Меню
Қашқадарё
НЕГА ПЕШГИРНИНГ ИШИ ДОИМО БЕШ?
Кўпинча мени бир савол, бир бетизгин туйғу ўз жунбишига тортиб, хаёлот дунёсига ғарқ этади. Абад дафтарига бош ҳарфлар билан зарб этилмиш - ИНСОН деган бирлик табиати нега бу қадар мавҳум? Тўйга ҳам, азага ҳам бирдек оқиб бораверамиз, баъзан маҳзун, гоҳида сархушмиз, қийналиб туриб жилмаямиз, кулиб туриб фарёд чекамиз, дилимиз жунбишини бостириш, ўзимизни, ўзлигимизни овунтириш учун йилларни фаслларга, фаслларни ойларга, ойларни ҳафта ва кунларга, кунларнинг эса айримларини байрамларга тақсимлаймиз. Шуларга андармон бўлиб фано - манзилдаги ўткинчи умримиз илдам одимлар билан сўнгги манзилга шошаётганини унутиб қўямиз. Ғанимат фурсатни эзгу сўз, эзгу амалларга сарфлайлик, АЗИЗЛАР!
* * *
Тирноқ остидан кир қидирувчилар, бировнинг бахтсизлигидан ич-ичдан фараҳ оладиганлар ҳамма макон ва замонда ҳам учраб турган ва охир-оқибат шундайларнинг ўзлари ўз дил дунёсидаги моғорга ботиб, ботинини емирганлар. Бундайларга башоратгўй шоиримиз ибораси билан айтганда, "Дейдилар ит ҳурар, ўтади карвон..." қабилида муносабат билдириш мақбулдек кўринади.
* * *
Бу шоирни яхшигина ижодкор, таржимон сифатида ҳурмат қилардим, лекин кутилмаганда ижтимоий тармоқда ўз шахсий кек ва ғаразлари қобиғига ўраниб улуғ шоиримиз Абдулла Ориповга ташланиб қолганини кўриб ҳафсалам пир бўлди. Зиёли инсонда аввало маънавият, муомала маданияти бўлиши керак. Абдулла ака ижодининг илк босқичи, ўтган аср 60-йиллари сарҳадидаёқ назм ихлосмандларининг қалбидан мустаҳкам ўрин олиб бўлган ва у киши мендек провинциал ижодкор ҳимоясига муҳтож ҳам эмас. Фақат қалам аҳли томдан тараша тушгандек ўз маслакдоши, маслакдош бўлганида ҳам энг чинорларидан бирига ташланиб қолса жуда ёқимсиз чиқар экан. Буниси УЯТ!!!
* * *
Инсон ботиний турланишларини ўзим гувоҳи бўлган икки воқеа мисолида эътиборингизга ҳавола қиламан.
БИРИНЧИ МАНЗАРА. Вақтида ўзини адолат пешвоси чўтлайдиган танишим бўларди. У доимо катта минбарларга интилар, амал отидагиларнинг арзимаган айбини топиб билса бас, оғзидан кўпик сачратиб сайрагани-сайраган эди. Ўша мансабдор киши билмас ўз танқидчиси оғзини мойлаб, ёки амал курсисини тарк этиб унинг таъқибидан қутуларди. Кунлардан бир кун қайсидир раҳбар сохта адолат пешвосининг тилини бойлаш синовлардан ўтган услубини қўллаб, уни мойли жойга ишга ўтказиб қўйди. Ўша кунданоқ қаҳрамонимиз минбарларга интилиш одатини тарк этди. Навбатдаги йиғилиш танаффусига чиққанимизда туманнинг ақли дониш кишиларидан бири:
- Фалончибойга нима бўлди, кейинги пайтда сўзга чиқмайдиган эмиш, - деб сўраб қолди.
Мен унинг ҳаётидаги сўнгги ўзгаришни айтиб бердим.
Суҳбатдошим бошини сарак-сарак этди-да, деди:
- Раҳбарлар оқил, раҳбарлар доно...
ИККИНЧИ МАНЗАРА. Ўтган асрнинг 90-йиллари боши эди. Бир даврада туманга олис ҳудуддан келиб ишлаётган мансабдорнинг шу ерда тўй дастурхони ёзаётгани ҳақида баҳс авжига чиқди:
- Ақлли йигит экан, - деди кимдир, - шу ерда яшаб, шу эл орасида ризқимни териб юрибман, тўйни ҳам шу ерда беришим керак, дебди-да, барака топгур.
