Меню
Қашқадарё
Нишон тумани ҳокимлиги: Боғишамол қишлоғига суғориш суви олиб бориш, трансформатор ва бетон устунлар ўрнатиш, йўлга қум-шағал аралашмаси ётқизиш режалаштирилди
“Qashqadaryo” газетасининг шу йил 3 июль сонида “Танқидий назар” рукни остида ЎзА мухбири Ў.Баротовнинг “Биз ҳам одамлардек яшашни истаймиз....” сарлавҳали мақоласи ва унда келтирилган айрим фактларни акс эттирувчи суратлар чоп этилган эди. 7 июль куни эса Нишон тумани ҳокимлигининг расмий Telegram каналида ҳокимлик ахборот хизматининг мазкур мақоладаги ҳолатларга бўлган муносабати қуйидагича баён этилди:
“...Мақолада кўтарилган Нишон туманининг Гулистон МФЙ Боғишамол қишлоғида яшовчи фуқароларнинг ичимлик суви, электр энергия ва табиий газ таъминотидаги камчиликлар, мактаб ва ички йўлларнинг бугунги кундаги ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди ва жорий йилнинг 4 июль куни жойига бориб ўрганилди.
Ўрганиш давомида “Гулистон” МФЙ, Боғишамол қишлоғида 164 та хонадон мавжудлиги, шундан 25 тасига Нишон тумани ҳокимининг 1991 йил 4 мартдаги Х-3-49-сонли қарори билан уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилганлиги ва қолган 139 таси ноқонуний уй-жой қуриб олинганлиги маълум бўлди.
Ушбу уй-жойлардан 42 тасига Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 29 декабрдаги 478-сонли қарорига асосан фойдаланувчи сифатида ва 58 тасига Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарорига асосан эгалик ҳуқуқини берувчи кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилган. Қолган 39 та уй-жойлар учун тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли кадастр ҳужжатлари фуқароларга берилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги ПҚ-4040-сонли қарорига асосан 2019 йилда реконструкция қилинган, Боғишамол қишлоғидан 7 км узоқликда жойлашган ичимлик суви сақлаш ва тарқатиш шаҳобчасидан махсус автоуловлар орқали (50-80 минг сўм) етказиб берилмоқда.
Мазкур қишлоқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2021-2023 йилларга мўлжалланган манзилли дастурга киритиш бўйича “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига таклиф берилиши режалаштирилди.
Шунингдек, Боғишамол қишлоғидаги хонадонлар 1 дона (400 кВА) бўлган трансформатор пунктидан қўлбола симёғочлар орқали электр энергиясига уланган. Бироқ қишлоқ ҳудудидан ўтувчи катта қувватдаги (110 кВ) ҳаво электр узатиш тармоғининг муҳофаза зонасида ноқонуний тартибда (5-15 метр масофада) уй-жойлар қурилган.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 1050-сонли қарорида катта қувватдаги ҳаво электр узатиш тармоғи муҳофаза зонаси 20 метр этиб белгиланган.
“Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бу ерда жорий йилнинг сентябрь ойида 1 дона (160 кВА) трансформатор пункти ва бетон устунлар ўрнатиш ҳамда ҳаво электр узатиш тармоғи тортиш белгиланди.
Нишон тумани ҳокимининг 2015 йил 27 январдаги 14-Ф-сонли фармойишига асосан Боғишамол қишлоғидаги хонадонлар суюлтирилган газга мослаштирилган. “Нишонтумангаз” филиали томонидан 164 та хонадон суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланган, ҳозирда белгиланган график асосида суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
Боғишамол қишлоғида 80 нафар ўқувчи бўлиб, улардан 30 нафари 2009 йилда қурилган, қишлоқдан 1,5 км узоқликдаги Кимёгар МФЙ ҳудудида жойлашган 38-сонли мактабда ва 50 нафари 2006 йилда қурилган, қишлоқдан 2,5 км узоқликдаги Кимёгар МФЙ ҳудудида жойлашган 35-сонли мактабда таълим олмоқда. Вилоят халқ таълим бошқармаси томонидан аҳолининг ўсишини ҳисобга олиб, келгусида Боғишамол қишлоғи ҳудудида 38-сонли мактаб филиалини қуриш бўйича зарурий чоралар кўрилиши аҳолига тушунтирилди.
Боғишамол қишлоғи ҳудудида 2,6 км ички йўллар мавжуд бўлиб, шундан 1,2 км тупроқ йўлларни қум-шағал аралашмали йўлга ўтказиш ишларини 2020 йил июль ойининг 2-декадасида ҳашар йўли билан амалга оширишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, қишлоқни суғориш суви билан таъминлаш учун 1,5 км узунликда қувур ётқизиш ишлари Нишон тумани ҳокимлиги томонидан 2020 йил июль-август ойларида бажарилиши режалаштирилди”.