Меню

Қашқадарё

27.03.2018 2043

“НЕКСИЯ” НЕГА ПОРТЛАДИ?

Дарҳақиқат, 12 март куни соат 13:50 да ҳудуддаги “Умидулло” савдо корхонасига тегишли бўлган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасига Чироқчи тумани Чувиллоқ қишлоғида яшовчи Азамат Бобомирзаев “Нексия-2” русумли автомашинани таъмирлатиш мақсадида олиб келган. У ушбу техникани ишончнома асосида бошқарган, машинанинг эгалик ҳуқуқи Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Саодат Мазкаровага тегишли бўлган.

Машина устахонага келиб тўхтаганидан сўнг, унда кучли портлаш юз берган. Натижада шу атрофда бўлган, Ғузор тумани Авғонбоғ қишлоғида яшовчи фуқаро - 1993 йилда туғилган Бобур Жўраев жиддий тан жароҳати олиб, туман тез тиббий ёрдам бўлими жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, портлаш автомобилга ўрнатилган метан газ баллонидаги техник носозлик туфайли юз берган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, сўнгги вақтларда машиналар билан боғлиқ ёнғин ҳолатлари сони ошмоқда. Бунинг асосий сабаби эса автомобиль эгалари ўз уловларини вақтида техник кўрикдан ўтказмаслиги, ундаги носозликларга беэътибор қарашидир. Натижада март   ойининг ўтган вақти давомида вилоят ҳудудида бир неча маротаба автомобиллар иштирокидаги ёнғин қайд этилди.

Жумладан, 17 март куни Қарши шаҳри Мусагар кўчасида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро Исроил Бозоров ўзининг “Matiz” русумли автомобилида шаҳарнинг Жайҳун кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётганида, машина моторида аланга пайдо бўлган. Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, машинанинг мотор қисмидаги электр симларининг қисқа туташуви ёнғинни келтириб чиқарган.

16 март  куни Чироқчи тумани Чоштепа маҳалласида яшовчи Алишер Нуралиев ўзининг “Нексия” русумли автомашинасини бошқариб келиб, Қарши-Бешкент йўлининг 1-километрида тўхтаган. Шу вақт машинада ёнғин содир бўлиб, унинг мотор ва салон қисмлари ёниб кетган.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, ёнғин автомобиль мотор қисмидаги электр симларининг қисқа туташувидан чиққан.

14 март  куни эса Қарши-Бешкент йўлининг 4-километрида яна бир автомобилда ёнғин содир бўлган. Ушбу кўнгилсиз ҳолат Қарши тумани Бодомзор маҳалласида яшовчи 1993 йилда туғилган Достон Раҳимов ўзининг “Matiz” русумли машинасини бошқариб келаётганида юз берган. Натижада машинанинг мотор қисми ёниб, жиддий зарарланган.

Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу ҳолатга ҳам машинадаги электр симларининг носозлиги сабаб бўлган.

Албатта, бундай ҳолатларга дуч келишни ҳеч биримиз истамаймиз. Бироқ, билиб-билмай қилган хатоларимиз, эътиборсизлигимиз шунга сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, ҳайдовчиларимиз ҳам ўз уловларига эътиборли бўлиши, уни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиб туриши, ҳар куни йўлга чиқиш олдидан машинада носозликлар йўқлигини текшириб, бунга ишонч ҳосил қилганидан сўнггина уни бошқариши лозим.

 

Соҳибжон ВАЙИТОВ, вилоят ИИБ ЁХБ катта  муҳандиси, лейтенант

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!