Меню

Қашқадарё

16.10.2020 1736

НЕ-НЕ НАЙРАНГЛАР БИЛАН САЛТАНАТНИ ЭГАЛЛАБ ОЛГАН ПОДШОЛАР КЎП ЎЙИН КЎРСАТДИ-ЁВ...

Сараланган сатрлар

 Ўтган асрда халқимиз бошидан кўп кўргиликлар ўтди. Инқилоблар, мардикорликка олиш, иккита жаҳон уруши, 1937-38 йиллар ҳамда Сталин даври қатағонлари, қайта қуриш, "пахта иши"... Бу кечмиш бадиий адабиётда ҳам таъсирчан ифодасини топган. Хусусан, Саид Аҳмаднинг "Жимжитлик" романида аввалги юз йиллик 80-йилларидаги воқеалар қаламга олинса, Одил Ёқубовнинг тугалланмай қолган "Осий банда" асарида ўтган аср иккинчи ярмидаги ҳодисалар, Катта ва Кичик раҳбарлар фаолияти, фожиасига назар ташланади.

Ким учундир бундай китоблар аниқ бир даврни қамрагани сабаб ўз умрини ўтаб бўлгандай туюлиши ҳам мумкин. Аммо асарнинг кучи унда қайси давр воқеалари ёритилганида эмас, қандай акс эттирилганидадир! Номи келтирилган китобларда ҳам аввало муаллиф маҳоратини кўрасиз, мутолаа завқини ҳис этасиз, тасвирлар, манзаралар тўлақонли давр кайфиятини беради. Айрим ўринларда ҳукмрон мафкура билан келишиш аён кўриниб турса-да, бадиийлик тоши бошқаларини босиб кетади...

"ЖИМЖИТЛИК"

Чўққилар жилвасига кўпам маҳлиё бўлаверма, болам. Бу тоғда қашқирлар бор...

* * *

Одам боласининг кўзидан ёш чиқмаса қийин экан. Юрак-бағрини ўртаган аламлар кўзёши билан чиқиб кетади. Кимки фарёд уриб йиғлаёлмаса, кўзидан ёш чиқазолмаса, аламларини ичига ютса - дардга чалинади. Шунинг учун кексалар, алам ўртаган кишига йиғла, кўнглингни бўшат, дейдилар.

* * *

Одам боласи йиллар ўтган сари ўзгараверади, аммо кўзлари ўша-ўша, ёшлигидагидек ўзгармай тураверади.

* * *

Одамзод қизиқ бўлади. Ўй ўйлаб тополмаган, хаёлингга минг уринганинг билан келтиролмаган умрингни ё азоб, ё қувонч, ё андиша пайтларида лоп этиб бир дақиқада кўрасан. Ўтган умринг кўз олдингдан жуда тиниқ, жуда аниқ бўлиб ўтади. Ва шу дақиқада, ўтган умрингга баҳо бериб улгурасан.

* * *

Улар дўстликни муқаддас тутадилар. Дўст учун, яхшилик учун жонларини ҳам аямайдилар. Аммо...

Аммо хиёнат ўртага тушса жон-жонининг аллақаерида яшириниб ётган ваҳший куч қалқиб юзага чиқади. Уни ҳеч қандай тўсиқ қайтара олмайди. Бу тоғликлар қонуни!

* * *

Ёшлигида бошига рўзғор ташвиши тушган болалар бирдан улғайиб қоладилар. Гап-сўзларда, юриш-туришларида катталарга хос одатлар пайдо бўлади. Айниқса орият биринчи ўринга чиқиб қолади.

* * *

"Директорларингизни яхши танийман. Унинг асли қиёфасини чизиш қийин. Бир танда икки одам яшаётганга ўхшайди. Бири беқиёс ишбилармон, ташкилотчи, бири ёвуз. Иккови ҳам авж пардада. Бири бирини сиқиб чиқараман, демайди. Иккови ёнма-ён мустақил яшайди. Бир танга иккови навбатма-навбат ҳокимлик қилади. Бири уйғонганда, бири мудрайди..."

