Меню
Қашқадарё
“НАСАФ” ВАЗИЯТНИ ЎНГЛАШИ МУМКИН
Турнинг марказий учрашуви сифатида қаралаётган ушбу ўйин айниқса “Насаф” учун жуда катта аҳамиятга эга. Боиси, чемпионлик учун курашаётган жамоа ҳозирги пайтда турнир жадвалида 4-ўринни банд этиб турибди. Шунга кўра, бугун “темирйўлчилар” билан бўладиган ўйин кўп нарсага ойдинлик киритиб беради.
Агар “Насаф” ғалаба қозонса, кучли учликка кириш имкониятини яхшилайди. Бунинг учун эса 2 очколик фарқ билан бир поғона юқорида бораётган “Қўқон-1912” жамоаси воҳамизнинг яна бир клуби – “Машъал”га қарши кечадиган баҳсда муваффақиятсизликка учраши лозим. Сўнгги турларда жуда ишончли ўйин намойиш этаётган муборакликлардан Қўқонда ҳам ижобий натижа кутиб қоламиз.
Аксинча, “Насаф” имкониятни бой берадиган бўлса, уни қуйида таъқиб этиб келаётган нақд учта жамоада олдинга ўтиб кетиш имконияти пайдо бўлади. Бу ҳолда “аждарлар” жадвалнинг 7-поғонасига тушиб кетиши мумкин. Шундай экан, турнир жадвалида юқори ўринни сақлаб қолиш масаласи бугун футболчилар намойиш этадиган ўйинга боғлиқ. Ғалаба уларга ҳар қачонгидан зарур.
Ж.ҚИЛИЧЕВ