Меню

Қашқадарё

21.03.2017 2512

НАВРЎЗ – МИЛЛИЙ ШОДИЁНАМИЗДИР

Наврўз тарихига назар ташласак, у қадимий ва ўзига хос босқичларни босиб ўтган навқирон ва кўҳна байрам ҳисобланади. Абу Бакр Наршахийнинг "Бухоро тарихи" асарида таъкидланишича, Наврўз тўрт минг йилдан бери ота-боболаримиз томонидан кенг нишонланар экан.

Аслини олганда, юртимизнинг табиати Наврўзни яратган. Уни яшилланиб бораётган кенг дашту далалар, курраи замин коинотга улашиб кетган кенгликларда ҳис этиш мумкин. Ер юзининг  бошқа бирор бир жойида Наврўз кашф этилиши мумкин эмасдек туюлади гўё. Чунки у ерларда табиат ўзгача, фасллар алмашинуви ўзгача. Бекорга баҳорги тенг кунлик янгиланиш, яшариш ва туғилишга менгзалмайди.

Маълумки, Аллоҳ таоло еру осмонни, коинот ва ундаги барча жисмларни ўзининг азалий илми билан яратган. Уларда кеча-кундуз, иссиқ-совуқ, баҳор, ёз, куз ва қиш мавсумлари бирин-кетин алмашинуви жорий қилинган. Бу ҳолатни   қуйидаги ояти карималар мисолида яққол тасаввур қиламиз:

"Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз. На Қуёш Ойга етиши мумкин ва на тун кундан ўзувчидир. (Қуёш, Ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузиб юрадилар" ("Ёсин" сураси, 39-40-оятлар).

Аллоҳ таоло ўз иродаси билан инсон Ер юзини обод қилиши ва унда чиройли ҳаёт кечириши учун лозим бўлган ҳаво, сув, қуёш ва тупроқни унга бўйсундирди. Осмондан сув ёғдириб, инсон ва барча мавжудот учун ризқ бўлган наботот оламини ўстирди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

"Кўраяпсизки, осмонларни устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни барпо қилди ва унда турли жондор(лар)ни тарқатиб қўйди. Яна Биз осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, (ерда) турли чиройли (ўсимликларни) ундириб қўйдик" ("Луқмон" сураси, 10-ояти).

Абу Райҳон Беруний Наврўз қачон бошланишини табиат ҳодисаларига қараб аниқлаш мумкинлигини қуйидагича баён қилади: "...Баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунича, дарахтлар гуллашидан мевалар етилгунича, ўсимлик униб чиқиб, такомиллашгунигача бўлган вақтда келади".

Аллоҳ таоло баҳор мавсумини борлиқ ва табиатда яшариш, яшнаш, ўзгаришларнинг бошланиши этиб қўйди. Баҳор келиши билан табиат узоқ қиш уйқусидан уйғониб жонланади, набототлар ниш уриб чиқади, юртнинг қут-баракаси, тўкинлиги ва фаровонлиги манбаи бўлган зироат, деҳқончилик ишлари бошланиб кетади.

Наврўз деганда фақат 21 мартда нишонланадиган байрамни тушунмаслик лозим. Аслида Наврўз форсча "янги кун" дегани бўлиб, совуқ қишдан кўклам    баҳорга, мисоли янги ва умидбахш кунларга етилгани учун янги кунга қиёсланган ва шундай ном берилган.

Наврўз байрами янги фаслнинг бошланиши, табиатнинг уйғониши, деҳқончилик ҳосилига асос қўйилиши жиҳатидан энг халқчил байрам сифатида кўп асрлардан буён юртимизда катта тантана қилиб келинади. Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам "Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз", деб бу кунни алоҳида ёд этганлар.

Наврўз байрамини халқимиз ўзгача руҳ, кўтаринкилик билан қарши олади. Аввало, совуқ қишдан соғ-саломат баҳор фаслига етказганига шукурлар айтади. Қишда қор остида қолган ишларини тафти баданларга хуш ёқувчи қуёшли кунларда бошлаб, меҳнатга янгича шижоат билан бел боғлайдилар. Ҳовли-жойлар тозаланади, кераксиз чиқиндилар чиқарилади, маҳалла, кўча, хиёбон ва атроф-муҳит ҳашар йўли билан ободонлаштирилади. Янги кўчатлар ўтқазилади, аввалгиларига қайтадан ишлов берилади. Далаларда иш қизигандан-қизиб, деҳқонбоболар азамат йигитлардан ҳам ўзиб кетадилар. Супурги тегмаган, сув сепилмаган гўша қолмайди ҳисоб.

