Меню
Қашқадарё
НАВОБАХШ ЮРТИМГА ХУШ КЕЛДИНГ, НАВРЎЗ!
Бу йилги Наврўз азалгидек ҳар томонлама хосиятли, қутлуғ қадамлар билан бошланаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу кунларда воҳанинг бепоён ҳудудларида, шаҳар ва қишлоқларида Наврўз сайилларини кексаю ёш – барча юртдошларимиз катта хурсандчилик ва кўтаринки руҳ билан ўтказмоқда. Зеро, тинч-осойишта элда хурсандчилик, тўй-томоша бўлади, ҳаловатли халққа байрамлар ярашади. Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасида осмонимиз мусаффо, тинчлик-барқарорлигимиз мустаҳкам, турли миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил ҳаёт кечирмоқда.
Шунга монанд Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ асрий байрамимиз барча гўшаларда катта тантана, халқ сайиллари тарзида кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда.
Шаҳару қишлоқларда, маҳаллаларда карнай-сурнай садолари янграйди. Кўчаларни тўлдириб бораётган одамларнинг юз-кўзларида шодумонлик. Набирасини етаклаган отахону онахонлар, шўх-шодон болакайлар, баҳордек латофатли қизлар, жўшқин йигитлар Наврўз сайлига ошиқади...
- Халқимиз азал-азалдан фарзандлар бахту иқболини ўйлаб, эзгу орзулар билан яшайди, - дейди уй бекаси Гулноза Шерова. - Наврўз кунларида фарзандларига атаб, уларнинг бахтли ва фаровон келажагини ўйлаб ниҳол экиб, боғ яратади. Фарзандларимиз боғу бўстон ичра ўсиб-улғаяётгани, жисмонан баркамол, маънан етук бўлиб вояга етаётгани ҳар қандай ота-онани қувонтиради, мамнун қилади. Сайилни қаранг: ўйнаб-кулаётган ўғил-қизларимиз юз-кўзида қувонч, шодлик. Бундан ортиқ бахт бўлиши мумкинми?
Бу йил вилоят марказининг тўққиз манзилида сайиллар ўтказилмоқда. Дошқозонларда ош дамланиб, Наврўз дастурхонининг шоҳ таоми – сумалак ҳозирланди. Сайилгоҳлар аро тикилган ўтов, баҳорни, Наврўзни ифодаловчи байрам безаклари, жойларда ташкил этилган миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, дор ўйинлари, миллий спорт мусобақалари – ҳар бир юртдошимизга таниш, кўнгилга яқин бундай файзли манзара қалбларга янада кўтаринкилик бағишлайди.
Наврўз ободлик, орасталик, меҳр-оқибат, хайру саховат айёмидир. Халқимиз бу йил ҳам Йилбошини ана шу эзгу тамойилларга мувофиқ кутиб олмоқда. Баҳорнинг дастлабки кунларидан юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авжига чиқди. Умумхалқ ҳашари ташкил этилиб, маҳаллалар, кўчалар, аҳоли турар жойлари ободонлаштирилди, ариқ-зовурлар тозаланди, зиёратгоҳ, қабристон ҳамда муқаддас қадамжолар тартибга келтирилди, мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилди.
Байрам кунларида серғайрат ёшлар, қўли очиқ тадбиркорлар кўмакка муҳтожларга беминнат ёрдам берди. Беморларнинг ҳолидан хабар олинди. Қўни-қўшнилар бир-бирларига Наврўзнинг тансиқ таомларини илинди.
- Наврўз қутлуғ қадамлар билан бошланди, бу йилги байрамни янги уйда қарши олаяпмиз, - дейди Қарши туманилик Алишер Аҳмедов. - Хонадонимизда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев меҳмон бўлгани, уй шароитлари билан танишиб, бир пиёла чой устида ҳамсуҳбат бўлгани бизни беҳад мамнун қилди, қалбимизни ғурур ва ифтихорга чулғади. Президентимизнинг қарори асосида аҳоли учун арзон уйларнинг қурилиши биз учун айни муддао бўлди. Айни пайтда шундай лойиҳа асосида барпо этилган 3 хонали уйда яшаяпмиз. Барча шароитлар муҳайё. Қолаверса, ҳовлида тандирхона ва оғилхона бор. Бир оила бахтиёр яшаши учун барчаси мужассам. Яхши кунларимиз, эзгу анъаналаримиз бор бўлсин!
- Наврўздай байрамни Қашқадарё соҳилида нишонлаш жуда гаштли-да, - дейди Қарши шаҳридаги “Нурбек сервис қурилиш таъмир” хусусий корхонаси раҳбари Ойбек Бозоров.– Биринчи Президентимиз ташаббуси билан чирой очган соҳил бўйининг бугунги тароватини, файзиёблигини кўринг. Одамларга қаранг, улар қандай бахтиёр, севинч билан Янги кунни қарши олаяпти.
