Меню
Қашқадарё
НИҚОБ ОСТИДАГИ ХУРУЖ
Миссионерликнинг таниқли назариётчиси П.Жонстоун талаба ёшларни миссионерлик фаолиятининг асосий объекти деб қараб, ўзининг “Дунё операцияси” китобида, жумладан, шундай ёзади: “Бутун дунёда университет ва коллежларда 37 миллион талаба таҳсил олади. Уларнинг кўплари 20 йилдан сўнг йирик мансабларни эгаллашади”. Ушбу фикрлар миссионерларнинг жамиятнинг эртанги кунини белгилаб берадиган авлод онгини эгаллаш, назорат қилишни кўзлаб иш юритаётганидан мақсад нелигини англаш имкониятини беради.
“Миссионерлик” тушунчасининг ўзи нима? Бир қарашда сирли ва беозор бўлиб туюладиган бу сўз замирида қандай маъно мужассам? Асли лотинча “юбориш”, “топшириқ” маъносидаги “миссия” сўзидан олинган бу атама илмий истеъмолда – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш билан боғлиқ фаолият, хатти-ҳаракатлар мажмуини билдиради. Баъзи манбаларда “табшир” (хушхабар етказиш), “тансир” (насронийлаштириш) ҳам айни шундай мазмунни, миссионер сўзи мазкур вазифани бажарувчи деган маъноларни англатади. Аниқроқ айтганда, миссионер - бирор диний гуруҳ томонидан бошқа дин вакилларини ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.
Шунингдек, миссионерлик марказлари кўргазмалар, спорт мусобақаларини ташкил этиш, бу тадбирларда қатнашувчиларга совғалар бериш, тиббий, таълим-тарбия соҳасига махсус кадрларни юбориш (тиббий хизматчи, ўқитувчи-мураббий каби), ёлғиз қолган кишиларга чақирув мактубларини йўллаш, ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, миссионерлик руҳидаги кутубхона, хорижий тил, компьютер ўргатиш клубларини ташкил этиш, ўз сафларига қўшилганларни моддий рағбатлантириш, уларни хорижий сафарларга юбориш ва иш билан таъминлаш, ўз мамлакатларига саёҳатга келганларни сафларига жалб этиш каби усуллардан фойдаланади.
Миссионерлар ўзларининг хушмуомалалиги, ёрқин ва таъсирчан ваъзлари орқали айнан юқоридаги ҳолатлар асосида кишиларни чалғитишга уринади, ўз “ўлжа”ларининг қизиқишлари ва заиф томонларини ҳисобга олиб, дўстона муносабатга кириб олишга ва охир-оқибат уларни таклиф этилаётган динни қабул қилишга даъват этадилар.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, бугунги кунда айрим маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг миссионерликнинг асл моҳияти ҳақидаги билимлари етарли эмаслиги кўзга ташланмоқда.
Натижада, муайян ҳолларда, улар ўзлари билмаган ҳолда миссионерларнинг фаолиятига йўл очиб беришмоқда.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади. Айниқса, ота-оналарнинг ўз фарзандларида соғлом эътиқодни шакллантириш, хулқи ва фаолиятидаги ўзгаришларни назоратсиз қолдирмаслик, улар онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралар таъсиридан қатъият билан ҳимоя қилишдек масалаларга алоҳида эътибор билан қарашлари уларнинг эртанги куни порлоқ бўлишини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Зеро, Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги кунда “ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ”, деб бепарво қараб бўлмайди. Озгина бепарволик, кичкина бир лоқайдлик фарзандларимизнинг миссионерлар таъсирига тушиб қолишига, зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган оқибатларга олиб келишига замин яратиши мумкинлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик лозим.
Юлдуз РАВШАНОВА,
“Маҳалла” фонди вилоят бўлими бош мутахассиси