Меню
Қашқадарё
"НАВРЎЗИНГ - ЯНГИ КУН, ЯНГИ ДАВРОНИНГ МУБОРАК, ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ!"
Баҳор, уйғониш ва яшариш айёмига бағишланган байрам шодиёналари жорий йилда ана шу бош ғоя асосида ўтказилади
Шу йил 3 март куни Президент Шавкат Мирзиёев "2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида" қарор қабул қилди.
Халқимиз асрлар давомида катта шоду хуррамлик билан нишонлаб келаётган, БМТ томонидан халқаро байрам сифатида белгиланган Наврўзи оламнинг беқиёс аҳамияти эътироф этилган бу ҳужжатда севимли айёмимизни янги Ўзбекистоннинг демократик қиёфаси, обрў-эътибори ва нуфузига ҳар томонлама муносиб тарзда ўтказиш мақсади қўйилган.
Қарорга биноан 2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланиб, унинг зиммасига юқорида қайд этилган бош ғояни ўзида мужассам этган Наврўз умумхалқ байрамини ўтказиш концепцияси ва ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифалари юклатилган.
Концепция ва дастурни тайёрлашда барча тадбирларни том маънода умумхалқ сайли ва шодиёнаси сифатида ўтказиш, уларда кенг халқ оммасининг фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида бир қатор муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги уқтирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳам Наврўз умумхалқ сайилларини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга бир ҳафта муддат берилган. Мазкур дастурларда, хусусан, Наврўз умумхалқ сайиллари ўтказиладиган асосий майдонлар, хиёбонлар ва кўчаларни белгилаш, уларни миллий услубда байрамона безатиш ҳамда саҳналарни ўрнатиш билан боғлиқ масалалар акс эттирилиб, маҳаллий фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, цирк санъати вакиллари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини кенг жалб этиш назарда тутилиши даркор. Шунингдек, байрам тадбирлари доирасида ҳар бир ҳудудга хос бўлган халқ ўйинлари, томошалар, кўргазмалар ва мусобақаларни ўтказиш, баҳорий таомлар сотиладиган очиқ ошхоналарни жойлаштириш мўлжалланмоқда.
Наврўз умумхалқ сайилларига хорижий ва маҳаллий туристларнинг ташрифини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда кенг тарғибот ва тайёргарлик ишларини амалга ошириш лозимлиги таъкидланган.
Ўз мухбиримиз