Меню
Қашқадарё
НЕГА ҲАНУЗ ЕВРОПА ОРТИДАН ЧОПИБ ЮРИБМИЗ?..
Ана шундай асарлардан бири Абу Али Ҳасан ибн Али Тусий Низомулмулкнинг 1091 йилда ёзилган "Сиёсатнома" китобидир. Низомулмулк 1018-1092 йилларда яшаб, узоқ йиллар салжуқий ҳукмдорлар саройида мартабали лавозимларда ишлаган. Давлат ишларини адолатли бошқариш ва шоҳларга садоқатли бўлиш билан бирга Умар Хайём, Муҳаммад Ғаззолий каби олиму орифлар ва халққа мурувват кўрсатган. Алпарслон ва Маликшоҳнинг ишончи асосида катта давлатни диёнатли, зиёли инсонларни жалб қилган ҳолда бошқарган.
Маликшоҳ Салжуқий топшириғи асосида Низомулмулк бошчилигидаги саройнинг олиму фозиллари "Сиёсатнома" ёки "Сияр ул-мулук" ("Подшоҳлар турмуши") асарини ёзишади. Мазкур асарда давлатни бошқариш тартиби, қоидалари ва усуллари ёритилган бўлиб, кўп йиллар давлат ишларини юритишда дастур вазифасини бажарган.
Низомулмулк ўз асарида шоҳ ва ҳокимларни инсофу диёнатга, сулҳ ва мурувватга, давлатни оқилона ва адолатли бошқаришга, давлатда қатъий қоида ва тартиб ўрнатишга, амалдорларни виждонли, имонли ва ҳалол бўлишга, мамлакатни тинч, обод қилишга ва элу улуснинг фаровон яшашини таъминлашга даъват этади. Ҳар бир фикр-ғоясини исботлаш учун ўтмишдан асосли мисоллар келтиради. Амалдорлар орасида ғаразгўй, ҳасадгўй, иймонсиз, диёнатсиз ва мол-мулкка ўчларнинг бўлиши, саройдаги макру ўйинлар давлат ишларига, халқ ва салтанатга катта зиён етказишини алоҳида таъкидлайди.
Низомулмулкнинг фикрича, марказий ҳокимият кучли бўлиши, шоҳу амалдорлар зулмкорлардан жабр кўрганларни қабул қилиб, айбдорларга қатъий чора кўриши, олиму мўътабар кишилар билан маслаҳатлашиб иш тутиши зарур. Давлат аниқ ва ягона ғояга эга бўлиши шарт. Ўз навбатида китобда ислом динидаги ҳар хил мазҳаблар ўртасидаги тортишувлар, халифаларга қарши бўлиб ўтган қўзғолонлар ва уларнинг сабаблари ҳақида ҳам фикр юритилган.
"Сиёсатнома" - Шарқ давлатчилик тарихи, сиёсати ва маданиятини ўрганишда муҳим ўрин тутади. Алишер Навоий асарларида, "Темур тузуклари"да, В.Бартольд ва Б.Аҳмедов каби тарихчи олимларнинг китобларида "Сиёсатнома" ҳамда унинг муаллифи Низомулмулк ҳақида фикрлар битилган. Асарни ўқиш ва уқмоқ ҳамда тегишли хулосалар чиқариш барча давлат хизматчилари учун фойдалидир.
Шарқнинг илғор фикрлаган мутафаккирларидан яна бири Аҳмад Дониш бўлиб, у 1827-1897 йилларда Бухорода яшаб ўтган. Мадрасада олган билимлари билан биргаликда адабиёт, тарих, фалсафа, астрономия ва меъморчиликка оид илмларни ҳам яхши ўрганган. Маълум муддат Бухоро амирлари Амир Насрулло ва Амир Музаффар саройида хизмат қилган. Бир неча марта Бухоро элчилари таркибида Россияда бўлиб, Россия ва Европанинг илм-фан ҳамда давлат бошқаруви соҳасидаги ютуқлари билан танишган. Бу жараёнлар унинг дунёқарашига таъсирини кўрсатиб, Бухорода мавжуд тартибларни ислоҳ қилиш борасида ўз ғояларини илгари сурган.
Аҳмад Донишнинг "Юлдузларни кузатиш", "Манғит сулолалари тарихи", "Шиа ва суннийни яраштириш ҳақидаги насиҳат" ва "Нодир воқеалар" каби асарлари диққатга сазовор. Мутафаккир бу асарларида турли тарихий, диний, астрономия, адабий ва фалсафий масалалар ҳақида фикр юритади. Шунингдек, давлатчилик масалаларига тўхталиб, бу борада кенг кўламли ислоҳотлар зарурлигини таъкидлайди.
1870-1885 йиллар оралиғида ёзилган "Нодир воқеалар" асарида Бухоро амирлиги Европа мамлакатлари ва Россия билан таққосланиб, ўз Ватанининг иқтисодий ва маданий жиҳатдан орқада қолгани ҳамда унинг сабабларини кўрсатиб берган. Аҳмад Дониш фикрича: "Давлат бир гуруҳ кишилар эҳтиёжларини қондириш учун эмас, халқ манфаатлари учун, мамлакатни обод қилиш учун хизмат қилмоғи зарур". У "Киши ўз ватанини ҳимоя қилсагина, ўз халқи билан бирга бўлсагина, у ҳар доим барҳаётдир", деб таъкидлайди.
