Меню
Қашқадарё
ЎНГ ҚЎЛИНГ БЕРГАНИНИ ЧАПИ БИЛМАСИН...
Ривожланган мамлакатларда агар шундайин ҳолат рўй берса, бизга бунинг алоқаси йўқ, қийналишига ўзи айбдор, ҳаётда омади чопмаган, дея совуққонлик билан муносабатда бўлишар, ҳатто бу менталитет даражасига кўтарилган экан. Бизда эса ундай эмас. Бир-биримизга масъуллигимиз қон-қонимизга сингиб кетган. Аслида бир одамнинг иккинчисига мадад қўлини чўзиши умуминсоний қадрият саналади, фақат буни айрим жойларда унутиб қўйишган.
Шу кунларда, истиқлолнинг 25 йиллик тўйи остонасида ҳар йилгидек хайр-саховатли кишилар кексалар, ногиронлар, эҳтиёжманд, ўзгалар қаровига муҳтож одамлар ҳолидан хабар олиб, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак беришаяпти. Бир оғиз яхши сўз беморни дарддан, муҳтожни эҳтиёждан бирмунча халос этади, ҳечқурса руҳини кўтаради. Яна юртнинг улуғ айёми арафасида бировнинг эшигидан совға-салом билан кириб борсангиз, ким ҳам хурсанд бўлмайди, дейсиз?! Ҳар қандай кишининг кўнгли кўтарилади, юрт тинч, халқ аҳил бўлишини тилаб дуога қўл очади, ёнида суянадиган, тиргак бўла оладиган кишилар борлигидан кўнгли тоғ қадар юксалади.
Энди бошқа бир манзарани тасаввур қилиб кўринг. Саховатпеша одам ҳомийлик қилиб, мева-чевадан тортиб мол-ҳолгача, рўзғорга асқатадиган буюмларни олиб, эҳтиёжманд бир хонадонга келди. Ёнида маҳалла-кўй, қўни-қўшни. Хонадон соҳибига совға-салом топширилди, кўнгил сўралди. Хонадон эгаси эса негадир ўзини анча ноқулай сезаяпти. Йўқ, совға-саломдан эмас, тадбирга алоқаси бўлмаган кишиларнинг бу ерда ўралашиб юрганидан ғалати ҳолга тушади. Сабаби, бир нечта видеокамера унга қаратилган, мухбирга ўхшаш кишилар унинг исм-фамилиясини, нима олганини ёзиб олишаяпти. Эртага уни телевизорда кўрсатишади, дейлик, ўсимлик ёғи ёки картошка-пиёз олганини айтишади, худди шуларни газеталарда ёзишади... Ҳатто уни микрофон ёки диктофонга тортиб, гапиришга, нима олганини айтишга ундашади.
Ҳеч эътибор берганмисиз, ана шундай совға-салом олган одам гапиради-ю, овози титраб туради. Худди уятдан титраётгандек. Гўё орияти устун келгану, аммо иложсиз камера қошида тургандек.
Ориятли халқмиз, бировнинг ёрдамига ҳар қанча муҳтож бўлсак-да, буни дунёга ёйишларидан ор қиламиз, шу тариқа бўладиган бўлса, бировнинг мададига кўз ҳам тикмаймиз.
Аслида эҳсон, хайр-саховат дегани жимгина қилинмайдими? Дунёга достон қилинаркан, унинг саховатлиги қоладими? Озиқ-овқат, совға-салом беришдан, уни ОАВга чиқариб, элга ёйишдан мақсад-муддао нима ўзи?
Тўғри, савобли, саховатли ишларни тарғиб этиш керак. Аммо ана шундай тадбирлардан материал тайёрлаш ҳам журналистдан катта маҳорат талаб этади. Жараённи ёритаётган мухбир уни бошқалар эътиборига қандай тақдим қилишни ҳам билиши, бировнинг кўнглига тегиб қўймаслиги даркор экан. Улар тақдим қилаётган лавҳани кўргач, ёзганини ўқигач, бошқаларда ҳам хайр-саховат қилиш истаги бўй кўрсатиши керак, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни бездириши эмас.
Бир йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган саховат тадбири доирасида мутасаддилар ҳудудлардаги айрим хонадонларга бориб, тинчгина, ортиқча мадҳу баландпарвоз гапларсиз совға-саломлар етказишганди. Шу байрамнинг энг суюкли совғаси – гул олган бошқалар кўмагига, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг хурсандчилигини-ку қўяверинг. Совғани олган улар-ку, бошқалар ҳам севинчдан ичига сиғмайди, саховатпеша инсонни алқайди.
Дарҳақиқат, хайр-саховат аслида кўнгилдан чиқариб қилинади, уни ҳамма билиши шарт эмас. Шунда олувчига ҳам татийди. Борди-ю ўша саховат қайсидир ташкилотнинг ҳисоботи “семириши”, “очко” тўплаши, бирор маҳаллий депутатнинг сиёсий ташвиқоти учун хизмат қиладиган бўлса, унинг умуман кераги йўқ. Бу тама бўлиб қолади, тагида манфаат яширин туради. Ахир яхшилик қил, сувга от, балиқ билар, балиқ билмаса, холиқ билар, деб бежиз айтишмаган. Жимгина яхшилик қилган одамнинг ҳурмати ошишини, бировга ёрдам берганини ўрни келса-келмаса айтаверадиган киши бор ҳурматию обрўсини ҳам қўлдан бериб қўйганини кўп эшитганмиз, кўрганмиз.
Агар кимнингдир ҳотамтойлигини ёритиш шу қадар зарур бўладиган бўлса, майли, ўша “саховатпеша”нинг исми-шарифи келтирилсин, уни истаганларича мақташсин, аммо совға-салом, нарса-буюм олган одамларнинг исми-фамилиясини айтишдан, уларни тасвир ва фотода кўрсатишдан кимга нима фойда бор? Бу билан бировга ёрдам бердим, деб уни эл олдида юзи шувут, ҳеч бўлмаса, боши эгик, тили қисиқ қилиб қўймаймизми?
Шунча мол-дунёсини аямаган ҳотами той эҳсон олувчи кишиларнинг исм-фамилиясини дунёга достон қилмасликда ҳам ҳотамтойлик қилса, унинг бир обрўсига ўн обрў қўшиларди. Шундай эмасми?!
Тош ПЎЛАТОВ