Меню

Қашқадарё

06.09.2018 2406

НИКОҲДАН АВВАЛГИ ТИББИЙ КЎРИК: БЕПАРВОЛИК САБАБЛАРИ НИМАДА?

Дарҳақиқат, азалий анъаналаримизга кўра, совчиликка борилганда, йигит-қизнинг етти пушти, яъни, унинг соғ-саломатлиги, юриш-туришию одоб-ахлоқи, қариндош-уруғларида бирор ирсий хасталик бор-йўқлиги сўраб-суриштирилган. Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳам келин танлашга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ёндашиб, “Темур тузуклари”да шундай деган: “...бўлажак келиннинг насл-насабига ва сиҳатига аҳамият бердим”. Соҳибқирон фикрига кўра, қудратли салтанат учун булар ғоят зарур ҳисобланган.

- Никоҳни қайд этишдан аввалги тиббий кўрикнинг аҳамияти ҳақида жуда қўп гапирилади, - дейди Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси директори  Шоира Набиева. - Аксарият фуқаролар бу масалага жиддий ёндашмоқда. Бироқ ҳалигача тиббий кўрикка панжа орасидан қараб, орзу-ҳаваслар кўйида фарзандини аро йўлда қолдираётганлар ҳам учраб турибди. Баъзи ҳолларда йигит ёки қизнинг насл-насабию саломатлиги, оила қуришга нечоғлик тайёр эканлигига аҳамият қаратмай, сеп-сидирғаси, қуда бўлмишларнинг ҳашамдор ҳовлисию қўша-қўша машиналарига маҳлиё бўлиб катта ишни бошлаган айрим кишилар вақти келиб оғизлари куйгач, аттанг қилиб қолишмоқда. Бу эса жамиятимиз олдида турган муаммолардан биридир.

Тан олиш керак, бугун айрим ёшлар, ҳатто ҳаётнинг паст-баландини кўрган ота-оналар орасида ҳам қонунда белгиланган мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш масаласига бепарволик билан қараётганлар кўп учрайди.

Аслида эса никоҳдан ўтувчи шахсларнинг никоҳолди тиббий кўрикдан ўтишлари нафақат оила саломатлиги, балки дунёга келадиган келажак авлод соғлиғи учун ҳам ўта муҳим тадбирдир. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча фуқаролар Оила кодексига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Никоҳланувчи шахслар руҳий хасталиклар,  гиёҳвандлик, таносил, сил ҳамда ОИВ (одам иммун танқислиги вируси) ва ОИТС (одам иммун танқислиги синдроми) касалликларининг олдини олиш юзасидан мажбурий тиббий кўрикдан ўтадилар. Бунинг учун никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ органи томонидан яшаш жойидаги тегишли тиббиёт муассасаларига юборилади ва берилган йўлланмага асосан текширувдан бепул ўтказилади. Тиббий кўрикдан ўтиш муддати никоҳланувчи шахсларнинг тиббиёт муассасасига мурожаат қилган кундан бошлаб, икки ҳафтадан ошмаслиги керак.

Никоҳланувчиларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш – ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий аҳамиятга эга масала. Буни миллий генофондни мустаҳамлаш сари ташланган катта бир қадам, деб ҳисоблаш керак.

- Соғлом турмушни издан чиқарадиган ирсий касалликларга сабаб бўладиган салбий одатлардан бири яқин қариндош-уруғлар (тоғавачча, холавачча, амакиваччалар) ўртасидаги никоҳдир, - дейди вилоят она ва бола скрининг маркази бош врачи Махфурат Хушвақтова.  - Бизга маълумки, эси паст, кар, соқов ва бошқа жисмоний нуқсонлар билан туғиладиган болалар асосан яқин қариндошлар ўртасида никоҳланган оилаларда кузатилади. Шу сабабли никоҳланувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўтаётганларида масаланинг бу томонига ҳам эътибор қаратишса, яъни яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўйилмаса, бу каби ҳолатларнинг олди олинади.