* * *

Ёғ ялаганда ёт, қон ялаганда қариндош кунингга ярайди.

* * *

Милиция бирор нимадан умидвор бўлса гапини сиёсат қилишдан бошлайди.

* * *

"Белингдаги пичоғингни, минган отингни, никоҳингдаги хотинингни бировга ишонма, болам..."

* * *

"Мана бугун у беш миллион учун кураш қурбони, пахта билан баробар заҳар ютиб "қаҳрамонларча" оламдан ўтган Исроил Маликовнинг жасади тепасида мотамсаро туради. Эти сесканмасмикан? Кўксидаги қўшалоқ "Олтин юлдуз" шунақа йигитларнинг умри ҳисобига, жони ҳисобига келганини бир дам идрок қилиб кўрармикан? У албатта мотам мажлисида нутқ сўзлайди. Юртни кийинтирган қаҳрамон, дейди. Аммо унинг - юртни кийинтирган пахтакорнинг жасадини ўрашга кафанлик топилмаганини, охири болалар уйидан иккита чойшаб сўраб олиб, кафанлик қилганларини билармикан? Келгуси бахтиёр авлод сени унутмайди, дейди. Лекин у айтган келгуси авлоднинг аллақанчаси сариқ касалига мубтало бўлганини билармикан? Марҳумнинг жасадини ювиш учун икки пақиргина тоза сув топилмай заҳарланган ариқ сувида ювилганини билармикан?"

* * *

- Китоб ўқиган одамларни садағаси кетай, ўқиб-ўқиб сўғин начайли бўлишган.

- Э, нимасини айтасиз, бу китоб дегани юққанга юқаркан. Мана, Муқим тароқчини ўғли Тошкентдек шаҳри азимда беш йил ўқиб келиб, мактаб болаларини раз-два қилиб югуртириб юрипти. Шу юқмагани-да. Шожалил утилчини ўғли олти ойгина ўқиб елкасида погону белида тўппонча билан келди. Бу юққани-да. Уйига ҳеч қўли қуруқ келмайди. Кимсан, Шомовлон мелиса. Шу бола мелиса бўлиб келдию, қишлоғимизга нур киргандек бўлди. Тўй бўлса у келмагунча қозон очилмайди. Ўзиям мияси бутун бола бўлган. Калласи тўла илм. Газеталарни шариллатиб ўқиб ташлайверади. Ҳукуматнинг энг ишонган одами. Сир сақлашни билади. Бир куни телевизор кўриб ўтиргандик, кириб қолди. Шунда, Шомовлон, начайлик болам, менга бир нарсани тушунтириб бер, бошқа шаҳарда туриб гапираётган манави қиз қандоқ қилиб бу шаҳардаги телевизорда пайдо бўлиб қоляпти, деб сўрадим. Ақллилигини қаранг: бобой, сиз бунақа нарсаларга аралашманг, бу давлат сири, ҳаммага айтилавермайди, дейди. Ўшанда унга қойил қолганман.

* * *

"Мана, еттита Ленин ордени. Шунчасини на маршал Жуков, на Рокоссовский, на Хрушчев олган. Мамлакатда еттита орден олган шу Раҳимовнинг ўзи эди...

Бу орденлар унинг эртанги қора кунларини ёритолармикин? Ахир унинг ўзи йиғинларда, ҳеч қандай орден гуноҳкорни жазодан сақлаб қололмайди, деб неча марталаб айтган-ку. Демак, бу мукофотлар унинг ўтмиши, холос".

