Меню
Қашқадарё
НАВҚИРОН СЎЗ СИНОАТИ
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ўтган йил "Митти юлдуз жилолари" ёхуд Абдулла Орипов издошлари ҳузурида" лойиҳаси билан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг грантига сазовор бўлганди. Мазкур баёз мана шу грант маблағлари асосида чоп этилди.
- Китобга ижод намуналари киритилган Бобур Элмурод, Самариддин Сайидзод, Баҳодир Баҳром, Мадина Норчаева, Жонтемир Тоштемиров, Суҳроб Зиё, Нуриддин Расулов, Мансур Жумаев, Жонибек Алижонов, Азизбек Норов, Байрам Али, Жавлон Жовлиев сингари ёш шоир ва ёзувчилар ўзига хос услуб ва маҳорати билан ажралиб туради, - дейди филология фанлари доктори, профессор Бойназар Йўлдошев. - Улар ўзбек адабиётига воҳамиз адабий муҳитига хос бадиий нафасни ва навқирон сўз синоатини олиб киришаяпти, дейиш учун асосларимиз етарли.
- Баёз муаллифлари бўлимимиз қошидаги "Ёш ижодкорлар" клубининг фаол аъзолари ҳисобланади, - дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўроз Ҳайдар. - Грант лойиҳаси асосида бошқа бир қатор тадбирлар ҳам амалга оширилаяпти. Хусусан, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат қошида "Митти юлдуз" ёш ижодкорлар клуби ташкил этилиб, унда уюшма аъзоларининг машғулотлари ташкил этилмоқда. Клуб аъзоларидан 30 нафарининг ижод намуналари навбатдаги баёзимиз - "Митти юлдуз" жилолари"га жамланмоқда.
Уюшма вилоят бўлимида ташкил этилган "Ёшлик илҳомлари" баёзи тақдимоти ҳақиқий адабиёт байрамига айланди. Унда уюшманинг воҳамиздаги аъзолари, баёз муаллифларидан бир гуруҳи, адабиётшунос олимлар, ОАВ вакиллари ҳамда адабиёт ихлосмандлари жам бўлишди. Баёзга кирган шеър ва ҳикоялар ҳақидаги илиқ фикрлар айтилди. Шунингдек, камчиликлар таҳлил қилинди. Мушоира ва адабий гурунглар бир пиёла чой устида давом этди.
Нуриддин ЭГАМОВ