Меню
Қашқадарё
НАСЛ ЯХШИЛАНИБ, СОН ОРТМОҚДА
Муборак туманидаги “Муборак қоракўлчилик-наслчилик ширкат хўжалиги” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти ҳам қоракўлчиликка ихтисослашган. Айни пайтда жамиятда 50 мингдан зиёд қўй боқилмоқда. Улар 97 та сурувга ажратилиб, шунча чўпонга бириктирилган. Сурувнинг ҳолати, маҳсулдорлиги улар зиммасида.
- Чўпонлик менга отакасб, - дейди чўпонлардан бири Чори Норбоев. – Жамиятимиз наслчиликка ихтисослашгани боис, ҳар бир қўйнинг соғлом бўлиши, улардан тўлиқ соғлом қўзи олиш фаолиятимиздаги энг устувор жиҳат саналади. Чунки олинган қўзини ўстириб, бошқа хўжаликларга етказиб берамиз. Ихтиёримда мингга яқин қўй бор. Ўтган йили 820 бош она совлиқдан бошга-бош соғлом, наслли қўзи олдик. Бу йил маҳсулдорликни янада оширишни мўлжаллаб турибмиз. Яйловимиз кенг, қишлов учун ҳам жамиятимиз томонидан етарли озуқа захираси яратилди, барча шарт-шароитлар ҳозирланмоқда.
Биламизки, қоракўл қўй зоти юртимизда яратилган. Тарихий маълумотларга кўра, у саккизинчи асрда маҳаллий қўйларни араб қўйлари билан чатиштириш натижасида юзага келган. Бу зот, асосан, Бухоронинг Қоракўл ҳудудида боқилгани туфайли илмий тилимизга “қоракўл” атамаси билан кирган.
Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, аслида ушбу қўй зоти бизда кўпайтирилганига қарамай, сўнгги йилларда мамлакатимиз қоракўл тери етиштирувчи давлатлар ўртасидаги рейтингда анча ортда эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 мартдаги “Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борада ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, қоракўл етиштирувчи ва хом ашёни қайта ишловчи, экспортга чиқарувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчиликни ривожлантириш, соҳага илмий фаолиятни кенг жорий этишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этди. Қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар ва қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари белгиланган тартибда солиқ ва божхона имтиёзларига эга бўлди.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур қарори соҳани тубдан ривожлантиришга, мамлакатимизни қоракўл тери ва жун етиштирувчи етакчи давлатлар қаторига олиб чиқишга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Шунга монанд, ҳозирда “Муборак қоракўлчилик-наслчилик ширкат хўжалиги” масъулияти чекланган жамиятида ҳам қўйлар бош сонини кўпайтириш, наслдорликни оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратда: жамият чўпони Чори НОРБОЕВ.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.