Меню
Қашқадарё
НИМА? ҚАЧОН? ҚАЕРДА? НЕГА?
Қарши шаҳридаги "Афросиёб" меҳмонхонаси конференц-залида икки кун давом этган семинар-тренингда бу ҳақда батафсил сўз юритилди.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати томонидан Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Ўзбекистонда журналистика соҳасида халқаро этика стандартларини илгари суриш" лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда Қашқадарё, Бухоро ва Сурхондарёда фаолият юритаётган журналистлар ва блогерлар қатнашди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон ҳудудларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг холисона ёритилишини таъминлаш учун миллий оммавий ахборот воситалари ходимларининг таҳлилий журналистика ва касб этикаси борасидаги салоҳиятини оширишга қаратилган. Шу боис семинар-тренингда таҳлилий журналистиканинг назарий ва амалий жиҳатлари, таҳлилий материаллар тайёрлашда очиқ ва ёпиқ манбалар билан ишлаш ҳамда статистик маълумотлардан фойдаланиш, мақолаларни ижтимоий тармоқларда самарали тарғиб этиш усуллари бўйича кўплаб тақдимотлар ва амалий машғулотлар ўтказилди.
- Бугун юртимизда журналистлар ва блогерлар асосан ахборот тарқатиш билан кифояланиб қолишаяпти, - дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети доценти, семинар тренери Беруний Алимов. - Бироқ жамоатчилик воқеа ва ҳодисалар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истайди. Шунинг учун ҳам энди ахборот етказишда "Нима?", "Қачон?", "Қаерда?" саволларига жавоб топишнинг ўзи камлик қилади. Уларнинг ортидан "Нега?", "Қандай қилиб?", "Нима сабабдан?" сингари янги саволлар ҳам туғиладики, журналист уларга жавоб бериш учун астойдил изланиши лозим.
Қизғин баҳс-мунозарага бой бўлган тренингда замонавий журналистика муаммолари ўртага ташланди, "fake-news", яъни сохта хабарларга қарши курашишнинг амалий ечимлари кўриб чиқилди.
- Узоқ йиллар давомида биз - босма ОАВ вакиллари, муштарийларнинг ахборот олиш борасидаги эҳтиёжларини ўрганмасдан келдик, натижада аудиторияни етакловчи эмас, балки унинг ортидан эргашиб юрувчи шахсларга айландик, - дея тан олади "Бухоро оқшоми" газетаси мухбири Обид Қулдошев. - Вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун эса ҳар бир журналист жамиятнинг ўзига хос барометрига айланиб, одамларни қийнаётган муаммоларни чуқур таҳлил қила олиши ва уларни бартараф этиш учун халқ манфаатидан келиб чиқиб, амалий таклифлар кирита олиши лозим. Шу нуқтаи назардан Қарши шаҳрида ўтказилган семинар мен учун ҳам фаол ҳаракатга ундайдиган, ҳам тўғри йўл кўрсатадиган тадбир сифатида аҳамиятли бўлди.
Иштирокчилар Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси лойиҳасини бандма-банд муҳокама қилар эканлар, шу соҳа вакилларининг ижтимоий масъулияти ва бирдамлиги, ахборотнинг ишончлилиги, плагиатга йўл қўймаслик лозимлиги, шунингдек, бетарафлик, ҳалоллик ва холислик каби устувор тамойиллар ҳақида фикр юритишди. Кичик гуруҳларда ишлаб, лойиҳага қўшимча ва ўзгартишлар киритиш юзасидан кўплаб таклифлар билдиришди.
- Кодекс лойиҳасида, жумладан, "Журналист ҳар қандай шароитда ҳам ёлғон ахборот эълон қилмаслиги, далилларни бузиб кўрсатмаслиги ва ижтимоий аҳамиятга эга ахборотни атайлаб яширмаслиги лозим" деган гаплар бор, - дейди Сурхондарё вилоятидаги diyor24.uz веб-сайти масъул муҳаррири, талаба Матлуба Нигматуллаева. - Ҳужжатнинг якуний таҳририда ҳам шу талаб сақланиб қолишини истаб, фаолиятимда унга қатъий риоя этишга қарор қилдим. Зеро шундагина ҳақиқий журналист бўла оламан.
Семинар давомида унинг иштирокчилари "Ўзбекистонда журналистика соҳасида халқаро этика стандартларини илгари суриш" лойиҳаси доирасида тайёрланадиган таҳлилий материаллар медиа-режаларини ишлаб чиқиб, уларнинг тақдимотини ўтказишди.
Ўз мухбиримиз