Меню
Қашқадарё
Навбатдаги жаҳон чемпионати финалини "Метлайф-стэдиум" қабул қилади
Футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатининг финал қарама-қаршилиги Американинг Нью-Жерси штатидаги Ист-Ратерфорд шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда "Новости" агентлиги маълум қилган.
Кубок учун ўйин 19 июль куни "Метлайф-стэдиум"да ташкил қилинади. Унга 82 минг 500 томошабин келиши мумкин - арена айнан шунча мухлисни ўзида сиғдира олади. Мусобақанинг учинчи ўрни учун баҳс Майамидаги 64 минг 767 нафар ишқибозга мўлжалланган "Хард Рок Стэдиум"да бўлиб ўтади.
Мундиални Мексика термаси иштирокидаги ўйин очиб беради. Жамоа очилиш ўйинини 11 июнда пойтахт Мехикодаги 87 минг 523 мухлис сиғимига эга "Ацтека" стадионида ўтказади. Турнир мезбонининг рақиби эса кейинроқ аниқ бўлади.
Футбол бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатини учта давлат - Мексика, АҚШ ва Канада ўзида қабул қилади. Мексика бундай халқаро турнирни учинчи марта ўз ҳудудида ўтказади, бунгача мусобақага 1970 ва 1986 йилларда мезбонлик қилган. Канада учун 2026 йилги жаҳон чемпионати дастлабкиси бўлади, ўйинлар Ванкувер ва Торонтода бўлиб ўтади.
Ушбу мундиал финал босқичида илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади. Турнир доирасида жами 104 та баҳс ўтказилади.