Меню
Қашқадарё
Ниқоб тақмагани учун текширилганда, ёнидан марихуана чиқди
Ёшлик – инсон умрининг энг гуллаган чоғи, шу даврда олинган билим, эгалланган ҳунар кишига бир умр асқатади, ҳаёт йўлларини ёритиб туради. Умрнинг ортга қайтмас дамларини беҳуда машғулотлар кўйида ўтказган одам эса жамиятда ўз ўрнини топа олмайди. Бунга доир мисоллар кўп ҳаётда.
Ўйлаб кўринг: ҳозир 20-25 ёшда бўлганларнинг асосий юмуши нималардан иборат бўлиши мумкин? Албатта, олийгоҳда ўқиш, ишга жойлашиш, ўз устида ишлаб, яхши мутахассис бўлишга интилиш. Ўз навбатида бекорчиликдан нима қиларини билмай санғиб юрганларга ҳам, афсуски, кўзимиз тушиб қолади.
Шундайлардан бири Яккабоғ туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган Ш.С. бўлиб, у Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур хиёбонида карантин қоидаларига риоя қилмай, ҳимоя ниқоби тақмай ўтиргани вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси катта инспектори эътиборини тортади. Инспектор унга ниқоб тақиб олишини айтади, бироқ барибир йигитчанинг ҳаракатларига нисбатан шубҳа уйғонади. Сўнг кўздан кечириш мақсадида ёнидаги буюмларини тақдим этишни сўрайди.
Ш.С. шимининг чўнтагида бўлган, дафтар қоғозига ўралган яшил рангли, ўткир ҳидли ўсимлик қуритмаси ва 5 дона оч қизил рангли капсулани чиқариб беради. Ушбу ашёлар келгусида текшириб кўриш учун холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинади.
Вилоят ИИБдан хабар беришларича, судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, ўсимлик қуритмаси марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги маълум бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.