Меню

Қашқадарё

13.02.2018 1995

НАВОИЙ ВА БОБУР ИЖОДИДАГИ МУШТАРАКЛИК

Европада шундай гап бор: Гёте ва Шекспир ижодини билмаган одам зиёли саналмайди. Шу фикрга ўхшаш шундай гап айтиш мумкин: Ўзбекистонда Навоий ва Бобурни билмаган одам баркамол, зиёли бўла олмайди. Чунки улар умуминсоний қадриятларни куйлаган, дунё тан олган ижодкорлардир.

Чуқурроқ назар ташланса, бу икки буюк ижодкор ижодида ҳамоҳанг нуқталар кўплаб учрайди. Бундай ҳамоҳанглик уларнинг рубоийларида, ғазалларида, туюқларида, маснавийларида кўзга ташланади. Гарчанд улар бир замонда яшашса-да, жангу жадалларга бой давр уларнинг учрашувига имкон бермади. Навоийнинг Бобурга мактуб йўллаши, Бобурнинг Навоийга жавоб хати билан улар ўртасидаги ҳаёт ришталари узилди. Бобур Ҳиротга келганда эса Навоий вафот этган эди. Бобур йигирма кун Навоий уйида яшайди ва шу ерда Навоий асарлари билан танишади. Бобур  Навоийнинг “Хазойин-ул маоний” девонини мутолаа қилиб, аруз баҳри тартиби билан ўзи учун сайланма девон тузади.                            

Бобур айрим ўринларда тазмин йўли билан Навоий мисраларини айнан олиб, байтга киритади. Тазмин санъатида фикрий мутаносибликдан ташқари бадиият жиҳатидан ҳам байтлар бир-бирига мос бўлиши зарур. Навоийнинг бир ғазалида шундай байт бор:

Ошиқ ўлдим билмади

ёр ўзгаларга ёр эмиш

Оллоҳ, оллоҳ, ишқ аро

мундоқ балолар бор эмиш.

Бобур ёзади:

Ошиқ ўлғоч кўрдики

ул шамшод қадди юз бало

Оллоҳ, оллоҳ, ишқ аро

мундоқ балолар бор эмиш.

 Навоий ва Бобур замонасининг буюк шоирлари бўлиш билан бирга адабиётшунос олимлари ҳамдир. Иккаласи ҳам аруз назариясига бағишланган асар ёзганлар. Навоийнинг “Мезон-ул авзон”, Бобурнинг “Мухтасар” асарлари аруз илмига бағишланган. Шу илмга оид араб олими Халил ибн Аҳмад китобидан тортиб, кўплаб асарлар ёзиладики, булар аруз илмини ўрганишга бўлган катта қизиқиш, эҳтиёж борлигини кўрсатди. Айнан мана шу эҳтиёжларни ҳисобга олиб бу иккала ижодкор олим аруз сирларини ва унинг нозик хусусиятларини асарлари қатига сингдиради ва бу асарлар ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай асрлардан асрларга ошиб, сайқалланиб келмоқда.

Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” китобида туркий тил билан форс тилини қиёсий таҳлил қилиб, туркий тилнинг бойлиги ва жозибасини исботлаб берди. Бобур эса тилшунос олим сифатида “Хатти Бобурий” деб номланган алифбо яратди. Араб алифбосининг туркий талаффузга у қадар мос эмаслигини кўрган Бобур бу алифбони ислоҳ қилиб, 1503-1514 йиллари “Хатти Бобурий”ни юзага келтирди.

Бобур тил илмини чуқур эгаллаган билимдон сифатида бадиий ифоданинг шакл ва мазмун жиҳатдан қулай бўлишини қайд этади ва ўғлига ёзган мактубларидан бирида унга бу хусусида насиҳат қилиб, шундай ёзади:

“Бу хатларингни битибсен вале  ўқумайсен, не учунким, агар ўқир хаёл қилсанг эди, ўқуёлмас эдинг. Ўқуёлмагандин сўнг, албатта, тағйир берур эдинг. Хатингни худ ташвиш била ўқиса бўладур, вале асру муғлақтур. Имлонг ёмон эмас, агарчи хейли рост эмас, “илтифот”ни “то” била битибсен. Кулунгни “ё” била битибсен. Хатингни худ ҳар тавр қилиб ўқуса бўладур, вальс бу муғнақ алфозингдин мақсуд тамони мафхунг бўлмайдур. Ғолибо, хат битурда каминг ҳам ушбу жиҳаттиндур. Бундин кейин бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била бит: ҳам санга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқуғучиға...”

Навоий ва Бобурнинг икки тилда асар ёзганлиги ва ҳар иккала ижодкорнинг таржимон сифатида тан олинганлиги ҳам бу икки буюк шахсдаги ўхшашликлардан биридир. Маълумки,    Абдураҳмон Жомий 40 та ҳадис мазмунини 40 та рубоийга солган эди. Навоий ушбу асарни таржима қилиб, “Арбаин ҳадис” деб атади. Бундай фаолият Бобур ижодига ҳам хосдир. Бобур Хўжа Аҳрор Валининг “Волидия” номли асарини шеърий йўлда таржима қилган.

Мухтасар қилганда, бу икки улуғ шоир ижоди гўё бир-бирини тўлдиради, бири бошқасини давом эттиради. Уларни ўрганиш, шууримизга жойлаш эса маънавиятимизни бойитади, тилни бурро, ақл кўзини равшан қилади.

Достон АБАТОВ, Қарши давлат университети талабаси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!