Туғма ва ирсий касалликларнинг бошланғич профилактикасида аҳоли кенг табақалари, хусусан, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш биринчи галдаги вазифадир. Шу мақсадда никоҳдан ўтувчи шахсларнинг тиббий маданиятини ошириш, оилавий поликлиникалар, маҳаллалар, мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш масалаларига оид тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор берилмоқда. 

- Оилани муқаддас қўрғонга менгзайдилар. Унинг қанчалик мустаҳкамлиги эса ота-онага боғлиқ, - дейди Косон тумани ФҲДЁ бўлими мудираси вазифасини бажарувчи Клара Бахтиёрова. - Уларнинг тўрт мучаси соғ бўлса, соғлом турмуш тарзи устувор, улар билимли, дунёқараши кенг бўлса, оилада маънавий муҳит ҳукмрондир. Ҳар бир ёш ФҲДЁ бўлимига ариза берар экан, ана шундай мустаҳкам қўрғон қуришни ният қилади. Аммо бу эзгу ниятларини амалга ошириш учун нималар қилиши кераклиги ҳақида доим ҳам ўйлаб кўравермайдилар. Шу маънода ёшларимизга тўкис бахтнинг ҳам, туман бойликнинг ҳам асоси соғлик-саломатликда эканлигини тушунтириш лозим. Хусусан, бизга оила қуриш истагида мурожаат этган йигит-қизларга тиббий кўрикдан ўтишнинг моҳияти тушунтирилиб, сўнг тиббиёт муассасаларига йўлланма берилади. Жорий йилнинг ўтган даврида бўлимимиз томонидан 1278 та никоҳ қайд этилган бўлса,  ариза берган ёшларнинг асосий қисми “Оила дорилфунуни”да суҳбатларда иштирок этдилар. Никоҳланувчи йигит-қизларга Оила кодекси, никоҳга киришнинг тартиби ва шартлари, эр-хотиннинг шахсий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти батафсил тушунтириб борилаяпти. Тушунтириш ишлари натижасида кўплаб ёшлар никоҳ олдидан тиббий кўрикдан ўтишнинг афзаллигини  англаб етмоқдалар. Ваҳоланки, илгари кўп ҳолларда айнан тиббий кўрикдан ўтмасдан оила қурган ёшлар ўртасида ажралиб кетиш ҳолатлари учраган.

Яна баъзи кимсалар ФҲДЁ органларига аллақачон шаръий никоҳ билан оила қуришган, етти-саккиз ой яшаб қўйишган, келин ҳомиладор, эрта-индин кўзи ёрийди, чақалоғига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиши керак бўлгани учун ҳам никоҳини расмий қайд этиш учун ариза беришади.

- Жойларда ташкил этилган сайёр қабуллар давомида никоҳи расмий қайд этилмаган 5 та оила аниқланди, сўнг улар шу жойнинг ўзида никоҳдан ўтказилиб, уларнинг 10 нафар фарзандларига гувоҳномалар берилди, - дейди Клара Бахтиёрова. - Бундай ҳолатда ҳам албатта, тиббий кўрикдан ўтказиш учун йўлланма берамиз. Ачинарли томони шундаки, баъзи ҳолларда келин-куёвларда айнан текширувдан ўтиш шарт бўлган хасталиклар мавжудлиги аниқланади. Бу келин ёки куёв учун ниҳоятда ачинарли ҳолат.

Янги ҳаёт остонасида турган азиз ёшлар, ҳеч қачон ўз ҳаётингизга, тақдирингизга бефарқ бўлманг. Тиббий кўрикдан ўтиш, ўз соғлиғингиз ва бўлажак жуфтингизнинг соғлиғидан бохабар бўлиш билан келгусида соғлом оила барпо этасиз, шу орқали жамиятимизга соғлом, бақувват ва баркамол авлодни етказиб берасиз. Миллат ва мамлакат келажаги, унинг ижтимоий ва маданий салоҳияти айни шу жиҳатларга боғлиқ эканини унутманг.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!