"ОСИЙ БАНДА"

Ҳа, ғалати дунё экан бу дунё! Бир ожиз банда донишманддан: "Бу дунёга келиб нима кўрдингиз?" деганда, донишманд: "Ҳеч нима, кўзимни очдиму, юмдим", - деб жавоб берган экан. Қаранг, анави қаттиққўл мўйловни бадном қилиб, унинг тахтига ўтириб олган сергап Катта Ота тўнғиз овлаш баҳонасида Саркорнинг маконига келиб, роса ўйин кўрсатиб кетганига мана қанча вақт ўтиб кетибди. У Америкага бориб, у ердан қайтгач, Американи Америка қилган жўхори деб, бутун мамлакатни - Жанубий ўлкалардан тортиб Шимолий Қутбгача - ҳаммаёқни жўхоризорга айлантирганлари-чи! Ўрнини энг садоқати зўр шогирди эгаллади. Бу одам, худо деган экан, умрини роҳату фароғатда ўтказди, аммо у ҳам кўпга бормай бундан бир йил аввал бандаликни бажо келтириб, ўрнига қаҳри қаттиқ кўзойнакли киши ўтирди. Шу-шу мамлакатда аллақандай тушуниб бўлмайдиган ва пала-партиш давр бошланди. Ҳали нималар бўлишини бирон тирик жон билмайди.

* * *

Фақат шуни биламанки, у - ғоя кишиси. Қотиб қолган коммунист. Ғоя учун сенинг Отанг у ёқда турсин, ўз хотинини ҳам аямайди. Эсингда борми, у можорлар юртида нима қилган эди? Ҳалиги масхарабоз, оқбош пошшога айтиб, танкларни чақириб олган... Шу танклар билан кўчага чиққан можорларни қириб ташлаганини эшитгандирсан, ахир?

* * *

...ҳақиқат қанча аччиқ бўлмасин, ҳақиқий дўстлар буни бир-бирига айтиб туриши керак...

* * *

...не-не найранглар билан салтанатни эгаллаб олган бу пошшо ҳам кўп ўйин кўрсатди-ёв! Илгариги Катта Ота эса бир қоп ёнғоқ эди. У азбаройи ҳушёрликни қўлдан бериб қўйиб, кўп жинниликлар қилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мажлисида кимдандир дарғазаб бўлиб, оёғидаги пойабзали билан минбарни тақиллатиб, жумлаи жаҳонга кулги бўлди.

* * *

У киши айтдиларки, пахтанинг нархи жуда баланд. Оқибатда пахтакорларнинг ҳаёт даражаси бошқа республикаларга нисбатан бир неча баробар юқори. Бу нархни қайта кўриб чиқиш даркор. Бўлди қарсак, бўлди қарсак! Саркор ҳам қарсак чалди. Чалишга чалди-да, ичида афсус ва маломатлар уни ларзага солди. Чунки у пахтакор меҳнатининг мисли кўрилмаган оғирлигини яхши биларди. Ана арманлар! Бу республика делегати Арманистонни пахтадан озод қилиш даркор, шунда арман халқи коньяк ва вино деганларини дарё қилиб оқизиб юборади, деган таклиф билан чиқиб, Ўзбекистондан ҳам кўпроқ қарсак олишди. Ва пахта ғурбатидан озод бўлишди.

* * *

Ота салкам чорак аср улкан бир жумҳуриятни бошқариб, бирор одамга ёмонлик қилмаган. Битта, битта хатоси дудуқ пошшо ҳаёт вақтида, бехосдан Масковга бориб қолиб, кўзойнак пошшони танқид қилганими? Бошқа нима ёмонлик қилди? Одам боласи, гуноҳкор банда, гўё ўзи ҳеч хато қилмагандай, ҳаммани эзиб, гўрга тиқиб кетаверар экан-да!..

* * *

Улар лимонарийдан чиқиб, авиазаводга кетаётганларида... Улар юрадиган йўлдан поезд ўтар экан, дудуқ пошшо билан Ота шу ерга келганларида бехосдан поезд келиб қолса борми? Поезд бўлганда қандоқ, камида ўттиз вагон тиркалган эшелон экан қисталоқ! Худди майиб илондай судралган саноқсиз вагонлар ўтяпти, ўтяпти, қани тугаса! Ўшанда Ота ичида бу хатонинг олдини олмаган латтачайнар ходимларнинг ота-боболаридан тортиб, ҳозирги авлодигача ҳаммасини ичида сўкиб чиққанди. Аммо Катта Ота, жойи жаннатда бўлсин, бир оғиз норозилик аломатини билдирмади. Чидамли, бардошли экан!

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!