Кўпчилик унинг гапини маъқуллашга тушди.
- Ўзи тўйга ораларингиздан кимлар айтилган? - ўсмоқчилаб сўради ёши улуғроқ киши.
Маълум бўлишича, даврадаги ўндан зиёд кишидан уч нафарига - маълум даражада ўша амалдорга бевосита тобеъ бўлганларга тўй қоғози етган экан.
- Уддабурон йигит экан, - баҳсга якун ясади давра тизгинини аллақачон қўлга олган ёшулли. - Агар ўз қишлоғида тўй берганида икки юз чақиримдан олис масофага қайси бирларингиз борар эдингиз?
У даврага маънодор кўз ташлаб олганидан сўнг фикрини хотималади:
- Қанча кам одам борса, шунча кам енг ичида узатилган тўёна дегани бу.
Энди давра аҳли ғала-ғовур кўтариб, унинг мулоҳазаларини маъқуллашга тушди...
* * *
Бу отахонни қарич ёшлигимдан танирдим.
- Дунёда адолат йўқ, - висирларди у бир вақтлар икки-уч кишининг боши бириккан даврада.
Ўшанда у жўжабирдай фарзандларини мактабда фаррошлик қилиб боқарди.
Вақт ўтиб шу отахонни башанг кийиниб, даврадагиларни тағин оғзига қаратиб ўтирганида учратдим:
- Бахтли турмушимизни кўролмайдиганлар кўп. Барака топгур иккинчи ўғлим жа топарман чиқиб қолди...
Эшитсам, иккинчи фарзанди ҳаром-хариш йўллар билан топганларини сўз ўтар жойга сарфлаб, каттагина ташкилотга раҳбар бўлиб олган экан.
Орадан озроқ ўтиб, отахонни яна учратиб қолдим:
- Кўролмаслар ўғлимнинг устидан ёзиб, мансабидан олдиришди. Энди адолат истаб юрибман...
Бу дунёи қўтирнинг хўб ажойиб кўргазмалари бор-да...
* * *
Ўтган асрнинг 70-йиллари "Шарқ юлдузи" журналида яхши анъана йўлга қўйилганди. Журналнинг ҳар йили бир сони тўлиғича наср ва назмда тетапоя бўлаётган ёш ижодкорларга бағишланарди. 1976 йилдаги махсус сонда эълон қилинган бир қисса ўзига хос тили, ҳикоя услуби ўзгачалиги билан ярқ этиб кўзга ташланди. Қиссанинг номи "Юлдузлар мангу ёнади" эди. Бахшиёна асар битган таниқли ёзувчи эмас, номи ҳали ҳеч нимани англатмайдиган Тоғай Мурод эди. Қўлимиздан журналнинг ушбу сони тушмас бўлди.
- Ўқидингми, - сўрардик бир-биримиздан.
- Ўқидим, - жавоб берардик ундан-да кучлироқ завқ билан.
- Тоғай Мурод деганлари полвон экан, - деярдик ўзимизни кўп нарсадан хабардор тутиб бир-биримизга.
...Адиб оз ёзди, оз ёзса-да соз ёзди. Унинг ҳар бир битиги янги дунёлар очди кўз ўнгимизда. "От қишнаган оқшомлар" достон китобимиз, "Ойдинда юрган одамлар" садоқат, "Момо ер қўшиғи" диёнат , "Отамдан қолган далалар" тарих, "Бу дунёда ўлиб бўлмайди" тазарру китобимиз бўлди.
Биз уларни қайта-қайта ўқиб тўймадик. Шу зайл полвон, чавандоз, шоир, деҳқон... Тоғай Мурод жой олди қалбимиздан. Тоғай Мурод Тоғай Мурод бўлиб эмас, навбатдаги қаҳрамонлари қиёфасида онгимизга, шууримизга ташриф буюраверди.
Афсус, бир кун кутилмаганда Тоғай Муродимизни йўқотиб қўйдик. Юрак оҳ чекди, кўнгил йиғлади. Аммо дилимизнинг туб-тубларидан таниш сиймолар "мана мен" деб юз кўрсатаберди. Энди Бўри полвон, Зиёдулло чавандоз, Деҳқонқуллар... Тоғай Мурод сиймосида бирга яшаётган экан биз билан...
