Меню

Қашқадарё

18.08.2016 1962

НИШОН КАТТА ЎЗГАРИШЛАР БЎСАҒАСИДА

Нишоннинг саноат салоҳиятини янада ошириш, хомашё маҳсулотларини қайта ишлаш имкониятлари ҳамда мавжуд ресурслардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги соҳасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлашни кенгайтириш, ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва муҳандислик-коммуникация тизимларини жадал ривожлантириш, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада яхшилаш, аҳоли даромадлари ва бандлигини ошириш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор билан 2016-2018 йилларда Нишон туманини комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Дастур кенг қамровли бўлиб, ундан туманда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари, шунингдек, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, янгидан барпо этиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича инвестиция лойиҳалари манзилли рўйхати; хизматлар кўрсатиш соҳаси ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати; қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни барқарор ривожлантириш лойиҳалари манзилли рўйхати ўрин олган. Шунингдек, унда қишлоқ хўжалиги соҳасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ирригация-мелиорация тизимини янада яхшилаш, яйлов ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, бўш турган ва фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш, суюлтирилган газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви ва оқова сув таъминотини яхшилаш, телекоммуникация ва алоқа хизмати, халқ таълими муассасалари, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базаси, соғлиқни сақлаш тизими, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, автомобиль йўллари ва йўл бўйи инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Қарор билан вазирлик ва идоралар, вилоятимиз ҳамда Нишон тумани ҳокимлиги, лойиҳа ташаббускорлари ва бошқа ташкилотларга бир ой муддатда Дастурга киритилган лойиҳаларни амалга оширишда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва давлат экспертизасидан ўтказиш топширилди. Шунингдек, уларга қурилиш-монтаж ишларини бажариш, лойиҳалар ташаббускорларини замонавий технологиялар (асбоб-ускуналар) билан тўлиқ таъминлаш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш муддатларини ҳисобга олган ҳолда, тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш юклатилди. Дастур параметрлари бажарилишини таъминлаш юзасидан вазирлик ва идора, тижорат банклари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди ва у ҳар чоракда Дастур бажарилиши юзасидан олиб борилаётган ишларни муҳокама қилиб боради.

Қарор билан вилоят ва Нишон тумани ҳокимлигига "Давархитектқурилиш" қўмитаси билан биргаликда жорий йилнинг 1 сентябрига қадар Нишон шаҳрининг архитектура қиёфасини ўзгартириш, замонавий объектлар ва хиёбонлар ташкил этилиши назарда тутилган марказий Ўзбекистон кўчасининг батафсил режалаштириш лойиҳасини тайёрлаш ва келишиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш, бунда Дастурда белгиланган йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш босқичларига ва янги саноат корхоналари ҳамда бошқа ишлаб чиқариш қувватлари ўзаро боғлиқликда жойлаштирилишига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.

Тижорат банкларига Дастурга киритилган инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни сотиб олиш учун чет эл валютасида кредитлар ажратиш тавсия этилди.

- Истиқлол йилларида Нишонда катта ўзгаришлар бўлди. Бир пайтлар фақат қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган, аҳолининг турмуш шароитига деярли эътибор қаратилмаган ҳудуд ҳар жабҳада юксалди, - дейди "Нуроний" жамғармаси туман бўлинмаси раиси, "Шуҳрат" медали соҳиби Хўжақул Махсимов. -  Яқинда тасдиқланган Дастур бу юксалишни янги босқичга олиб чиқишига ва Нишон аҳолисининг фаровонлиги янада ортишига хизмат қилиши шубҳасиз. Бу ғамхўрлик ва эътибор биз - нишонликларни беҳад қувонтирди.

Таъкидлаш лозимки, Дастур доирасидаги ишларни амалга ошириш учун туманга 500 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган.

Толиб ТЕМИРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!