Меню

Қашқадарё

18.05.2017 2096

НЕФТЬ ВА ГАЗ КОНЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШДА ИННОВАЦИЯЛАР МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА

Элдор Нодиров ўз лойиҳаси ҳақида Қарши шаҳрида ўтказилган "Нефть ва газ конларини ишга тушириш ва улардан самарали фойдаланишда замонавий технологиялар" мавзуидаги республика илмий анжуманида гапириб берди.

- Маълумки, нефть ва газ саноати корхоналари кўп миқдорда сув истеъмолчиси ҳисобланади, - дейди у. - Масалан, ҳозирги пайтда нефть конларида қатлам босимини сув ҳайдаш орқали ушлаб туриш усулидан кенг фойдаланилади. Бу эса турли заҳарли чиқиндилар билан зарарланган сувнинг яна табиатга қайтиб, экологик муҳитга жиддий зиён етказишига сабаб бўлади. Илмий изланишларимнинг асосий моҳияти ана шу жараёнда фойдаланилган сувнинг экологияга зарарли таъсирини камайтиришдан иборат.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан бўлган учрашувда илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги бугун ниҳоятда долзарб эканини таъкидлаб ўтган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 февралдаги фармойиши билан жорий йилда республика миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техникавий анжуманлар режаси тасдиқланди. Режа асосида ўтказилаётган илмий анжуманларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, олимларимиз томонидан яратилаётган янги, самарали технологияларни бевосита ишлаб чиқаришга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Бу галги анжуманда нефть ва газ конларини ишга тушириш ва улардан самарали фойдаланиш йўналишида илмий фаолият билан шуғулланаётган мамлакатимиздаги етакчи олимлар, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти нефть ва газ конларини ишга тушириш ва улардан фойдаланиш кафедраси профессор-ўқитувчилари, нефть ва газ факультети талабалари, магистрлар ҳамда "Шўртаннефтгаз" ва "Муборакнефтгаз" масъулияти чекланган жамиятлари масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбирда нефть ва газ конларидан фойдаланишдаги мавжуд муаммолар, соҳага янги, инновацион технологияларни татбиқ этиш бўйича фикр алмашилди. Бу борада ихтирочиларимиз томонидан амалга оширилган ва оширилаётган янги лойиҳалар муҳокама этилди. Нефть ва газ қазиб олишда ҳам инновацион, ҳам инвестициявий самарали техникаларни яратиш, соҳада етук мутахассисларни тайёрлаш долзарб аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Тадбир сўнгида слайдлар орқали иштирокчиларга вилоятимиздаги йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланган "Шўртаннефтгаз" МЧЖнинг мавжуд конлари, мазкур субъектдаги ишлаб чиқариш жараёнлари, бир сўз билан айтганда, корхонанинг саноат салоҳияти намойиш этилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!