Меню

Қашқадарё

18.10.2016 2485

НАСЛДОР ЧОРВА МАҲСУЛДОРЛИКНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Таъкидлаш жоиз, қорамолчиликда шуҳрат қозонган Германия, Украина, Голландия, Польша, Австрия каби мамлакатлардан вилоятимизга наслли молларни келтириш 2007 йилдан бошланган. Маълумотларга кўра, айни вақтга қадар четдан қарийб 6 минг бошга яқин симментал, голштин, қора ола, қизил чўл, швиц зотли қорамоллар импорт қилинган. Хўш, вилоятимиз иқлим шароитида бундай зотли молларни боқиш бугун қай  даражада ўзини оқлади? Бу борада кутилган натижаларга эришилдими?

- Аввало бу ҳудудда наслли моллар парваришига ихтисослашган янги субъектлар ташкил топиши, ўтган давр мобайнида улар томонидан етарли тажриба тўпланишига замин ҳозирлади, - дейди вилоят наслчилик инспекцияси мутахассиси Ориф Ғафуров. - Қолаверса, бизнинг шароитга мос наслли молларни урчитиш борасида ҳам силжиш кўзга ташланмоқда. Ҳозирги пайтда вилоятимизда зотдор молларни кўпайтириш билан шуғулланаётган наслчилик хўжаликлари сони 20 дан ошиб кетди. Сигирлардан бузоқ олиш самарадорлиги қарийб 80 фоизни ташкил этаяпти. Албатта, бу яхши натижа. Ҳозиргача олинган наслли бузоқлар бош сони 20 мингга яқинлашди. Анча вақтдан буён наслчилик субъектлари томонидан боқилган молларни аукцион орқали фермер хўжаликлари ва аҳолига сотиш йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатида кимошди савдосида сотилган наслли моллар бош сони 476 тани ташкил этди.

Шаҳрисабз туманидаги “Ал Комил Кеш” фермер хўжалиги ҳам наслчиликка ихтисослашган субъектлардан бири саналади. Хўжалик томонидан 2013 йилда Украинадан қизил чўл зотли 66 бош сигир ва 2 бош буқа келтирилиши натижасида янги тармоқ йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун қарийб 480 миллион сўм маблағ сарф этилди.

- Айни вақтга келиб чорва бош сонини 200 дан оширишга муваффақ бўлдик, - дейди фермер Исомиддин Саломов. – Молларни сунъий уруғлантириш асосида кўпайтираяпмиз. Ҳозир 80 бош соғин сигиримиз бор. Уларнинг ҳар биридан кунига ўртача 20-30 литрдан сут соғиб олаяпмиз. Келтирилган сигирларнинг шу ерда туғилган болалари ҳам бузоқ бермоқда. Бузоқларни алоҳида парваришлаяпмиз. Бир ёшга тўлганларини сотамиз. Келгусида сигирларни кўпайтириб, соғиб олинадиган сут ҳажмини оширмоқчимиз. Хориждан замонавий ускуна олиб келиб, хомашёни ўзимизда қайта ишлашни йўлга қўйиш ниятидамиз.

Қайд этиш жоиз, жорий йилда вилоятимизда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Хусусан, унда қорамолчилик йўналишида 400 га яқин лойиҳани рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Бунинг учун 61 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Тегишли лойиҳалар асосида ҳозирга қадар 6831 бош қорамол сотиб олинди, жумладан, хориждан 547 бош наслли мол келтирилди. Шунингдек, 1000 (“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ қошида 400, Қамаши туманида “Қамаши истиқлол агро” МЧЖда 300 ҳамда “Агровосток” МЧЖда 300) бошга мўлжалланган 3 та қорамолчилик комплекси ташкил қилинди. Ушбу иншоотлар зарур талаблар асосида қурилиб, жиҳозлангани эътиборга моликдир. Биргина “Қамаши истиқлол агро” МЧЖни мисол қилиб оладиган бўлсак, бу ерда сут соғиб олиш автоматлаштирилган ҳолда бажарилади. Бир вақтнинг ўзида 12 бош сигирни сифатли соғиб олиш имконини берувчи замонавий аппаратлар ўрнатилган.

Статистика маълумотларига кўра, 2015 йилда вилоятимиздаги барча тоифадаги хўжаликларда 183309 тонна гўшт, 716818 тонна сут етиштирилган. Тегишли лойиҳаларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши ушбу кўрсаткичларни янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Суратларда: “Ал Комил Кеш” фермер хўжалиги фаолиятидан лавҳалар.

Сурат муаллифи Собир Нарзиев

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!