Бу гўзал айём бутун борлиқни гўзалликка, покликка чулғайди. Ҳар бир киши ўзини қайта туғилгандек, ҳаётини янгидан бошлаётгандек ҳис этади, ҳар қандай ғараз, гина ва низолардан воз кечиб, тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш, аҳил ва бирдамликда яшашга интилади.
- Юртнинг байрамларини нишонлаш – жуда катта бахт. Шу бахтимизга кўз тегмасин, - дейди мубораклик татар миллатига мансуб меҳнат фахрийси Катя Рамазанова. – Наврўз таровати билан яшнаган гўшаларда кишиларимиз ҳамжиҳат, аҳил-иноқ, бир оила фарзандларидек байрам қилишмоқда. Бир-биридан кўнгил сўраб, омонлик тиламоқда. Юртимиз янада яшнаб, тинчлигимиз абадий бўлсин!
Барча жойларда бўлгани каби байрам руҳи, жўшқин кайфият Китоб туманининг Қоратепа адирларида ҳам ҳукмрон. Кўм-кўк майсазор узра тикилган ўтов, каштадўзлик, дўппидўзлик, попурчилик каби миллий қадриятларни ўзида жо қилган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, яна бир томонда Наврўз таомлари билан безатилган тўкин дастурхон. Осмон тоқига туташ бепоён кенгликда арқон тортиш, кураш, хўроз уриштириш, варрак учириш ўйинлари қизиган.
- Бу йилги Наврўз жуда гўзал ва файзли ўтмоқда, - дейди Варганза қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Зиёдулла Мирзаев. – Буни баҳорий неъматлар тортилган тўкин дастурхонлар атрофидаги қизғин суҳбатлардан, яшил майдон ва кўкаламзорларда ўтказилаётган сайил-томошалардан, кураш, улоқ мусобақаларидан ҳам билиб олса бўлади. Элнинг кўнгли тўқ бўлса, эртасига ишончи бўлса, байрам татийди.
Деҳқонобод кенгликлари эса қаҳратон қиш заҳридан толиққан кўнгилларни баҳор насими ила энтиктиради. Қиру адирларда бўй чўзган майса, мусаффо осмон узра чарақлаб чиққан қуёш кўнгилларни-да ёриштириб юборади.
Туманнинг асосий байрам тантаналари Қорашина шаҳарчасидаги Отчопар майдонида ташкил этилди. Деҳқонободликлар анъаналарига мос тарзда безатилган 4 та “қора уй”, яъни миллий услубдаги ўтовдан меҳмону мезбон қадами аримайди. Улар атрофида миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилган. Дошқозонларда ош дамланиб, сайилга келганларга, эҳтиёжманд оилаларга тарқатилади. Дор ўйинлари, санъаткорлар, бахшиларимизнинг чиқишлари дилларга завқ улашади.
Дилга ором берувчи мумтоз наволар, фольклор-этнографик жамоалар ижросидаги куй-қўшиқлар, рақслар, унга ҳамоҳанг тарзда ўтмишдаги аждодларимизнинг турмуш тарзи ва ёруғ орзу-умидлари, интилишларини акс эттирган чиқишлар барчани маҳлиё этади.
Баҳор келиши билан ям-яшил тус оладиган Чироқчи адирликлари киши дилига ўзгача сурур бахш этиб, табиат мусаффолигини ўзида акс эттиради. Туман марказидан 17 чақирим шимолда, Ҳайиткўл кенгликларидаги қарийб 100 гектарлик майдонда ташкил этилган Наврўз сайли ҳам инсон ва табиат ўртасидаги боғлиқлик, бир бутунликни ўзида мужассам этган.
Бир томонда “Чироқчи чироқлари” фольклор-этнографик дастасининг чанқовуз нолаларию доира садолари, бахшиларнинг шўх дўмбира наволари, санъаткорларнинг шўх куй-қўшиқлари, дорбозларнинг арқон устида югуриб, моҳирлик, эпчиллик борасида намойиш этган ўйинлари байрам шукуҳини оширади.
Байрам сайиллари воҳамиз бўйлаб давом этмоқда. Наврўз таровати бутун юрт узра қалблардан қалбларга кўчиб юраверади. Юртимизга файзу барака тимсоли бўлиб хуш келдинг, Наврўзи олам!
Н.ХЎЖАЕВ
* * *
Суратларда: дилларга хушнудлик, эзгулик ва завқу шавқ улашаётган Наврўз сайиллари.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.