Асарда маърифатли, оқил ва адолатли ҳукмдор масаласи ҳамда унинг донишмандлар фикри билан ҳисоблашиши зарурлигига оид мулоҳазалари ҳам ўрин олган. Аҳмад Дониш ёш авлодни касб-ҳунар ва илм-фанга меҳр қўйишга, мансаб-мартаба ва мол-дунё ҳирсидан узоқ бўлишга ундайди. Ўзи яшаётган даврдаги ижтимоий-иқтисодий қолоқлик, барча ҳақсизлик ва адолатсизлик сабабини "давлат ишларининг ёлғиз подшо қўлида бўлиши"дан топади. Шу ўринда Аҳмад Донишнинг ижтимоий-сиёсий ғоялари ўз даври учун муҳим аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаш жоиз.
Аҳмад Дониш Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Абдуллахон, Амир Музаффар каби салтанатлар мисолида ҳар бир давлатнинг пайдо бўлиши, тараққиёти ва таназзули сабабларини таҳлил қилиб, асосли хулосалар чиқаради. Масалан, Европада ҳуқуқда ҳамманинг тенглигига риоя этилиши, давлат хизматига олишда эса кишиларнинг илму фазилатига эътибор қаратилиши таъкидланган. Бу ҳолат Европанинг "барча давлатларни енгиб, бутун дунёга эга бўлиши"да асосий омил бўлганини уқтиради. Ушбу фикрларни ўқиб қарийб икки асрдан буён Европа ортидан чопиб юрганимиз ҳамда ҳануз марра узоқлиги ҳақида ўйланиб қоласан.
Айтишларича, Аҳмад Дониш Бухоро ерларини суғориш учун Амударёдан ҳозирги Деҳқонобод тумани ҳудуди орқали канал ўтказиш лойиҳасини тайёрлаган экан. Унинг лойиҳаси бўйича Сурхондарё вилояти ва Деҳқонобод тумани орқали Амударёдан Қашқадарё ҳамда Бухоро вилоятларига оқар сув олиб келиш мумкин экан. Бу лойиҳалар топилса, бугун учун ҳам фойдали бўлур эди.
Аҳмад Донишнинг "Нодир воқеалар" асарида давлатнинг вазифалари ва бошқарув тизимини белгилаб олиш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, диний ва дунёвий ишларни тартибга солиш, илм-фан ва маърифат, халқнинг бахтли ва фаровон ҳаётига оид қарашлар ўз ифодасини топган. Уларни ўрганиш ҳозир ҳам фойдадан холи эмас.
Нафақат Ҳиндистон, бутун инсоният тарихида муносиб ном қолдирган инсонлардан бири Моҳандас Карамчанд (Маҳатма) Ганди бўлиб, у 1869-1948 йилларда яшаган. Ҳиндистонни Британ мустамлакасидан озод қилиш ҳаракатининг намояндаларидан бири бўлиб, Англияда юридик таълим олган. Кўп йиллар адвокат ва юрисконсульт вазифаларида ишлаган. Маҳатма Ганди 1915 йилда Ҳиндистонга қайтиб, Миллий конгресс партиясига аъзо бўлган. У яратган куч ишлатмасдан курашиш фалсафаси Ҳиндистонни мустамлакадан озод қилишда муҳим роль ўйнаган. У "Ёмонликка яхшилик билан жавоб бер" ҳикмати менинг йўл бошловчи тамойилим бўлиб қолган", деган экан. Ҳинд халқининг мустақиллик учун кураши Маҳатма Гандининг ғоявий ва фидокорона хатти-ҳаракатлари билан бевосита боғлиқ. Унинг "Менинг ҳаётим" асари таржимаи ҳол тариқасида ёзилган бўлса-да, миллатпарварлик ва ватанпарварлик, фидойилик ва ҳалоллик ғоялари кенг тарғиб қилинган.
Унинг 1916 йил 16 февралда Банорас шаҳридаги Ҳинд университетининг очилиши маросимидаги "Ҳиндистоннинг нажот йўли" маърузаси диққатга сазовордир. Маҳатма Ганди маърузасини ўз миллатдошларига чет тилида мурожаат қилишга мажбур бўлгани барча ҳиндлар учун ҳақоратли ҳолат эканлигидан бошлаган. Университетда ёшларга ўз она тилида дарс берилишига умид қилади. Ўз тили ва ўз уйида маърифатли бўлмаган одам ҳеч жойда маърифатли бўлмаслигини таъкидлайди.
Маҳатма Ганди дабдабали саройлар ва зиёфатларни ёқтирмаган, бой-зодагон юртдошларини камбағалларга меҳрли ва эътиборли бўлишга чақирган. У башанг кийинган оқсуяк зодагонларга қарата: "Сиз ватандошларингизнинг аҳволини ўнглаш учун ўз тақинчоқларингизни юлиб олиб улар (қашшоқлар)га бермагунингизча Ҳиндистон балолардан халос бўлолмайди", деб таъкидлаган.
Шунингдек, Ҳиндистон аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғи деҳқонлар эканлиги учун бу заҳматкашларни қўллаб айтган экан: "Агар биз деҳқонларни кўкартирмасак, топган-тутганининг деярли барчасини олиб қўйсак ёки кимлардир тортиб олишига индамай қараб турсак, қалбимизда мустақиллик руҳидан асар ҳам қолмагани шу эмасми? Деҳқонлар бизнинг нажоткорларимиздир. Нажотни бизга юристлар ҳам, врачлар ҳам, бой заминдорлар ҳам беролмайди".
Умуман олганда, юқорида саналган асарларни ўқиб чиқиш ҳар бир инсон учун фойдадан холи бўлмайди.
Абдишукур ОМОНОВ