти.

Дарвоқе, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг туман ривожида муносиб улушлари бор. Улар туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2000 йилдаги 2 миллиард 738 миллион сўмликдан 2015 йилда 80 миллиард 100 миллион сўмликка, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 319 миллион сўмликдан 15 миллиард 400 миллион сўмликка ўсишига каттагина ҳисса қўшишди.

САНОАТНИНГ ДВИГАТЕЛИ

Нишон бугун нафақат аграр туман, балки саноат соҳасининг ўзига хос двигателига айланиб бормоқда. Бугун туманнинг кўплаб аҳолиси мамлакатимиз энергетика саноатининг энг йирик ва ноёб корхоналаридан бири бўлган, 2004 йилда ўз  фаолиятини бошлаган Талимаржон иссиқлик электр станциясида барқарор иш ўрни ва юқори даромад манбаига эга.

Бугун бу ерда бир кеча-кундузда генерация қилинаётган электр энергияси ҳажми 18,5 миллион киловатт-соатни ташкил этади. Бу бир йилда 6 миллиард киловатт-соатдан ошади, деганидир. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда жами ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг тахминан 12 фоизи айнан Талимаржон ИЭС ҳиссасига тўғри келади. У нафақат аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондираяпти, балки мамлакатимиздаги бир қанча йирик саноат корхоналарининг узлуксиз фаолият юритишини ҳам таъминлаяпти.

Юртбошимизнинг 2010 йил 14 июлдаги ҳамда 2013 йил 7 март ва 7 ноябрдаги қарорларига мувофиқ, республикамиз истеъмолчиларини электр энергияси билан ишончли таъминлаш даражасини ошириш, электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида замонавий ва юқори самарали технологияларни жорий этиш ҳамда генерация қувватларини янада ривожлантириш мақсадида бу ерда ҳар бирининг қуввати 450 МВтга тенг иккита буғ-газ қурилмасини бунёд этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш натижасида ИЭСда бир соатда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси миқдори яна 900 мегаваттга ошади, бир йиллик миқдор эса 7,2 миллиард киловатт-соатга кўпаяди. Шу билан бирга янги буғ-газ қурилмаларининг фойдали иш коэффициенти 52-55 фоиз атрофида бўлиб, бир киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун зарур табиий газ      ёнилғиси сарфи 225-240 граммни ташкил қилади. Буғ-газ қурилма жорий йил сўнгига қадар фойдаланишга топширилиши мўлжалланган.

ЮКСАК ЭЪТИБОР САМАРАЛИ

Мустабид тузум даврида пахта яккаҳокимлигининг авж олиши натижасида халқ хўжалиги бутунлай издан чиққан, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасининг пасайиши, қашшоқлик, оналар ва болалар ўлими ортгани кузатилар эди. Ўша пайтларда, масалан, 1985 йилда Ўзбекистон ССРда ҳар 1000 нафар туғилган чақалоқдан 46,2 нафари бир ёшга етмай нобуд бўлган. Нишонда аҳвол бундан ҳам баттарроқ эди. Тўғри, ўша пайтда ҳам кам бўлса-да, шифохоналар мавжуд эди. Аммо марказ томонидан бу шифохоналарни қуришдан соғлом авлодни вояга етказиш эмас, меҳнат ресурсини асраб қолиш учун фойдаланиш мақсад қилинган эди.

Мустақиллик туфайли соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш биз учун ўта муҳим бўлган устувор вазифаларга айланди. Буни биргина Нишон мисолида кўрадиган бўлсак, истиқлол йилларида туманда 15 та замонавий қишлоқ врачлик пункти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Туман марказий поликлиникаси 1 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ эвазига реконструкция қилинди. Туман марказий шифохонасининг бир қанча бўлимларида реконструкция ишлари давом этмоқда. Тиббиёт муассасалари энг сўнгги русумдаги, замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди. Бу каби ишлар натижасида туманда оналар ва болалар ўлими мустақилликкача бўлган давр билан солиштирганда қарийб 6 баробарга камайди. Аҳолининг умр кўриши узайди.

Туман марказий поликлиникасига олиб келинган замонавий тиббий ускуналардан бири “Mirror-2” аппарати ҳисобланади.  Гинеколог Муяссар Зойированинг айтишича, бу аппарат унинг  фаолияти учун жуда асқатган.