Шуниси эътиборлики, бу байрам халқимиз ислом дини билан шарафланишидан олдин ҳам бўлган, кейин ҳам у дин таълимотларига ва мусулмон ақидасига зид бўлмагани учун ҳануз нишонлаб келинади. Наврўз байрамининг дин ёки эътиқодга умуман дахли йўқ бўлиб, ушбу кун азал Шарқ халқларида деҳқончилик мавсумининг бошланиши, янги ҳаёт палласи сифатида кўрилган. Ерга уруғ қадайдиган фурсат етгани муносабати билан деҳқонлар Наврўзни мавсумий тадбир сифатида байрам қилишган.

Тарихимизнинг машъум даврларини эсга олсак, тоталитар тузум даврида минг йиллар оша ривожланиб, сайқалланиб келаётган, миллатидан, элатидан қатъи назар барчани бирлаштириб, муштарак мақсадларга йўналтириб келаётган Наврўзга тош отилди. Наврўзни байрам қилиш тақиқлаб қўйилди. Эскилик сарқити, деб эълон қилинди.

Бу - халқни ўзлигидан жудо қилиш, тарихини сийқалаштириш, қадриятларини топташдан ўзга нарса эмас эди. Биз бугун онгу шууримиз билан англаяпмизки, Наврўз ҳеч қандай эскилик сарқити эмас. Наврўз яратувчан халқимизнинг ҳаётни ўрганиш, табиат ўзгаришлари, қонуниятларини кузатиш, уни тизимлаштириш ва керак бўлса, ўзи табиатнинг бир бўлаги сифатида унинг сиру синоатларини кашф этиши натижасида пайдо бўлган. Бу кунни нишонлаш урфга, одатга айланган.

Мустақиллик нафақат халқимизга ўзлигини қайтариб берди, аввало қадриятларини, аждодларидек эмин-эркин фикрлаш, ижод қилиш, табиатни, ҳаётни ўрганиш эркини қайтариб берди.

Шу маънода, Биринчи Президентимиз томонидан ҳали собиқ тузум парчаланмасдан туриб, халқимизнинг хоҳиш-иродасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг чинакам тараққиёти ва гуллаб-яшнашини таъминлаш, маънавий қадриятларини тиклашни ҳисобга олган ҳолда 1990 йилдаёқ "Наврўз халқ байрамини ўтказиш якунлари тўғрисида"ги фармон қабул қилиниб, юртимизда ҳар йили 21 март дам олиш куни ва умумхалқ байрами деб эълон қилинган эди. Мазкур фармонда Наврўзнинг байрам қилиниши теран халқ анъаналари, ерга ва табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш,   деҳқон меҳнатини ҳурмат қилиш, яхши қўшничилик, меҳр-мурувватга ва бошқаларнинг дардига малҳам бўлишга интилиш қудрати намоён бўлди. Наврўз халқ байрамининг инсоний ва байналмилал моҳияти ҳам худди ана шундадир.

Шукурки, бугун Наврўз мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Ҳар йили мамлакатимиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда байрам сайиллари, томошалар, кўнгилочар тадбирлар ўтказилаяпти, айни пайтда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олинмоқда, уларни байрам билан қутлаб, турли совғалар, хайр-эҳсонлар тақдим этилмоқда.

Иликузилди паллада салкам бир кечаю бир кундуз давомида тайёрланган ҳалим, дошқозонларда қайнайвериб, дармонга тўйинган сумалак вужудни соғлом, руҳиятни тетик қилади. Айни қишда сувга тўйинган кўкатлар ҳамда ялпиз-кўклардан тайёрланган сомса, чучвара, манти, ўрама, варақи ва қатлама барчага дармон улашади. Бу каби таомшинавандалик баҳор фаслида кенг авж олиб, қўни-қўшни, ёр-биродар, қавму қариндошларга ҳам улашилади. Бу халқимизнинг гўзал урф-одатларидан биридир.

Наврўз яшариш ва янгиланиш байрами бўлиб, унда барча биргаликда, хуш кайфиятда баҳорни қарши олади ва бир-бирларига эзгу тилакларни улашади. Бир сўз билан айтганда, Наврўз бирдамлик, аҳиллик байрами бўлиш билан бирга, барчага хайрли ишларни янада кўпроқ амалга ошириш учун янгидан-янги куч-ғайрат бағишлайди.

Аллоҳ таолодан бу йилги баҳорни ҳам юртимиз учун баракотли қилиб, халқимизнинг яхши ниятларда қадаган уруғлари сермаҳсул бўлишини насиб айлашини, маҳаллаларимиз ва юртимизнинг янада обод ва кўркам бўлиши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни тинч-омонликда сақлаб, икки дунё саодати йўлида олиб бораётган амаллари ва саъй-ҳаракатларига унум ато этишини сўраб дуолар қиламиз. Бугунги шодиёна айёмда барчамизни ушбу қутлуғ дамларга соғ-саломат, тинчлик-омонликда етказганига шукроналар айтамиз.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!