Меню
Қашқадарё
НИҲОЛЛАРДА КЎКАРГАН КУРТАК – ЎША МЕН...
Қиссада Иккинчи жаҳон урушидан азият чеккан қишлоқ одамларининг оғир турмуш тарзи содда ва дилга яқин тарзда тасвирланади. Айниқса, овулда яшовчи қирғиз аёллари: Тўлғаной, Ойша ва Алиманни меҳнаткашлиги, мушфиқ ва жафокаш, матонатли экани билан жамики оналарнинг умумлашма образи дейиш мумкин.
Асарда уруш туфайли турмуш ўртоғи ва ўғлидан бир кунда қорахат олган муштипар аёл Тўлғаной бошидан кечирган руҳий ҳолат жуда таъсирчан ифода этилади:
“Оҳ, лаънати уруш, мақсадинг шумиди? Оҳ, қора кун, кўргилик шумиди? Менгина эмас, кўча-кўй, уйлар, дов-дарахтлар чайқалиб эгилар, ер-кўкни бузган йиғи товушларидан қулоғим тиниб, гаранг одамдек ҳеч нарсани эшитмай, аллақандай бир мудҳиш жимлик ичида, гўё тушдагидек, гўё кишиларнинг юзини булут қоплаб олгандек кўзга чалиниб, ё ўлик, ё тирик эканлигимни сезмай, орқамга қайрилган қўлларимни бўшатиб олишга ҳаракат қилардим”.
Она сиймоси шунчалар улуғки, унинг фарзандларига бўлган меҳри чек-чегара билмайди. У фарзандларига шундай тарбия берганки, эл-юрт тинчлиги олдида уларнинг жони кўзларига кўринмайди. Тўлғанойнинг кенжа ўғли Жайноқ ўз ихтиёри билан жангга жўнар экан, буни онасига билдирмайди. Йигитнинг кетиш олдидан уйидаги ҳамма оғир ишларни бажариши ва урушга кетаётгани ҳақида хат ёзиб қолдириши қанчалик оилапарвар, мард ўғлон эканлигидан далолат беради. Ўғли кетгач, хатни ўқиган она ундан хафа бўлмайди, аксинча, ўз хоҳиши билан Ватан ҳимоясига отланган фарзандидан фахрланади. Шу лаҳзада унинг дилидан шундай ўйлар кечади:
“Отаси, икки акаси элу халқ деб жанг майдонида қон кечиб юрганда, бунинг жони улардан ҳам азизмиди, у ҳам ор-номусли йигит эмасми? Ҳа, Жайноқ худди шунинг учун, урушни ёмон кўргани учун кетганига кўзим етиб турибди. Ёлғиз Жайноқ фронтга боргани билан душманни қийратиб юбормайди, бироқ бундай дейиш ҳам тўғри эмас, Жайноққа ўхшаганлар ўнлаб қўшилади, юзлаб, минглаб қўшилади, шундай қилиб куч тўпланади! Жайноғим, кенжам, қувончиғим, ҳазилкашим, хушчақчақ суқсур тойчоғим, болам! Одамнинг бу дунёда орттирган нарсаси яхшилик экан-да”.
Тўлғаной ўғли Жайноқнинг бесўроқ, берухсат урушга кетиб қолганидан гоҳ ғазабланиб, гоҳ ғурурланиб ўтирган бир пайтда муаллим ўғли Майсалбекдан қуйидаги мазмунда хат келади:
“Бир соатдан кейин мен Ватаним топширган ишга бориб, қайтиб келмайман, душман тўдасига бориб, уни қийратиб, ўзим ҳам йўқ бўламан. Ватан учун, эл учун, ғалаба учун, дунёнинг барча яхшилиги учун… Бу менинг сўнгги хатим, сўнгги қалам тебратишим, сўнгги сўзим. Мени йўқламанг, она. Мени беиз кетди ҳам деманг. Дунёда бундан кейин уруш бўлмаса, янги кўз очган боланинг ингалагани – ўша мен, ниҳолларда кўкарган куртак – ўша мен, далада униб чиққан экин – ўша мен, муаллимнинг болаларга ўргатган “а” ҳарфи – ўша мен, ўшанинг бари мен, яна ўшанинг бари мен, мен, деб билиб юринг, онажоним!”
Гарчи она яна бир фарзандидан айрилганини билиб, юраги тилка-пора бўлса ҳам, ўғлининг васиятига амал қилиб дод-фарёд кўтармайди. Бевақт умри хазон бўлган ўғли учун қанчалик қайғу чекмасин, унинг қаҳрамонлигидан ғурурланади.
Бу қонли урушда Тўлғанойнинг турмуш ўртоғи ва икки азамат ўғли қаҳрамонларча ҳалок бўлади, кенжа ўғли бедарак йўқолади. Шунча мусибатларни сабр-бардош билан енгган бу аёл нафақат қирғиз халқи, балки жигаргўшалари урушда ҳалок бўлган барча оналарнинг ёрқин тимсоли эмасми?!
“Сомон йўли”даги воқеа-ҳодисалар, қаҳрамонларнинг машаққатли ва шарафли ҳаёти ёш китобхонлар учун ибрат, мактаб бўла олади. Она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида дарс давомида ўқувчиларга шу каби буюк асарлардан парчалар келтириб ўтаман ва ўқишларини тавсия қиламан. Асар қаҳрамонлари бўлғуси ёш оналарга турмуш қийинчиликларига сабр-бардошли бўлишни ўргатса, фидойи ўғлонлар образи орқали фарзандларимизнинг метин иродали, мард ва ватанпарвар бўлиб улғайишига замин ҳозирланади.
Гўзал РАСУЛОВА,
Шаҳрисабз шаҳридаги 21-мактаб ўқитувчиси