Меню
Қашқадарё
НЕГА БАРЧА КЎРСАТКИЧЛАР БЎЙИЧА ОРҚАДАМИЗ?
Бироқ вилоятимиз маҳаллийлаштириш дастури доирасида эришган натижалари билан у қадар мақтана олмайди. Буни мазкур ахборотда келтирилган рақамлар ҳам тасдиқлаб турибди. Агар 2016 йилда ҳудудда 12 та лойиҳа бўйича маҳаллийлаштириш жараёни амалга оширилган бўлса, ўтган йили бу лойиҳалар сони 2 тага кўпайган. Аммо сон кўпайиши сифат ўзгаришида ўз ифодасини топмаган. Дастур доирасида вилоятимиздаги лойиҳа ташаббускорлари томонидан атиги 5,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, холос. Бу миқдор ҳудудлар кесимида кузатилган энг паст кўрсаткичлардан биридир. Мисол учун, ушбу рақам Қорақалпоғистон Республикасида 2 триллион 303,3 миллиард сўмга, Самарқанд вилоятида 182,6 миллиард сўмга, Жиззах вилоятида 35,7 миллиард сўмга тенг бўлган.
Тегишли ахборотда маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши суръатлари ҳам келтирилган. Ўтган йили мамлакатимиз бўйича бу кўрсаткич 160,4 фоизни ташкил этгани ҳолда, вилоятимиз бўйича ўсиш 5,1 фоиздан ошмаган. Таққос учун, 2017 йилда Андижон вилоятида аввалги йилга нисбатан 336,6 фоиз, Навоий вилоятида 217,8 фоиз, Сирдарё вилоятида 109,7 фоизга кўп маҳаллийлаштирилган маҳсулот ташқи ва ички бозорга таклиф этилган.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида тайёрланган товарлар экспорт ҳажмининг ҳудудлар кесимида берилган кўрсаткичлари ҳам эътиборга молик. 2017 йилда энг кўп экспортни Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон вилояти ва Тошкент шаҳри ишлаб чиқарувчилари амалга оширган. Лекин бултур дастурнинг ҳудудимиздан бўлган иштирокчилари умуман хорижга маҳсулот чиқармагани қандай омилларга боғлиқ экани қизиқ, албатта. 2016 йилги натижаларни олсак, бу борада вилоятимиз энг юқори бешталикка кирганини кўрамиз – кўрсаткич 18,6 миллион АҚШ доллари.
Шу ўринда айтиш керакки, ҳар йили маҳаллийлаштириш дастури доирасида рўёбга чиқариладиган лойиҳалар самаралари ишлаб чиқаришда маҳаллий хомашё улушини кўпайтирган ҳолда ички бозорни импорт ўрнини босувчи, ташқи бозорни ҳам харидоргир маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилиши лозим. Бунга жараёнда замонавий технологияларни қўллаш, янги иш ўринлари ташкил этиш орқали эришиш мақсад қилинган. Вилоятимизнинг ўтган йилги натижалари қониқарсиз экани бу борада жорий йилда аниқ йўналтирилган чоралар кўришни тақозо этади. Ваҳоланки, вилоятимиз ҳудуди муҳим хомашё ресурсларига бой, уларни ишлаб чиқаришга йўналтириш учун шароит етарли.
Қайд этиш лозим, маҳаллийлаштириш дастурига кирган лойиҳалар ташаббускорларига амалдаги қонунчилик асосида шу вақтгача бир қатор имтиёзлар тақдим этиб келинган бўлса, бу имтиёзлар жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб бекор қилинмоқда. Мақсад – турдош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида тенглик муҳитини таъминлаш, рақобатни кучайтиришдан иборат.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