- Бу ҳомиладаги туғма нуқсонларни эрта аниқлаш ва зудлик билан бартараф этиш имконини беради, - дейди М.Зойирова. – Ҳомила 28 ҳафталик бўлгач, “Mirror-2” ёрдамида унинг ҳатто ички аъзоларини текшириб кўриш, қон айланишини назоратда тутиш имконига ҳам эгамиз. Аппаратнинг қулайликлари оналар ва гўдаклар ўлимининг, чақалоқлар турли нуқсонлар билан туғилишининг олдини олишда қўл келмоқда.

Туманда ёшларни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш борасида амалга оширилган ишлар шу билан чекланиб қолмайди. Мустақиллик йилларида ҳудудда 6 та янги мактаб бунёд этилди, 23 та мактаб тубдан реконструкция қилинди. 21 та спорт зал, 50 дан ортиқ майдон барпо қилинди. Бугун уларда 405 та спорт секцияси фаолият кўрсатмоқда. Спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сони 32 минг нафардан ортиқни ташкил қилади.

ТИНЧЛИК, ОСОЙИШТАЛИК, ҲАМЖИҲАТЛИК ҚЎРҒОНИ

Нишон нисбатан кечроқ ташкил этилган туманлардан бири. Шу боис ҳам туман аҳолисининг кўпчилик қисмини бошқа туманлардан, вилоятлардан кўчиб келган одамлар ташкил қилади. Уларнинг худди бир оиладек аҳил-иноқ умргузаронлик қилишида, гапни бир жойга қўйиб, яратувчанлик, бунёдкорлик ишқи билан яшашида халқимизнинг азалий қадрияти ҳисобланган ва мустақиллик туфайли роли ҳамда таъсири тобора кучайиб бораётган маҳалланинг ўрни беқиёс.

Тумандаги Кимёгар маҳалласида қарийб 7000 нафар киши истиқомат қилади. Улар орасида рус, осетин, қирғиз, қорақалпоқ, араб, тожик, туркман миллатига мансуб кишилар бор.  Маҳаллада бир қанча миллат вакиллари тинч-осойишта, баҳамжиҳат бўлиб, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатли бўлиб яшашмоқда.

- Ҳамжиҳатлик ортидан кўплаб ютуқларга эришаяпмиз, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулсум Хуррамова. – Аҳиллигимиз ортидан вилоятда “Энг намунали маҳалла” деб топилдик. Кўрик-танловнинг республика босқичида рағбатлантирувчи ўринга сазовор бўлдик. “Маҳаллам тарихини ўрганаман” танловининг республика босқичида эса 1-ўринни қўлга киритдик. Яқинда вакилларимиз “Отам, онам ва мен – спортчи оила” танловининг вилоят босқичида 2-ўринни эгаллади.

Бу маҳаллада ҳафтанинг бир куни спорт, яна бир куни тадбиркорлар куни деб эълон қилинган. Ҳашарлардан ҳеч ким четда қолмайди. Маҳалла одамлари, у қайси миллат вакили бўлмасин, Ўзбекистонни ўз уйи, Ватани деб билади.

ДАРВОҚЕ…

Тўйнинг ўзидан ҳам “бўлди-бўлди”си қизиқ. Нишонликлар “бўлди-бўлди” қилиб, ҳар мустақиллик байрами, Наврўз ва бошқа айёмлар арафасида ўнлаб янги объектларни ишга туширишади. 25 йиллик арафасида ҳам бир қанча объектлар битай деб қолган.

Халқимизнинг ана шундай бунёдкорлик ишқи туфайли истиқлол йилларида туманда юзлаб янги иморатлар фойдаланишга топширилди. Янги ва янгиланган истироҳат боғлари, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, тўйхоналар, савдо дўконлари, намунавий лойиҳа асосида бунёд этилган уй-жойлар, бозорлар, ижтимоий инфратузилма объектлари туманга кўрк ва файз бермоқда.

Истиқлол берган имкониятлар туфайли нишонликларда ишлашга, яратувчанликка иштиёқ кескин ортган. Улар шундай кунларга етказганига шукур қилиб, юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши, ҳаётимиз бундан-да фаровон бўлишига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Толиб ТЕМИРОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!