Меню
Қашқадарё
НАВРЎЗ ВА ҚАДРИЯТЛАР
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва “Меҳр-мурувват” жамоат фонди ҳамкорлигида ўтказиладиган мазкур кўрик-танлов ўқувчи ёшларнинг миллий байрамимиз – Наврўз ва унинг тарихи, у билан боғлиқ миллий анъаналар тўғрисидаги билимлари даражасини аниқлаш, табиатни асрашга ўргатиш, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш мақсадида ташкил қилинган. Танловнинг якуний босқичида вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган иштирокчилар 4 та шарт бўйича ўзаро куч синашдилар. Таништирув шартида ўзлари яшаб турган ҳудуднинг табиат билан боғлиқ халқона урф-одатлари ва бошқа мамлакатлар аҳолисининг миллий қадриятлари бўйича тайёрлаган ижодий ишларини слайд кўринишида намойиш этишди. Кейинги шартда эса Наврўз байрами тарихи, миллий қадриятларга оид савол-жавобларда бу борадаги билимларини синовдан ўтказдилар. Баҳру байт шартида уларнинг шеър ўқиш қобилияти текширилган бўлса, сўнгги шартда санъат борасидаги истеъдодлари намоён бўлди.
- Республика миқёсида ўтказиладиган кўплаб танловларда қатнашиб келаман, - дейди Қорақалпоғистон Республикаси Чимбай туманида жойлашган Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 1-академик лицейнинг 2-курс ўқувчиси Гулжайна Пахратдинова. – “Наврўз ва қадриятлар” кўрик-танловида биринчи марта иштирок этаяпман. Ўзимнинг ижодий ишларимни – баҳор ҳақида ёзган шеърим ва она ҳақидаги қўшиғимни тақдим этдим.
Кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, вилоятимиз вакили – Қарши агробизнес ва тадбиркорлик коллежи ўқувчиси Дилфуза Хўжамшукурова юқори ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Андижон вилояти вакили – Булоқбоши педагогика коллежи ўқувчиси Мадина Абдуллаева ҳамда Тошкент вилояти вакили – Чирчиқ тиббиёт коллежи ўқувчиси Малоҳат Мирзатурсуновага насиб этди.
Танлов доирасида меҳмонлар учун вилоятимиздаги лицей ва коллежлар ўқувчилари томонидан тайёрланган миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Шунингдек, Қарши педагогика коллежи қошидаги “Дуторчи қизлар” ансамблининг концерт дастури тадбир меҳмонларида ката таассурот уйғотди.
Х.ҚИЛИЧЕВА