* * *
Бугун ТВ энг таъсирчан ОАВга айлангани аён. Ҳазми осон, соатлаб кўз нурингни тўкиб газета, журнал, китоб титкиламайсан. Кайфиятинг қандай бўлмасин, шунчаки кўз ташлайсан. Шундай экан, миллат онгига таъсир ўтказиш, савиясини ошириш ёки туширишнинг энг осон воситаси ҳам ТВ. Китобни китобхон ўқийди, ТВни эса ҳамма кўради. Демак, миллат менталитетига таъсир ўтказишнинг ҳам қулай воситаси - ТВ.
Энди эътибор қаратайлик, масалан, "Зўр ТВ"да асосий ролни ким ўйнаяпти? Шоу бизнес вакиллари! Ваҳоланки, матнида маъно бўлмаган пала-партиш қўшиқлар, енгил ҳаётни талқин этувчи, мазмунан (аслида мазмун борми?) бир хил клиплар, бири иккинчисини такрорловчи саёз фильмларнинг яратувчилари. Кўрсатувларнинг номлари ҳам ўзга сайёрадан шалоп этиб ерга қулагандек. Уларнинг бирида иштирокчи "Шум бола" асарининг муаллифи ким" деган саволга аранг вариантлар ёрдамида жавоб қайтарди. Ҳафта-ўн кунда у ёки бу каналда эфирда кино талқини намойиш этилаётган машҳур асарнинг машҳур муаллифи ким деган саволга сира иккиланмасдан жавоб қайтаролмаган кишини қандай қилиб интеллект сифатида кенг томошабинлар аудиториясига ҳавола этиш мумкин? Унинг мум тишлаб турганини кўриб бошланғич синфда таҳсил олаётган набирамнинг ҳафсаласи пир бўлганини кўриш менга қандай салбий таъсир ўтказганини кўрсангиз эди.
Афсуски, бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Халқимиз неча асрлардирки чумчуқни ҳам қассоб сўйиши ҳақидаги мақолни ардоқлаб келаяпти. ТВда эълон қилинаётган савияси паст, мазмуни миллий менталитетимизга мос бўлмаган сериаллар лаёқатли мутахассислар етишмаётгани оқибатида эфирга чиқиб кетаяпти. Ўзимизнинг миллий сериалларни яратиш тажрибаси ҳам бир-икки самарасиз уринишлар билан ниҳоясига етди чамамда.
Машҳур "Сарой жавоҳири" сериали бош қаҳрамони Тангем номи қадимий ёзувларда атиги бир марта эслаб ўтилгани ҳақида ўқигандим. Бизнинг буюк ватандошларимиз Бухорий, Термизий, Нақшбанд, Яссавий, улуғ саркардаларимиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди ҳақида минглаб маълумотлар мавжуд. Наҳот шу иш қўлидан келадиган олимлару ижодкорларимиз ҳамкорлигида муаллифлар гуруҳи тузилиб, мазмунан теран, юксак савияли сериаллар яратиб бўлмаса? Шунда у сериал ундоғ, буниси бундоғ деб баҳслашиб ўтиришимизга ўрин қолмасди.
* * *
Тили билан юрадиган "ёзғувчи" (иғвогар маъносида) эр-хотин кўпчиликнинг кўзи ўнгида отасига туҳмат қилишганида мурғак болакай йиғлаб юборди.
- Ҳа, болам, сен нега йиғлайсан, - деб сўрашса:
- Кўрмаяпсизми ахир, шунча одам кўриб турган ҳолатни ҳам иғво қилишаяпти, - кўз ёшларини тиёлмай жавоб берди у.
Баъзан ўйлаб қоласан, нега пешгирнинг иши доимо беш? Ҳеч кимнинг унга ёмон кўрингиси келмайди. Ҳатто маъмурий идораларнинг ходимлари ҳам бундайларга қарши чиқишдан кўра, "беобрўдан обрўсини сотиб олиш"ни афзал кўришади. Натижада ким зўр, "ёзғувчи" зўр. Аслида жамиятимиз ривожига тўсиқ бўлаётган иллатлардан бири ўз шахсий манфаати йўлида истаган кишисининг юзига шилта бўлиб сочиладиган шундай "ёзғувчи"лар эмасми? Эҳ-ҳ, қани эди жамиятимиздаги барча фуқароларнинг қалби ноҳақликка чидай олмай кўз ёш тўккан боланикидек бўлса...
Абдунаби АБДИЕВ